Шавкат Мирзиёевнинг Токиога ташрифи: икки томонлама муносабатларда янги саҳифа
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Японияга расмий ташрифи икки томонлама муносабатлар ривожида сифат жиҳатидан янги босқични бошлаб берди. Ташриф доирасида Япония Императори, Бош вазири, Парламентнинг ҳар икки палатаси раҳбарияти, Ҳукумат аъзолари, шунингдек, ишбилармон доиралар ва академик ҳамжамият вакиллари билан ўтказилган музокара ва учрашувлар икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик анъанавий форматдан чиқиб, узоқ муддатли стратегик тус олганини яққол намоён этди.
Ташрифнинг асосий жиҳати иқтисодий шерикликни амалий мазмун билан бойитишга қаратилгани бўлди. Илгари Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги муносабатлар асосан гуманитар ҳамкорлик ва техник кўмак лойиҳалари билан чекланган бўлса, бугун Президент Шавкат Мирзиёевнинг прагматик ва изчил сиёсати натижасида икки томонлама кун тартиби қайта шакллантирилиб, савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликнинг барча йўналишларини қамраб олди.
Бунга далил сифатида қиймати 12 миллиард АҚШ долларидан ортиқ бўлган янги кооперация лойиҳалари портфели шакллантирилганини қайд этиш мумкин. Ушбу келишувлар таълим, соғлиқни сақлаш, экология ва сув ресурслари, транспорт ва шаҳарсозлик, туризм, қишлоқ хўжалиги, шунингдек, табиий офатлар хавфини бошқариш соҳаларини қамраб олди. “Яшил” энергетика, энергияни сақлаш тизимлари ва саноат кооперациясини кенгайтириш бўйича қўшма лойиҳаларга алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, етакчи япон корпорациялари билан узоқ муддатли ҳамкорлик дастурларини қабул қилиш таклиф этилди.
Ташриф доирасида Ўзбекистон Президентининг “Марказий Осиё + Япония” мулоқотининг илк саммитида иштирок этгани ҳам муҳим аҳамият касб этди.
Ҳудудий ўзаро боғлиқликни чуқурлаштириш, “яшил иқтисодиёт”ни ривожлантириш, инвестициявий ва рақамли шерикликни кенгайтириш, инсон капитали салоҳиятини оширишга қаратилган ташаббуслар Ўзбекистоннинг Марказий Осиёда янги ҳамкорлик архитектурасини шакллантиришда фаол иштирок этишга интилaётганини акс эттирди. Саммит якунларига кўра Токио декларациясининг қабул қилиниши ушбу ёндашувни кўп томонлама даражада мустаҳкамлади.
Умуман олганда, Японияга расмий ташриф натижалари Ўзбекистоннинг дунёдаги етакчи технология ва инвестиция марказларидан бири билан тўлақонли стратегик шерикликка босқичма-босқич ўтаётганини кўрсатади. Бу мамлакатимизда илғор технологияларни жалб этиш, йирик инфратузилмавий ва саноат лойиҳаларини амалга ошириш, минтақавий ва глобал иқтисодий жараёнларда Ўзбекистон мавқеини мустаҳкамлашга қаратилган стратегик сиёсатнинг изчил давоми ҳисобланади.
Японияга ташриф якунланганидан сўнг Ўзбекистон Республикаси Президенти амалий ташриф билан Россия Федерациясига келди. Санкт-Петербург шаҳрида Евроосиё Олий иқтисодий кенгашининг навбатдаги йиғилиши ҳамда МДҲ давлат раҳбарларининг норасмий учрашуви бўлиб ўтади.




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0