+24C

+24C

  • O'z
  • Ўз
Ўзбекистон
  • Сиёсат
  • Спорт
  • Жамият
  • Иқтисод
Хориж
  • Иқтисод
  • Сиёсат
Интервью
  • Маданият ва маърифат
Кутубхона
  • Адабиёт
  • Илмий ишлар
  • Мақолалар
  • Касаба фаоллари учун қўлланмалар
Бошқалар
  • Суратлар сўзлаганда...
  • Колумнистлар
  • Архив
  • Ўзбекистон журналистлари
  • O'z
  • Ўз

Telefon raqamingizni kiritng

Tasdiqlash kodini SMS orqali yuboramiz

Кириш

Осон қарз ортидаги оғир юк

121 11:06 | 22.08.2026 11:06

Яқинда Марказий банк аҳолининг банклар олдидаги қарздорлиги 231 триллион сўмга етганини маълум қилди. Бу қарздорлик ўтган олти йилда 5 баробарга ошган. Хусусан, сўнгги бир йилда аҳолига берилган кредитлар ҳажми 21,2 фоизга ўсган. Регулятор учун энг катта хавф кредитнинг ўзи эмас, балки фуқаронинг уни ўз вақтида қайтариш қобилияти экани таъкидланган.
Ҳа, кейинги йилларда одамлар кредит олишга муккасидан кетгани рост. Аммо қарз олаётганларнинг ҳаммаси ҳам буни ноиложликдан қилишаётгани йўқ.
Тасаввур қилинг, қарз олишга эҳтиёжингиз йўқ. Топаётган маблағингиз кунлик харажатларга етиб турибди. Аммо ижтимоий тармоқлар орқали узатилаётган рекламалар туфайли фикрингиз ўзгариб, гўё кредит олсангиз, ҳаётингиз тубдан ўзгариб кетадигандек туюлади ва шу ишга жазм қилганингизни сезмай ҳам қоласиз. Ёки тўсатдан каттароқ маблағ керак бўлиб қолди. Табиийки, бундай вазиятда ҳам ўша «жарангдор» рекламалар сизни ўзига оҳанрабодек тортади. Кейин нима бўлиши билан эса ишингиз йўқ. Муҳими, бугун керакли пулни топсангиз бўлди.
Аслида молиявий хизмат рекламасининг асосий вазифаси маҳсулотни жозибадор кўрсатишдан иборат. Микроқарз роликларида эса у кўпинча «муаммони ҳозир ҳал қилиш» ғояси орқали яратилади. Масалан, одамларга «Пул ҳозир керакми?»,«Бир неча дақиқада олинг», «Ортиқча ҳужжатларсиз», «Қулай ва тез», «Истаган мақсадингиз учун» каби иборалар кучли таъсир қилади. Шу боис улар эътибори қарзнинг умумий қийматига эмас, осон қўлга киритилишига қаратилади. Шу тобда инсоннинг онгида «қарз» эмас, «имконият» образи пайдо бўлади. У пулни бугун олишни, уни қайтариш эса келажакдаги масала эканини тусмоллайди.
Психологик жиҳатдан бу жуда муҳим фарқ. Чунки инсон ҳозирги эҳтиёжни келажакдаги молиявий мажбуриятдан устун қўйиши мумкин.
Бугун микроқарз олиш бир неча дақиқалик иш бўлиши мумкин. Аммо уни қайтариш жараёни бир неча ой давом этади. Шунинг учун ҳар бир инсон рекламага эмас, ўз имкониятига қараб қарор қилиши керак. Қарз олишдан ол-
дин одам ўзига учта савол беришнинг ўзи кўп муаммонинг олдини олиши мумкин: «Бу пул менга ҳақиқатан ҳам, зарурми?», «Уни янги қарз олмасдан
қайтара оламанми?», «Жами қанча пул қайтаришим керак?». Агар бу савол-
ларга аниқ жавоб бўлмаса, «бир неча дақиқада пул» деган таклифни қабул
қилишга шошилмаслик лозим. Чунки реклама инсонга пулнинг қанчалик
осон олинишини кўрсатади. Аммо қарзни қайтариш қанчалик қийин эканини инсон ўз танасидан ўтказгач, англаб етади.
Тўғри, ҳозирги замонда кредит ёки микроқарз олишни мутлақо нотўғри деб бўлмайди. Агар олинган маблағ тўғри мақсадда ишлатилса, нур устига нур. Аммо у шунчаки енгил-елпи орзу-ҳавас йўлида сарфланса, бундан ёмони йўқ. Демак, ҳар ким бу ишга онгли равишда қўл уриши жоиз. Бунинг учун эса унинг молиявий саводхонлиги етарли бўлиши керак. Акс ҳолда, қарз гирдобига кириб кетиши ҳеч гап эмас.
Биринчи микроқарз, одатда, катта муаммо бўлиб кўринмаслиги мумкин. Масалан, оилада кутилмаган харажат пайдо бўлди. Инсон маблағ топиш учун микроқарз олди. Кейин ойликдан қайтарди. Бироқ кейин яна бошқа эҳтиёж пайдо бўлади. Табиийки, бу сафар ҳам у «тез ва осон» қарз олиш ҳақида ўйлай бошлайди. Шу тариқа қарз олиш фавқулодда чорадан одатий молиявий воситага айланиб қолади. Энг хавфли нуқта эса инсон ўз даромади билан эмас, янги қарз билан аввалги қарзини ёпа бошлаганида пайдо бўлади. Бир қарзни иккинчи қарз билан ёпиш эса қарз ботқоғига ботишнинг бошланиши.
Рекламада маҳсулот бир неча сония давомида кўрсатилади. Аммо инсоннинг ўша реклама таъсирида қабул қилган қарори ойлар ёки йиллар давомида унинг бюджетига таъсир қилиши мумкин.
Телефон, кийим ёки маиший техника рекламасида нотўғри қарорнинг зарари кўпинча ўша маҳсулот билан чекланади. Молиявий хизматда эса нотўғри қарор инсоннинг келажакдаги даромадини ҳам мажбуриятга боғлаб қўяди. Шу боис бундай рекламаларда «тез», «осон», «қулай» деган сўзлар
билан бир қаторда, «фоиз», «жами қайтариладиган сумма», «тўлов муддати» ва «кечиктириш оқибатлари» каби маълумотлар ҳам инсонга тушунарли тарзда етказилиши жоиз. Афсуски, аксар банклар бу қоидага амал қилишмаяпти.
Хусусан, Рақобат қўмитаси 2026 йил июль ойида молиявий хизматлар рекламаси бўйича мониторинглар натижасида 20 дан ортиқ банк ва микромолия ташкилотига реклама қонунчилиги талабларини бузгани учун жарималар қўлланганини маълум қилди. Қўмита айрим рекламаларда кредит фоизлари, муддатлар, қўшимча тўловлар, комиссия ва суғурта харажатлари каби муҳим маълумотлар йўқлиги ёки тушунарсиз берилганини қайд этган.
Демак, масала фақат «реклама кўп»лигида эмас, аксинча, уларда инсонга қарор қабул қилиш учун зарур бўлган ахборот тўлиқ ва тушунарли берилмаётганида.
Қарзнинг иқтисодий оқибати – оила бюджетидан бошланади. Микроқарз бир қарашда шахсий молиявий масаладек туюлади. Аммо қарз юки ортиши бутун оила иқтисодиётига таъсир қилиши мумкин. Оила даромадининг маълум қисми қарз тўловига кетса, озиқ-овқат, таълим, тиббий хизмат, уй-жой ва бошқа зарур харажатларга маблағ камаяди.
Бир неча қарз бир вақтда тўланса, бу босим янада кучаяди. Натижада даромад – кундалик харажат – қарз тўлови – маблағ етишмаслиги – янги қарз деган доира пайдо бўлади. Ундан чиқиб кетиш эса амримаҳол. Иқтисодий муаммолар бора-бора ижтимоий ва психологик муаммога айланади. Доимий қарздорлик инсонда хавотир, тушкунлик, оилавий келишмовчилик ва келажакка ишончсизликни кучайтириши мумкин. Шу боис экранлардаги чақирувларга ишониб эргашиб кетиш ақлли одамнинг иши эмас.
Хуллас, рекламадаги бир дақиқалик қарор йиллаб давом этадиган мажбурият бўлишини унутмаслик даркор. Бугун қўлга кирган осон пул эртага оила бюджетини, инсон хотиржамлигини, ҳатто, келажак режаларини чеклаб қўймаслиги лозим.


Гулрухбегим ОДАШБОЕВА
«ISHONCH»


«ISHONCH» газетасининг 2026 йил 22 август 103- сонидан олинди


Изоҳ қолдириш
Жўнатиш
Mақолага баҳо беринг
0/5

0

0

0

0

0

Mақолага баҳо беринг
0/5

0

0

0

0

0

Мавзуга оид