Иш ва таълимни бирга олиб бориш: ходимлар учун қандай кафолатлар бор?
Ҳозирги кунда ходимларнинг касбий ривожланиши, ўз малака ва кўникмаларини мунтазам ошириб бориши замон талабига айланиб бормоқда. Шу сабабли турли соҳаларда фаолият юритаётган ходимлар учун билимларини ошириш, ўқув курсларида қатнашиш, таълим ташкилотларида таҳсил олиш ва малака ошириш заруратга айланмоқда.
Хўш, меҳнат қонунчилигида таълим олаётган ходимлар учун қандай кафолатлар мавжуд? Ушбу масала юзасидан Адолат миллий ҳуқуқий ахборот маркази масъул ходими Улуғбек Уролов билан суҳбатлашдик.
— Ассалому алайкум, қонунчиликка кўра ишдан ажралмаган ҳолда ходим ҳам ишлаб, ҳам таълим ташкилотларида ўқиши мумкинми?
— Ҳа, албатта. Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 383-моддасига биноан ташкилотда ишлаётган ходим ишлаб туриб ҳам таълим олиши мумкин. Бунда иш берувчи таълим ташкилотларида ўқитилаётган, қайта тайёрлашдан ёки малака оширишдан ўтаётган, шунингдек ишлаб чиқариш таълимини ўтаётган ходимларга иш ва ўқишни бирга олиб бориши учун барча зарур шарт-шароитларни яратиб бериши шарт.
— Ходимнинг иш ҳақи таълим олиш давомида сақланадими?
— Ҳа, сақланади. Меҳнат кодексининг 383-моддасига кўра, меҳнат шартномаси асосида ишдан ажралмаган ҳолда таълим олаётган ходимларнинг ўртача иш ҳақи сақланади. Бу икки хил кўринишда амалга оширилади.
Биринчи ҳолатда иш берувчи томонидан ходимга ўртача иш ҳақи сақланган ҳолда ўқув таътиллари берилади. Бу вақтда ходим ишламайди, аммо унинг иш жойи ва ўртача иш ҳақи сақланиб қолади.
Иккинчи ҳолатда эса иш берувчи томонидан таълим олаётган ходим учун ҳафталик иш вақти қисқартирилади ва ўртача иш ҳақи сақланади.
— Ходим ишга янги қабул қилинган бўлса, унга ўқув таътили бериладими?
— Ҳа, ишга янги қабул қилинган ходимлар ҳам ўқув таътилидан фойдаланиш ҳуқуқига эга. Меҳнат кодексининг 383-моддасига мувофиқ, агар ходим бакалавриат талабалари учун давлат аттестацияси ва битирув малака ишини ҳимоя қилиш, магистратура талабалари учун эса магистрлик диссертациясини ҳимоя қилиш вақтига ўз йиллик меҳнат таътилини мослаштирмоқчи бўлса, иш берувчи унинг хоҳишига биноан бу таътилни олти ойлик иш стажи тўлгунга қадар белгилаши шарт.
Шунингдек, ишни ўқиш билан бирга олиб бораётган ходимларга навбатдаги меҳнат таътиллари улар ўқув таътилларидан фойдаланганидан қатъи назар берилади.
— Кечки ёки сиртқи таълим шакли бўйича таҳсил олаётган ходимлар учун ҳам имтиёзлар қўлланиладими?
— Ҳа. Таълим ташкилотларида кечки ёки сиртқи шаклда ўқиётган ходимлар ҳам кундузги таълим шаклида таҳсил олаётганлар билан тенг ҳуқуқ ва имтиёзларга эга ҳисобланади. Бироқ улар учун ўқув таътиллари қуйидаги муддатларда берилади:
• биринчи ва иккинчи курсларда кечки таълим шаклида ўқиётганлар учун олий таълим ташкилотларида — камида йигирма календар кун, ўрта профессионал ва ўрта махсус профессионал таълим ташкилотларида — камида ўн календар кун, сиртқи таълим шакли бўйича эса — камида ўттиз календар кун;
• учинчи ва ундан юқори курсларда кечки таълим шаклида ўқиётганлар учун олий таълим ташкилотларида — камида ўттиз календар кун, ўрта профессионал ва ўрта махсус профессионал таълим ташкилотларида — камида йигирма календар кун, сиртқи таълим шакли бўйича эса — камида қирқ календар кун муддатга ҳар йили берилади.
Ташкилотларда ўқув таътилларининг давомийлиги ички ҳужжатлар асосида узайтирилиши ҳам мумкин. Шунингдек, олий таълим ташкилотларига кириш имтиҳонларида иштирок этишга рухсат берилган ходимларга кириш имтиҳонларини топшириш учун камида ўн беш календар кун муддатга иш ҳақи сақланмаган ҳолда таътил берилади. Таълим ташкилоти жойлашган ҳудудга бориш ва қайтиш вақти мазкур муддатга киритилмайди.
— Ижодий таътил нима?
— Ижодий таътил — меҳнат ёки педагогик фаолиятни илмий иш билан бирга олиб бораётган шахсларга бериладиган, ўртача иш ҳақи ва лавозими сақланган ҳолда тақдим этиладиган махсус таътил ҳисобланади.
Ушбу таътил:
- фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини олиш учун диссертацияни якунлаш, шунингдек дарсликлар ва ўқув-услубий қўлланмалар қўлёзмаларини тайёрлаш учун — уч ойгача;
- фан доктори (DSc) илмий даражасини олиш учун докторлик диссертациясини якунлаш мақсадида — олти ойгача муддатга берилади.
— Ижодий таътилдан қайтган ходим дарҳол навбатдаги йиллик меҳнат таътилига чиқиши мумкинми?
— Ҳа, мумкин. Меҳнат кодексининг 387-моддасига кўра, илмий даража олишга даъвогарларга ҳамда дарслик ва ўқув-услубий қўлланма муаллифларига навбатдаги йиллик меҳнат таътили ижодий таътилдан фойдаланганлигидан қатъи назар берилади.
Йиллик меҳнат таътили — ходимнинг дам олиши ва меҳнат қобилиятини тиклаши учун ҳар йили бериладиган таътил ҳисобланади. Шу боис ижодий таътилдан фойдаланган ходим йиллик меҳнат таътили олиш ҳуқуқини йўқотмайди. Шунингдек, аввал йиллик таътилдан фойдаланган ходим ҳам кейинчалик ижодий таътил олиш ҳуқуқидан маҳрум этилмайди.
Ижодий таътилларни бериш ходимнинг меҳнат стажига, бажараётган ишининг хусусиятига ёки иш берувчининг ташкилий-ҳуқуқий шаклига боғлиқ эмас.
— Ходим ижодий таътилда бўлган вақти иш стажига қўшиладими?
— Ҳа, қўшилади. Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 14 ноябрдаги 758-сон қарори билан тасдиқланган “Ижодий таътиллар бериш тартиби тўғрисидаги низом”га мувофиқ, ходим ижодий таътилда бўлган вақт иш стажига киритилади.
Шунингдек, жамоа шартномасида назарда тутилган ҳолларда ходим ижодий таътилда бўлган даврда хизмат турар жойидан фойдаланиши ёки уй-жой ижараси билан боғлиқ харажатлар иш берувчи томонидан қоплаб берилиши мумкин.
Феруза Раҳимова,
Ishonch.uz




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0