Марҳум шифокорга 461 млн сўм таътил пули чиқди
Касаба уюшмаси узоқ йиллар меҳнат қилиб, фойдаланилмаган таътиллари учун ҳақ ололмай вафот этган шифокорнинг оиласига суд орқали 461 миллион сўм компенсация ундириб берди.
Жиззах вилояти Ғаллаорол тумани тиббиёт бирлашмаси туғуруқхона акушер-гинекологи Исомуҳаммад Дониёров билан ҳам шундай бўлди. У навбатдаги жарроҳлик амалиётини ўтказдию, юрак хуружидан вафот этди. Маълум бўлишича, у асосий вақтини шифохонада ўтказган, меҳнат таътилига ёлчитиб чиқмаган. Врач вазиятини раҳбарлар топшириғи, шифокорлар етишмаслиги, кимнингдир тақдири жарроҳлик амалиётига боғлиқ бўлиб турганида иш жойини ташлаб кетолмаслиги билан изоҳлаган.
Оила ота вафотидан сўнг туман тиббиёт бирлашмаси Исомуҳаммад Дониёров чиқмаган меҳнат таътиллари учун ҳақ тўлашига ишонганди. Аммо ундай бўлиб чиқмади. Мазкур жиҳат марҳум шифокорнинг ўғли Фарҳод Турғуновни Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Жиззах вилояти Кенгашига ариза ёзмоққа ундади.
Ўз навбатида, кенгаш Исомуҳаммад Дониёров 1993-2018 йиллар оралиғида фойдаланмаган 13 йиллик меҳнат таътили учун компенсация ажратиш юзасидан туман тиббиёт бирлашмасига тақдимнома киритди. Аммо масъуллар мурожаатни эътиборсиз қолдиришди. Натижада фуқаролик ишлари бўйича Ғаллаорол туманлараро судига даъво аризаси йўлланди.
Аммо суд фойдаланилмаган меҳнат таътили ҳамда етказилган маънавий зарар учун компенсация ундиришга оид талабимизни қондирмади. Шу боис фуқаролик ишлари бўйича вилоят судига даъво аризаси киритилди. Бироқ мазкур инстанцияда ҳам кутилган натижага эришилмади.
Пировардида, республика Олий судига даъво аризаси жўнатишимизга тўғри келди. Ўз навбатида, суд Исомуҳаммад Дониёровнинг оила аъзоларига марҳум тириклигида фойдаланмаган меҳнат таътиллари учун 131 миллион 586 минг сўм ҳамда ушбу тўловнинг кечиктирилгани учун 330 миллион 123 минг сўм, жами 461 миллион 709 минг сўм миқдорида компенсация ажратиш тўғрисида ажрим чиқарди. Бугунга келиб, туман тиббиёт бирлашмасидан тўлов тўлиқ ундирилган.
Шерзод Шербеков,
Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари
касаба уюшмасининг Жиззах вилояти Кенгаши
меҳнат-ҳуқуқ инспектори




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0