Шаҳрисабзда тўрт асрлик сув тегирмони бор

Шаҳрисабз тумани Қоратут қишлоғида 4 асрлик тегирмон борлигини манзилга етганимизда билиб қолдик. Ҳоким биз учун қизиқ бўлса бир кириб кўришимиз мумкинлигини айтиб қолди. Ичкарида бир онахон тегермондан ун чиқаряпти. Унинг ёши 76 да экан.
– Бу қишлоққа келин бўлиб тушганимдан бери шу тегирмонни ишлатаман, – дейди Марҳабо ая Ёқубова. – Турмуш ўртоғим бешинчи авлод, шундан ҳисобласак бу тегирмон қурилганига 4 асрдан ўтган. Ҳозир ҳам ҳар куни ишлатамиз. Буғдой унига талаб юқори. Бунинг нони кўплаб касалликларга даво. Кунига 10-15 қоп буғдой ўтказамиз. Яна чорва моллари учун ҳам озуқа тайёрлаб берамиз. 10 болам бор. Уларни катта қилиб, билим-ҳунарли қилдик, уй-жойли қилдик. Бу тегирмон биз учун қадриятга айланган. Оғир кунларимизда рўзғоримизни қайнатган.
Ҳа, ризқни улуғлаш халқимизга хос фазилат. Онахон билан суҳбатлашарканмиз, у зўр замонлар келганини, болалари топарман-тутарман бўлиб кетгани, рўзғорида камчилик йўқлигини айтаркан, тегирмонни ишлатиб туриш унинг виждон амри эканини англаймиз. Марҳабо ая ускунага бўлган меҳрини авлодлари ҳам давом эттиришидан умидвор.
Баҳодир Ҳалимов
"Ишонч.уз"







