“Осмон қироли”: Ўзбек кинематографиясида жасорат ва садоқат мадҳи
Миллий кино санъати саройида ўзбек киносининг навбатдаги йирик лойиҳаси — “Осмон қироли” бадиий фильмининг тантанали премьераси бўлиб ўтди. Кино оламининг таниқли вакиллари ва санъат ихлосмандларини жамлаган ушбу тадбир чинакам ижодий байрамга айланди.
Истеъдодли режиссёр Жаҳонгир Қосимов томонидан экранлаштирилган мазкур картинада учувчиларнинг машаққатли ҳаёти, беқиёс жасорати ва касбга бўлган чексиз садоқати юксак бадиий маҳорат билан акс эттирилган. Фильм сюжети нафақат осмон забт этувчиларининг фидойилигини, балки инсон иродаси, мураккаб ҳаётий танловлар ва эзгу орзулар мувозанатини ҳам очиб беради.
Премьера чоғида режиссёр фильмнинг яралиш жараёнига алоҳида тўхталиб ўтди:
"Ушбу филмнинг дунёга келишида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг ҳиссаси беқиёс. Ташкилотнинг амалий кўмаги бўлмаганида мазкур лойиҳа экран юзини кўриши амримаҳол эди" — деди Жаҳонгир Қосимов.
Фильмдаги руҳий кечинмалар ва ҳаётий саҳналар томошабинларни чуқур мушоҳадага чорлаб, илк намойишдаёқ илиқ қарши олинди. "Осмон қироли" ўзбек киноси хазинасидан муносиб ўрин эгаллаши кутилмоқда.




0/50
0
0
0
0