Мажбурият юклашдан олдин, имконият яратиш зарур
Ижтимоий тармоқларни кузатаркансан, ЙТҲ билан боғлиқ хабарларга тез-тез дуч келаверасан. Айниқса, қайсидир аварияда вояга етмаган шахслар, яъни болалар ҳалок бўлгани ҳақида эшитганингда чуқур изтиробга тушасан, куюнасан. Бундан ортиқ чоранг йўқлигидан ўкинасан...
Ўтган ҳафтада Олий Мажлис Сенатининг Мудофаа ва хавфсизлик қўмитаси эълон қилган ҳисобот ҳам одамнии қаттиқ хавотирга солади. Сўзсиз сўзлаётган рақамлардан келиб чиқадиган хулоса эса ижобий эмас. Шунчаки, ўйга толасан... Асосий айбдор ким ёки нима? Ҳайдовчиларми ёки талабга жавоб бермайдиган йўллар?
Маълумотларга кўра, 2024 йилда 9 мингдан ортиқ ЙТҲ оқибатида 2 минг 203 киши ҳалок бўлибди. 8 901 инсон тан жароҳати олибди.
2 203 минг нафар инсон… Айтишга осон, оғизнинг бир четидан чиқиб кетадиган гап, тўғрими? Аммо бунинг ортида миллионлаб тақдирлар… Ҳалок бўлганларнинг ўша ондаги оғриқлари, уларнинг ортида қолган яқинларининг тортаётган ғам-аламларини сўз билан таърифлаб бўларканми?
Парадокс ҳолат шундаки, мазкур муаммо кўпдан буён гапириб келиняпти. Чора-тадбирлар ишлаб чиқиляпти? Қоидабузарликларни аниқлаш ва уларнинг олдини олиш мақсадида видеокузатув мосламалари ўрнатиляпти.
Хусусан, бундан бир неча йил илгари маҳаллий йўллар, магистрал трассалар, хуллас, қаердаки автоулов ҳаракатланса, ўша жойга камералар ўрнатилган, масъуллар ЙТҲларнинг олдини олишда радарларнинг аҳамияти жуда катта деган эди. Гўёки мақсад яхши эди. Лекин бу ўзини оқламаганини қуйидаги статистика исботлаб турибди, бизнингча:
2022 йилнинг январь-октябрь ойларида юз берган 7 636 та йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида 1 931 киши ҳалок бўлган. Шундан 226 нафари болалар ҳиссасига тўғри келган. 2023 йилда республика йўлларида 9 839 та йўл-транспорт ҳодисаси содир этилиб, уларда 2 282 фуқаро ҳалок бўлган. Вафот этганларнинг 263 нафари болалар…
Кўриниб турибдики, йўллардаги фалокат ва ҳалокатлар йилдан йилга ортса-ортганки, деярли камаймаган. Демак, марказий йўл ёқаларига қўйилган радарлар автоҳалокатларнинг олдини олиш учун эмас, аксинча, кўпроқ жарима ундириш учун қўйилган бўлиб чиқяпти, назаримизда.
Ўтган йиллардаги аварияларнинг сабаблари таҳлил қилинганда йўлларнинг талабга жавоб бермаслиги асосий омил сифатида кўрсатилганди.
Мана, масалан, 2023 йилда содир этилган ЙТҲларнинг 57 фоизи йўл инфратузилмасидаги камчиликлар, 43 фоизи ҳайдовчиларнинг йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилмаслиги оқибати экан.
Президент Шавкат Мирзиёев ҳам 2023 йилнинг ноябрь ойида бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида ҳаракат хавфсизлиги билан боғлиқ вазият аянчли аҳволда эканини айтиб, тегишли раҳбарлар бунга лоқайд бўлиб ўтирганини жиддий танқид қилган эди.
– Ёшлар ўляпти, 4000, 4200 одам авариядан ўляпти. Бекордан бекор. Сен ҳам, транспорт вазири бўла туриб, шунга бефарқ бўлмасдан, Президент қабул қилган қарорини, светофорларни жой-жойига қўйишга масъулмисан, йўқми? Нимага одамлар ўлиши керак чорраҳалар тўғриланмагани учун? – дея савол қўйганди Президент транспорт вазирига.
Ўша йиғилишда мутасаддиларга жамоат транспортини ривожлантириш, светофорлар ва йўл чизиқларини ўрнатиш, тирбандликнинг олдини олиш, пойтахт кўчалари ва ҳудудлардаги йўлларни тартибга солиш бўйича қатъий чоралар кўриш топширилган эди. 2024 йил бу борада жиддий ўзгаришлар йили бўлиши кераклиини тайинлаганди.
2024 йил ҳам якунланди. Хўш, нима ўзгарди? Белгиланган вазифа ва топшириқлар қай даражада бажарилди?
Афсуски, 2024 йилда 9 мингдан ортиқ ЙТҲ юз бергани, бунинг оқибатида 2 минг 203 киши ҳалок бўлганини инобатга олсак, соҳада деярли ҳеч нарса ўзгармаган. Фақат бу сафар аварияларга асосий сабаб қилиб, ҳайдовчиларнинг билимсизлиги ва қоидаларнинг менсимаслиги кўрсатилибди.
Агар ЙТҲларга фақат ҳайдовчилар айбдор бўлса, ўтган йилларда қайд этилган, катта минбарлардан туриб, тан олинган йўллардаги муаммо ва камчиликлар бартараф этиб бўлиндими? Борди-ю шундай бўлса, нима учун мутасаддилар қилинган ишлар, давлат раҳбарининг топшириқлари ижроси ҳақида ҳисобот бермади? Ахир, қаерда қандай ўзгаришлар бўлганини биз ҳам билайлик!
Ҳозирча бир пиёда, ҳайдовчи, йўловчи, фуқаро сифатида автобусларда нақд пул айланмасидан воз кечилганини инобатга олмаганда, бошқа бирон-бир ўзгаришни сезмадик. Кўчалар ҳали-ҳануз тирбанд ва тартибсиз. Ўнқир-чўнқир, бетартиб йўллар, светофор ўрнатилмаган, тартибга солинмаган пиёдалар ўтиш жойлари етарлича топилади. Ривожланган ва ривожланаётган хорижий давлатларда эса бир полосадан ортиқ ҳар қандай йўлнинг пиёдалар ўтиш қисми бор жойига светофор ўрнатилар экан. Фақат бир полосали йўлларга махсус (пиёдалар ўтиш жойи) белги қўйиларкан. Бизда эса кўп полосали йўллар у ёқда турсин, лоақал бир полосали йўлдан ўтиш ҳам осон иш эмас. Хуллас, муаммо ўша-ўша – эски ҳаммом – эски тослигича қолмоқда.
Эндиликда мазкур муаммони жавобгарликни кучайтириш орқали бартарф этиш кўзда тутилмоқда. Яъни 2025 йил 24 январда бўлиб ўтган Сенатнинг учинчи ялпи мажлисида «Йўл ҳаракати хавфсизлиги тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодексларига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳақида»ги қонун ҳам кўриб чиқилди. Унда йўл ҳаракати қоидаларига риоя этмасликнинг олдини олишга хизмат қилувчи янги нормалар ўрин олган.
Жумладан, Жиноят кодексига тегишли ўзгартиришлар киритиш орқали транспорт воситасини такроран маст ҳолда бошқарганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланмоқда.
Бундан ташқари, Жиноят кодексида автомототранспорт воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, шунингдек, имтиҳон ўтказиш ва ҳайдовчилик гувоҳномасини бериш тартибини бузганлик, машина бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этилган шахснинг қайта рулга ўтиргани учун жиноий жавобгарлик, шунингдек, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда транспортда безорилик, яъни айрим ҳайдовчилар томонидан бошқариш маданиятига риоя қилмай, автоуловни кескин бошқариш ва бошқа ҳаракатларда ифодаланган «агрессив бошқариш», «дрифт», «шахмат» шаклида ҳаракатланиш, йўлларда тўсиқларни пайдо қилиш каби қоидабузарликлар учун маъмурий жавобгарлик белгиланмоқда.
Йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун жарима баллари ҳисобланадиган ва маъмурий жазо қўллаш каби жавобгарлик, қодабузарлик белгиланган миқдордан ошган тақдирда маълум муддатга ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум қилиш каби нормалар назарда тутилмоқда.
Албатта, амалиётга татбиқ этилаётган юқоридаги қоидаларни тўлиқ қўллаб-қувватлаймиз. Зеро, қонунга бўйсунмайдиган ҳайдовчиларни қатъий ва аёвсиз жазолаш керак, токи бу бошқаларга сабоқ бўлсин. Бироқ, йўллар, тартибга солувчи белги-ишоралар ҳам шунга яраша, яъни талабга жавоб бериши керак-да. Гапнинг индаллоси, ҳайдовчиларга мажбурият юклашдан аввал, имконият яратиш, сифатсиз йўлларни тузатиш, светофорлар ўрнатиш ва эскиларини янгилаш, инфраструктурани замон талаблари ҳамда стандартларга мослаш зарур. Жазоловчи эмас, тартибга чақирувчи чоралар қўллаш жоиз. Акс ҳолда, йўллардаги фалокат ва ҳалокатлар камаймайди. Жарималар аввалгидек кимларнингдир бойишига хизмат қилади, холос.
Ғуломжон МИРАҲМЕДОВ
Ishonch.uz
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0