Малайзия авиакомпанияси Тошкентга мунтазам қатновларини йўлга қўяди
Маълумот учун, Малайзиянинг “Capital A Berhad” гуруҳи Осиёдаги энг йирик ва етакчи кам бюджетли (low-cost) авиакомпания ҳисобланади.
Малайзиянинг “Capital A Berhad” компанияси раиси ва ҳаммуассиси Камарудин Меранун “Air Asia X Berhad” авиакомпанияси жорий йилнинг май ойидан эътиборан Куала-Лумпур – Тошкент – Куала-Лумпур йўналиши бўйича авиачипталар сотувини бошлаш ва сентябрь ойидан ҳафтасига 4 маротаба мунтазам авиақатновларни йўлга қўйиш бўйича режаларини маълум қилди.
У бу ҳақда Ўзбекистоннинг Малайзиядаги элчиси Каромиддин Гадоев билан бўлиб ўтган учрашувда маълум қилган.
Компания раиси ўзининг тармоқ компаниялари ва Ўзбекистон миллий авиаташувчиси – “Uzbekistan Airways” компанияси билан биргаликда республика шаҳарларини Жануби-Шарқий Осиё мамлакатларини Марказий Осиё ҳамда МДҲ давлатлари билан боғлайдиган йирик авиа хабларга айлантириш ниятида эканини билдирди.
“Ўзбекистонга Малайзия ва Индонезиядан мусулмон сайёҳлар оқимини янада ошириш мақсадида гуруҳ қошида фаолият юритаётган “Ikhlas” сайёҳлик компанияси мамлакатингиз туроператорлари билан яқин ҳамкорлик қилишга тайёр. Шунингдек, Ўзбекистонга бўлажак авиапарвозларни йўлга қўйиш бўйича амалий ҳаракатларни бошлаш ҳамда сайёҳлар учун яратилган инфратузилма билан яқиндан танишиш мақсадида компания делегациясининг Ўзбекистонга сафари режалаштирмоқда”, – дейди у.
Маълумот учун, “Capital A Berhad” гуруҳи Осиёдаги энг йирик ва етакчи кам бюджетли (low-cost) авиакомпания ҳисобланади. Авиакомпания парки 200 та самолётдан иборат. Авиация холдинги 6 та (“AirAsia Malaysia”, “AirAsia X”, “AirAsia Thailand”, “AirAsia Indonesia”, “AirAsia Philippines”, “AirAsia Cambodia”) авиакомпанияни бирлаштиради. “AirAsia X” компанияси узоқ масофали рейсларни амалга оширади. Холдинг Куала-Лумпур, Бангкок, Жакарта, Манила, Пномпень аэропортларидан хаб сифатида фойдаланади. Ҳозирги кунда авиагуруҳнинг маршрут тармоғи 160 дан ортиқ йўналишдан иборат. Улар Осиё ва Океаниядаги йирик аэропортларни қамраб олади.
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0