Ҳашамат ва тараққиёт рамзи: Бутунжаҳон савдо маркази қандай бунёд этилганди?
Бутунжаҳон савдо маркази мажмуаси ҳақида эшитмаганлар кам. Ўтган асрнинг 70-йилларида қурилган осмонўпар бинолар нафақат, Нью-Йоркнинг, балки бутун АҚШ ва Ғарбнинг тараққиётини кўз-кўз қилувчи рамзга айланганди. Унинг таркибидаги икки улкан эгизак бино марказнинг мом маънодаги юраги эди. Афсуски, кўзни қувнатувчи бу гўзаллик узоқ яшамади. 2001 йил 11 сентябрда барчага маълум ва машҳур бўлган даҳшатли теракт биноларни кунпаякун қилди.
Аммо Жаҳон савдо маркази номи яшаб қолди. У мудҳиш вайронагарчиликдан кейин ҳам қайта тикланди. Қуйида ушбу бинолар тарихига юзланамиз.
Иккинчи жаҳон урушидан камталофат ва катта фойда билан чиққан АҚШда иқтисод шиддат билан ривожлана бошлади. Нью-Йорк ҳақиқатта жаҳон молиявий марказига айланиб борди. Аслида осмонўпар бинолар шаҳарда аввалдан ҳам бир талай эди. Лекин мутасаддилар мисли кўрилмаган тарзда тенгсиз бўлган янги бинолар тўплами ҳақида ўйлай бошладилар.
1946 йилда Нью-Йорк порти маъмурияти директори Август Тобин илк бор офис бинолари мажмуасини қуришни таклиф қилган ва уни Жаҳон савдо маркази деб номлаган. Тобин Нью-Йорк штати қонун чиқарувчи органига мурожаат қилди, у порт маъмуриятига қарашли ерларда, Ист-Ривер қирғоғида 21 та бинодан иборат мажмуа қурилишини маъқуллади. Лойиҳа уч йил давомида ишлаб чиқилган, аммо муваффақиятсиз тугади ва 1949 йилда қарор бекор қилинди. 1950-йилларнинг ўрталарида Дэвид Рокфеллер ушбу амалга оширилмаган лойиҳага эътибор қаратди. У 1958 йилда у архитекторларга Манхэттеннинг пастки қисмида ишбилармонлик фаоллигини ошириш режасини тузишни топширди. 1960 йилда Жаҳон савдо марказини Шарқий дарё бўйидаги Порт маъмурияти мулкида 130 акр (53 гектар) майдонда жойлаштириш режаси ишлаб чиқилган. Мажмуа 300 метр узунликдаги кўргазма зали ва унинг атрофида 50-70 қаватли бир нечта офис ва меҳмонхона биноларини ўз ичига олган. Театрлар, дўконлар, ресторанлар ҳам кўзда тутилган, биржа раҳбарияти билан музокаралар олиб борилган.

Аммо бюрократик ва маъмурий тўсиқлар туфайли қурилиш чўзилиб бораверди. Ниҳоят ишда муҳим силжиш рўй берди. Майдонга келиб чиқиши япониялик бўлган архитектор Минору Ямасаки чиқди. 1962 йил 20 сентябрда Ямасаки лойиҳанинг бош архитектори сифатида эълон қилинди. У 50-60 қаватли бир нечта бинолар кластерини қуриш ғоясини дарҳол рад этди. Унинг фикрича, бундай бинолар офис маркази эмас, балки кам таъминланган оилалар учун уй-жой мажмуасига ўхшайди. Бунинг ўрнига у 80 қаватли иккита эгизак минора қуришни таклиф қилди. Бироқ, бундай бинолар талаб қилинадиган майдонни қўлга кирита олмади; меъморлар ва муҳандислар турли найранглар ёрдамида асл дизайнни ўзгартиришга мажбур бўлдилар. Энг биринчи нарса қаватлар сонини кўпайтириш эди. Лекин бу унчалик оддий эмас эди. Осмонўпар биноларнинг узоқ вақт давомида 50-60 қаватдан баланд қурилмаганининг асосий сабабларидан бири қуйидаги парадокс эди: бинонинг майдонини 20 фоизга ошириш учун сиз қаватлар сонини 50 дан 60 гача оширишингиз мумкин. Бироқ, бинодан фойдаланаётганлар сони 20 фоизга ошади, яъни улар ҳар бир қаватда 20 фоиз кўпроқ лифтга муҳтож хоналар пайдо бўлади.
Ямасаки ва унинг ҳамкасблари қуйидаги тизимни таклиф қилишди. Бинонинг кўп қаватли офисларнинг ҳеч бирига тўғридан-тўғри биринчи қаватдаги қабулхонадан кириш имкони йўқ эди. Бироқ ўша қабулхонадан 50 кишини сиғдира оладиган улкан, тезюрар лифтлар 44 ва 78-қаватларга хизмат кўрсатиши мумкин эди. Шундай қилиб, лифт шахталарининг сони ва майдонини кўпайтирмасдан, лифтларни 30 фоиз самаралироқ қилиш ва режалаштирилган миноралардаги қаватлар сонини 110 тагача ошириш мумкин эди.
Минору Ямасаки илгари Сиэтлдаги Тинч океани илмий марказини лойиҳалаштиргани ортидан тилга тушганди. Лойиҳа бошида қийинчиликларга дуч келди, чунки қурилишга Нью-Йорк ва Нью-Жерси мэрларидан рухсат олишни талаб қилган, айнан иккинчи мэр тахминий қиймати 335 миллион долларлик савдо маркази қурилишига қарши чиққан. Миноралар дастлаб 80 қаватли бўлиши режалаштирилган эди, бироқ расмийлар илтимосига кўра бу рақам 110 тага кўпайтирилди, умумий офис майдони 930 минг квадрат метрни ташкил этди.Оддий иш кунида минораларда 50 000 киши ишлаган, ташриф буюрувчилар сони эса 200 мингга этган. Мажмуа шу қадар катта эдики, унинг ўз почта индекси бор эди: 10048. Жанубий минора тепасидаги кузатув майдончаси ва Шимолий минора тепасидаги “Дунёга ойна” ресторани ўзига хос кўриниш касб этарди. Эгизак миноралар (улар жанубий ва шимолий миноралар ҳам деб аталган) дунё миқёсида машҳур бўлиб, кўплаб фильмлар ва телекўрсатувларда, шунингдек, откриткалар ва бошқа маҳсулотларда пайдо бўлди ва Эмпайр Стейт Билдинг, Чрислер Билдинг ва Озодлик ҳайкали каби Нью-Йорк шаҳрининг рамзига айланди.
Қурилиш 1966 йилда Қуйи Манхэттеннинг бир вақтлар гавжум савдо ва турар-жой ҳудуди бўлган Радио Роунинг бир қисми бўлган блокда бошланган. Миноралар Нью-Йорк устидан 417 метр баландликда қурилган (бу рекорд 1974 йилда Чикагодаги Сирс минораси томонидан янгиланган).

Шимолий минора 2001 йил 11 сентябрда террорчилар томонидан урилган биринчи бино бўлди. Ўғирлаб кетилган самолёт 93-99-қаватлар оралиғида осмонўпар бинога бориб урилди ва зарба нуқтаси устидаги бинонинг барча чиқиш йўлларини бутунлай тўсиб қўйди. Терактнинг ўзи эрталаб соат 8:46 да содир бўлган. Икки соатдан камроқ вақт ўтгач, соат 10:28 да Шимолий минора қулаб тушди.
Ҳужумдан ўн йил ўтиб, 2011 йил июль ойида қулаган минора ўрнида кенг кўламли ёдгорлик қурилиши якунланди. Архитекторлар Майкл Арад ва Питер Уокер томонидан ишлаб чиқилган ёдгорлик ўзининг периметридан тўққиз метр баландликдан ёдгорлик марказидаги тўртбурчак чуқурликка тинимсиз оқадиган улкан ҳовуздан иборат эди. Архитектор Майкл Араднинг сўзларига кўра, ёдгорлик марказидаги оқаётган сув ва бепоён бўш жой “тўлдириб бўлмайдиган бўшлиқлар” рамзидир. Иншоот бутун Шимолий Америкадаги энг катта сунъий шаршарага айланди. 2009 йилда биринчи Жаҳон савдо маркази минораси номи Шимолий минора қулаган жой яқинида қурилган осмонўпар бинога берилди. Дастлаб “Озодлик минораси” (Freedom Tower) номи билан танилган, янги осмонўпар бино 2014 йилда очилган. Унинг баландлиги 542 метрни ташкил этди, у Ғарбий яримшардаги энг баланд бинога айланди. 2005 йилда янги савдо минорасининг юқори қаватларида Нью-Йорк шаҳри ва унинг атрофидаги ҳудуднинг панорамик манзараларини тақдим этадиган кузатув майдони очилди.
Жанубий минорага ҳам бироз тўхталиб ўтсак. 1973 йилда қуриб битказилгандан сўнг, Жанубий минора дунёдаги иккинчи энг баланд бино бўлиб, ўз қўшнисидан атиги бир неча метр ортда қолди. Осмонўпар бинонинг баландлиги 415 метр ва иккинчи минора билан бир хил қаватлар сонига эга эди – 110 қават.
Фожиадан сал олдин Порт маъмурияти америкалик ишлаб чиқарувчи Ларри Силверстейнга 3,2 миллиард долларга эгизак миноралар ва унга туташ биноларни 99 йилга ижарага беришга рози бўлганди. 2001 йил 11 сентябр куни эрталаб соат 9:03 да иккинчи самолёт жанубий минорага зарба берди. Осмонўпар бинода ёнғин келиб, конструкция элементларини шикастлаб, бинонинг қулашига олиб келди. Шимолий минора биринчи зарбага учраган бўлсада, жанубий бино биринчи бўлиб қулади - у зарбадан бир соат ўтмай, соат 9:59 да вайрон бўлди. Таъкидлаш керакки, эгизак миноралар ёнида жойлашган, савдо маркази мажмуаси таркибига кирган бошқа майда бинолар ҳам теракт ҳам деярли тўлиқ вайрон бўлди.
2002 йилда Янги Жаҳон Савдо Маркази мажмуасининг биринчи биноси қурилиши бошланди. Бино тўрт йилдан сўнг қуриб битказилди. 2006 йилда World Тrade Center Memorial (2011 йил 11 сентябрда очилган) ва WТC 1 (Freedom Tower номи билан 2013 йил май ойида якунланган ва 2014 йил ноябрь ойида фойдаланишга топширилган) қурилиши бошланди. WТC 3 қурилиши 2010 йилда бошланган ва кўплаб узилишлардан сўнг бино 2016 йил октябрь ойида ўзининг лойиҳавий баландлигига қадар қуриб битказилган ва 2018 йил 11 июнда фойдаланишга топширилган. WТC 2 қурилиши ҳам 2010 йилда бошланган, лекин тез орада тўхтатилган — фақат пойдевор қурилган; 2020 йил январь ойида лойиҳа 2007 йилги дизайн асосида сезиларли даражада қайта ишланиши эълон қилинди. WТC 4 2013 йил октябрь ойида очилган ва WТC 5 қурилиши 2011 йил 9 сентябрда бошланган, бироқ бир мунча вақт музлатиб қўйилди. 2021 йил феврал ойида WТC 5 осмонўпар биноси учун мутлақо янги дизайн ишлаб чиқилди. Қурилиш 2023 йилда бошланиб, 2028 йилда якунланиши режалаштирилган эди, бироқ кейинроқ 2024 йилга кўчирилди. Бинонинг тўлиқ қуриб битказилиши 2029 йилга мўлжалланмоқда.
Аброр Зоҳидов




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0