Миллатнинг Нодир Жавоҳирлари
Ҳамюртимиз халқаро гроссмейстер Нодирбек Абдусатторов шахмат оламидаги энг нуфузли мусобақалардан бири – Tata Steel Chess 2026 турнирида чемпион бўлиб, тарихий ғалабани қўлга киритди. Голландиянинг Вейк-ан-Зее шаҳрида бўлиб ўтган ва дунёнинг манаман деган 14 нафар шахматчиси иштирок этган мазкур турнирда Нодирбек 13 имкониятдан 9 очко жамғариб, мусобақа тарихида ўзига хос рекорд натижани қайд этди.
Гап шундаки, ушбу нуфузли турнирга тегишли маълумотлар билан танишиш жараёнида қизиқ бир ҳолатни «кашф этдим». Яъни аввалги мусобақаларда шоҳсупага кўтарилиш учун 8,5 очко етарли бўлган. Мана, мусобақада илк бор қатнашган ўзимизнинг яна бир қоракўзимиз - ўзбек ўғлони Жавоҳир Синдоров биринчи уринишдаёқ 8,5 очко тўплаб, турнирда 2-ўринни эгаллади. Агар у шу натижага олдинги мусобақаларда эришганида борми, гап-сўзсиз ғолиб бўларди. Лекин бу сафар Нодирбек марра чизиғини янгилаб, «чўзиб қўйди-да». Барака топ, баракалла, Нодирбек!
Айтганча, яна бир қизиқ маълумот: Жавоҳир Синдоров мусобақада бирорта ҳам мағлубиятга учрамаган ягона шахматчи бўлди – 9 та дуранг, 4 та ғалаба. Ҳамюртимиз бу кўрсаткич билан Tata Steel Chess тарихида голландиялик Аниш Гиридан сўнг (у 2023 йил мусобақа ғолиби бўлган) турнир давомида енгилмаган иккинчи шахматчи бўлди ва ўзига хос янгилик яратди. Э, яшавор, қойил, Жавоҳир!
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Нодирбек Абдусатторов аввалги йилларда ҳам чемпионликка жуда яқин келган эди: 2023 йил 2-ўрин, 2024 йил 3-ўрин, 2025 йил 3-ўрин.
Ва ниҳоят, бу йил чемпион бўлди!
Биз Нодирбек Абдусатторовни ушбу улкан муваффақият билан табриклаймиз!
Нуфузли мусобақанинг якуний жадвалига қараб, юрак ҳаприқиб кетади: биринчи ва иккинчи ўринларда ўзбек ўғлонларининг исм-шарифи қайд этилган ва шунга мос равишда Ўзбекистон байроғи бошқа давлатлар байроғидан энг тепада турибди! Ҳақиқатан ҳам, чиройли ҳам ҳаяжонли манзара!
Нима ҳам дердик, кўзни қувнатадиган, қалбда ғурур ҳиссини уйғотадиган зафарлар давомли бўлаверсин!
Раҳмат, сизга йигитлар! Миллатимиз сизлар билан фахрланади!
Дунё шахмати, қара, кузат, қойилмисан, ўзбеклар келяпти!
Алижон АБДУРАҲМОНОВ
ishonch.uz




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0