+23C

+23C

  • O'z
  • Ўз
Ўзбекистон
  • Сиёсат
  • Спорт
  • Жамият
  • Иқтисод
Хориж
  • Иқтисод
  • Сиёсат
Интервью
  • Маданият ва маърифат
Кутубхона
  • Адабиёт
  • Илмий ишлар
  • Мақолалар
  • Касаба фаоллари учун қўлланмалар
Бошқалар
  • Суратлар сўзлаганда...
  • Колумнистлар
  • Архив
  • Ўзбекистон журналистлари
  • O'z
  • Ўз

Telefon raqamingizni kiritng

Tasdiqlash kodini SMS orqali yuboramiz

Кириш

«Миллат шавкати» АҚШда: китоб тақдимоти катта мулоқот майдонига айланди

Таниқли давлат арбоби, сиёсатшунос, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Қудратилла Рафиқовнинг «Миллат шавкати» китоби тақдимоти АҚШнинг Филаделфия ва Нью-Йорк шаҳарларида бўлиб ўтди. Китоб тақдимоти оддий адабий-маърифий тадбир доирасидан чиқиб, Ўзбекистоннинг бугунги тараққиёти, мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлар, хорижда яшаётган ватандошлар ҳаёти ва уларнинг ватан билан алоқалари ҳақидаги мазмунли мулоқотга айланди.
33 17:43 | 21.08.2026 17:43

Филаделфия шаҳрида ўтказилган тадбирда Ўзбекистон Республикасининг АҚШдаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Фурқат Сиддиқов, Ўзбекистоннинг Нью-Йорк шаҳридаги Бош консули Жамил Шарапов, Олий Мажлис Сенати аъзолари Абдусаид Кўчимов ва Ҳусан Эрматов, шунингдек, АҚШда истиқомат қилаётган ўзбекистонликлар, жамоат ташкилотлари вакиллари, талаба-ёшлар ҳамда фаоллар иштирок этди.Тадбирда сўзга чиққан Олий Мажлис Сенати аъзоси Абдусаид Кўчимов бугунги Ўзбекистонда кечаётган жараёнлар нафақат мамлакатимиз, балки бутун Марказий Осиё ҳаётида муҳим аҳамият касб этаётганини таъкидлади.



— Бугун Ўзбекистоннинг ҳар бир кунини тарихда қоладиган кун сифатида эътироф этиш мумкин. Биз узоқ йиллар давомида ўзлигимиздан маҳкумликда яшадик. Бугун эса Марказий Осиё давлатлари муштарак мақсад ва эзгу ниятлар асосида биргаликда илгариламоқда. Бу жараёнда мамлакатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг ўрни ниҳоятда катта, — деди у.


Дарҳақиқат, бугун Америкада яшаётган ўзбекистонликларнинг ҳаёти, дунёқараши ва ватан билан муносабатида сезиларли ўзгаришлар кузатилмоқда. Илгари хориждаги ҳаёт ҳақида гап кетганда кўпроқ шахсий фаровонлик ва тирикчилик масалалари тилга олинган бўлса, бугун вазият анча ўзгарган. Ватандошларимиз орасида илм-фан, тиббиёт, тадбиркорлик, ишлаб чиқариш, таълим ва жамоат ишларида катта ютуқларга эришаётганлар сафининг кенгайиши бунинг яққол далилидир.



Сенатор Ҳусан Эрматов бу ҳолатни Филаделфия мисолида янада аниқроқ ифодалади.
Масалан, битта Филаделфиянинг ўзида ўнлаб тадбиркорларимиз ўз ишларини юритяпти. Кимдир дўкон очяпти, кимдир ишлаб чиқариш билан шуғулланяпти. Энг муҳими, уларнинг Ўзбекистонга оид таклиф ва ғоялари бор. «Президентимиз келса, мана шундай ғояларимиз бор», дейишмоқда. Ҳатто Самарқанд вилоятининг ўзига дахлдор, қиймати тўрт миллиардлик лойиҳа тайёрлаб қўйишган. Гап фақат лойиҳанинг неча миллиард долларлик эканида эмас. Энг муҳими, уларнинг дунёқараши, тафаккури ўзгарганида. «Миллат шавкати» китобидаги «Орзуларим бор» мақоласини ўқир экансиз, унда Президентимизнинг қалбидаги орзу-истаклари, юрт ва миллат тақдири ҳақидаги эзгу ниятлари намоён бўлади. Биз ана шу орзу ва ғояларни бу ерда одамларнинг қалбида, дунёқарашида, фикрларида кўряпмиз. Бу жуда муҳим. Бугун бу ерда ёш йигит-қизларимиз ўқияпти, кимдир магистр бўляпти, кимдир илмий тадқиқот олиб боряпти. Оддийгина ватондошимиз Озодбек Солиевнинг фарзанди тиббиёт соҳасида фан доктори бўлди. Бунинг учун Озодбек умрининг ярмини берди. Энди унинг мақсади фақат пул топиш эмас. У шу ерда миллатимизнинг борлигини, салоҳиятини кўрсатяпти.


Асарда Ўзбекистонда сўнгги ўн йилда амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар мазмун-моҳияти, уларнинг жамият ҳаётига таъсири ва инсон тақдиридаги ўрни таҳлил қилинган. Янгиланиш жараёнлари фақат иқтисодий ёки сиёсий ўзгаришлар сифатида эмас, балки халқ тафаккури, ижтимоий онг ва инсонларнинг ҳаётга муносабатидаги ўзгаришлар нуқтаи назаридан ҳам ёритилган.



Учрашув давомида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг халқаро майдондаги нуфузи ва мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларга нисбатан дунё ҳамжамиятининг қизиқиши ортиб бораётгани ҳам алоҳида таъкидланди. Дарҳақиқат, сўнгги йилларда Ўзбекистоннинг очиқ ва прагматик ташқи сиёсати, давлатлараро муносабатларни янги босқичга олиб чиқишга қаратилган ташаббуслари мамлакатимизнинг халқаро майдондаги ўрнини мустаҳкамламоқда. Бу жараёнда Ўзбекистон Президентининг хорижий давлат раҳбарлари, сиёсатчилар ва жамоат арбоблари билан мулоқотлари ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда.Бироқ бу жараённи тўлиқ англаш учун ҳали кўплаб тадқиқотлар, таҳлилий ишлар ва илмий-ижодий асарлар зарур. Президент фаолияти, Янги Ўзбекистондаги ислоҳотларнинг моҳияти ва уларнинг инсон ҳаётидаги натижаларини холис ва теран ёритиш ёзувчилар, журналистлар, сиёсатшунослар ва тадқиқотчилар олдида турган муҳим вазифалардан биридир. Қудратилла Рафиқовнинг асарлари ана шу йўналишдаги дастлабки муҳим қадамлардан бири сифатида эътиборга лойиқ. «Миллат шавкати»нинг АҚШдаги тақдимотларида энг кўп тилга олинган мавзулардан бири, шубҳасиз, ватан туйғуси бўлди.Америкада яшаётган ўзбекистонликларнинг ҳаётига назар ташласак, уларнинг ватан билан алоқаси фақат оилавий ёки бошқа ришталар билан чекланиб қолмаганини кўрамиз. Кимдир тадбиркорлик орқали Ўзбекистонга инвестиция киритишни режалаштирмоқда. Кимдир илмий ютуқлари билан миллат салоҳиятини намоён этмоқда. Кимдир ёшлар, таълим, маданият ва жамоат ишлари орқали ўз ҳиссасини қўшмоқда.


Шу жиҳатдан қараганда, «Миллат шавкати»нинг АҚШдаги тақдимоти китоб саҳифаларидаги ғояларни Америкада яшаётган ватандошлар ҳаёти билан уйғунлаштирган ўзига хос мулоқот майдонига айланди.



Учрашувда, шунингдек, АҚШда узоқ йиллардан буён яшаб, турли жамоат ташкилотлари орқали ўзбекистонликларга кўмак бериб келаётган фаол ватандошларнинг меҳнати ҳам эътироф этилди. Бир қатор нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари ва жамоат фаоллари ўзбекистонлик меҳмонлар томонидан тақдирланди.



Шу маънода, «Миллат шавкати» китобининг Филаделфия ва Нью-Йоркдаги тақдимотлари нафақат бир асарнинг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказиш, балки Ўзбекистоннинг бугунги тараққиёт йўли, мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва хориждаги ватандошлар билан маънавий-ижтимоий алоқаларни янада мустаҳкамлаш нуқтаи назаридан ҳам муҳим воқеа бўлди.



Феруза Раҳимова,


Қувонч Тўраев (фото)


ishonch.uz



Изоҳ қолдириш
Жўнатиш
Mақолага баҳо беринг
0/5

0

0

0

0

0

Mақолага баҳо беринг
0/5

0

0

0

0

0

Мавзуга оид