Ғузорнинг тарихи қачон ўрганилади?
Қашқадарё вилояти мамлакатимизнинг энг кўп тарихий ёдгорликлари бор ҳудудларидан ҳисобланади. Насаф (Қарши), Кеш (Шаҳрисабз) 2700 йиллик тарихга эга экани фандан маълум. Лекин вилоятнинг Ғузор тумани ҳам қадимийликда бу икки шаҳардан асло қолишмайди.
Туманнинг Чўғуртма қишлоғидан чиққан осори-атиқалар мазкур ҳудуднинг қадимийлигидан дарак беради. Қишлоқдаги тепаликлардан маҳаллий аҳоли томонидан кўплаб сопол парчалари, бут-санамлар ҳайкалчалари, одам суяги дафн этилган кўзалар, сопол қувурлар, қадимий тангалар милоддан аввалги IV-III асрларда Ғузорда шаҳарсозлик анъаналари мавжуд бўлганини исботлайди.
– Қишлоқда Сичқонтепа, Қўрғонтепа, Малики Нозим, Улуғтепа, Шакарбулоқ тепаликлари мавжуд, – дейди маҳалла фахрийси, Иқтисод фанлари номзоди Халил Соатов. – Бу ердан Жиндарё оқиб ўтган. Тепаликлар атрофида кўл бўлган.
Ўтган асрнинг бошларига келиб, сув қуриган ва кейинчалик ер ўзлаштирилиб, деҳқончилик майдонларига айлантирилган. Ҳудуддан ўтган карвон йўли Термиз ва Бухорони Қарши ва Шаҳрисабз билан боғлаган. Муқанна қўзғолонидан кейин бу ёдгорликларда ҳаёт тўхтаган бўлиши мумкин. Қизиқишим ва изланишларим натижасида Турон шоҳи Алп Эр Тўнганинг ўғли Кўҳхоннинг қабри ҳам шу атрофларда деган манбаларни ҳам учратдим. Архиологлар шу қишлоққа ҳам келишса, Ғузор туманининг келиб чиқишини ўрганишса, мақсадга мувофиқ бўлар эди.
Отахоннинг қайғуришича бор. Боиси, вилоятнинг қадимий тарихи ҳақида гап кетганида Насаф, Кеш билан бир қаторда Ғузор ҳам тилга олинадию, лекин ҳамон ўрганилмай қолиб кетяпти. Қишлоқ нуронийлари эса тарих жонланса, бу қадим жойлар ҳам рўйхатга олиниб, қазишма ишлари олиб борилса ва юртимиз ўтмишига тааллуқли бой манбалар топилса, деган умидда.
Баҳодир Ҳалимов,
“Ishonch.uz”




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0