Ёш ҳам, тажриба ҳам муҳим
Талабалик йилларим университетда сочига қиров инган, соқоли ўзига ярашган, олтмиш-олтмиш беш ёшни қоралаган киши билан гаплашиб қолгандим.
– Докторлик иши устида ишлаяпман, шу масалада келдим.
– Шу ёшда-я?!
– Илмнинг эрта-кечи йўқ, – деганди у ҳайратимга жавобан. – Шу чоққача талабаларга дарс бердим, ўша жараёнда яна ўргандим. Билим билан тўйиндим. Диссертацияни шунчаки ёқлаш ниятим йўқ. Янгилик қилай, ундан элга наф тегсин, дедим. Фан доктори, деган шарафли номга муносиб бўлишни афзал билдим. Насиб этса, келаси йил илмий ишимни ҳимоя қиламан.
Домланинг сўзларида қатъият, кўзларида ўзига ишонч балқиб турарди...
Кўпинча ёшларнинг маҳорат ва тажрибаси камлиги сабабли ишга кириш имкониятини чеклаш, катталарни эса пенсияга чиққани туфайли четлатиш ҳолатларига гувоҳ бўламиз.
Ривожланган мамлакатларда ўқитувчилик билим ва салоҳият асосида баҳоланади. Масалан, Финляндияда ходим 65 ёшдан ошганидан сўнг ҳам фаолиятини давом эттириши мумкин. Пенсияга чиқишдан олдин ёки кейин методик маслаҳатчи, ментор сифатида энди иш бошлаган кадрларга иш ўргатади, шу тариқа тизим самарадорлигини оширади.
Япония ва Германияда ҳам шунга ўхшаш амалиёт бор. Расмий пенсия ёши мавжуд бўлса-да, агар соғлиғи ва салоҳияти имкон берса, устоз дарс беришда давом этаверади. Бу ерда асосий мезон унинг билими ва ўқувчига таъсир кўрсатиш қобилиятидир.
АҚШ ва Канадада ёш чегараси умуман қўлланилмайди. Катталар имкониятига қараб, ярим штат ёки шартнома асосида ишлайверади. Улар фаол педагоглар эмас, балки таълим сифати ва методик ёндашувларни бойитувчи муҳим ресурс сифатида кўрилади. Демак, дунё тажрибасида ўқитувчилик касбий малака, маҳорат ва фидойиликни талаб қилади.
Бизда ҳам бу борада аниқ ёш чегараси белгиланмаган. Меҳнат кодекси ва таълимга оид норматив ҳужжатларда қайд этилишича, педагог соғлиғи ва ишга лаёқати етарли бўлса, ўз хоҳиши билан фаолиятини давом эттириши мумкин. Бироқ баъзан раҳбарият ёшларни ишга жалб қилиш мақсадида кексаларга босим ўтказаётган ҳолатлар ҳам мавжуд. Тўғри, ёшлар замонавий билим ва технологияларни, инновацион методларни қўллаш, интерактив дарсларни ташкил этиш борасида анча устун. Лекин тажриба йиллар мобайнида шаклланади. Шу жиҳатдан олиб қараганда, маҳорат, сабр-тоқат, билим, кўникма ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Кўпчилик «Таълим даргоҳларига ёш кадрларни жалб қилиш муҳимми ёки «тиш қоққанлар» сақланиши керакми?!» деган савол беради. Ҳар томон ўз ҳақиқатини дастаклаб олади. Муаммонинг ечими устоз-шогирд тизимини ривожлантириш, обрўни малака ва натижа билан ўлчашда кўринади. Фаолият учун аниқ ёш чегараси қўймаслик, лекин саломатлик ва малака мезонларини белгилаш лозим. Зеро, «қари» ёки «ёш» деб ажратиш жамиятни тараққиётга элтмайди.
Қувонарлиси, сўнгги йилларда «Устоз – шогирд» анъанасини тиклаш, маслаҳатчи сифатида қанчалаб ёшларни катта ҳаётга учирма қилганлар билимидан фойдаланиш каби ижобий тенденциялар кузатиляпти.
– Инсон улғайгани ва ўргангани сайин дунёқараши ўсиб, тажрибаси ортиб боради. Агар у илм одами бўлса, янги чўққилар сари илдамлайверади. Пенсияга чиққунча ҳақиқий хазинага айланади. Демак, ёши улуғ устозларни пенсияга кузатиш эмас, аксинча, уларнинг билим ва тажрибасидан максимал фойдаланиш зарур. Бундан фақат жамият ютади, – деган эди филология фанлари доктори, профессор Бахтиёр Менглиев.
Сирасини айтганда, ёшдаги тафовутни уйғунлаштириб, касб қадрини ошириш, сифатли таълимни таъминлаш лозим. Бу нафақат ўқув масканлари, балки бутун жамият учун ҳам фойдали. Зотан, устозлик мақоми тажриба, билим ва маҳорат билан ўлчанади. Бундай фазилатларга эга инсонлар эса ҳамиша, ҳамма вақт эъзозга лойиқ!
Салим АБДУРАҲМОНОВ
«ISHONCH»




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0