Сирдарёда 12 нафар ўқувчи қиз она бўлган
Сирдарё вилояти прокурори Савид Иматов берган маълумотларга кўра, вилоятда ўтган 2023 йил мобайнида ажрашган 1 минг 500дан ортиқ оилаларнинг 1 000 нафардан ортиқ болалари ё отасиз ёки онасиз қолган.
77 нафар вояга етмаганлар орасида содир этилган жиноятларнинг 43 таси мактаб ўқувчилари томонидан содир этилган. Бу жиноятларнинг аксариятини ўғрилик, безорилик, тан жароҳати етказиш, одам ўлдириш ва бошқа жиноятлар ташкил этмоқда.
Вояга етмаганларнинг 630 нафари ҳуқуқбузарлик содир этган. Шундан 168 нафари тегишли ҳужжатларсиз автомобиль воситаларини бошқарган.
29 нафар ота-онага нисбатан оталик, оналик ҳуқуқидан маҳрум этиш бўйича судга даъво аризаси киритилган. Вояга етмаган фарзандларига алимент тўлашдан бўйин товлаган 459 нафар оталарнинг 407 нафари маъмурий ва 52 нафари жиноий жавобгарликка тортилган.
Болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаган 3837 нафар ота-она эса, маъмурий жавобгарликка тортилган.
Назорат тадбирлари давомида мактаб ўқувчиларининг ёнида 48 та совуқ қурол мавжудлиги аниқланган. Ўрганишлар жараёнида яна шу нарса ойдинлашдики, вилоят мактабларида ҳафтасига 20 000 нафардан ортиқ ўқувчилар дарсларга қатнашмайди. Бу кўрсаткич бир кунда 3 200 тадан ортиқни ташкил этса, 1000 дан ортиғи ҳеч бир сабабсиз содир этилган.
87 нафар ўқувчи дарсларга сурункали қатнашмайди. 215 нафар ўқувчи девиант хулққа эга. 24 нафар ўқувчи Миср давлатига диний таълим олиш учун кетган. 17 нафар вояга етмаганлар орасида суиқасд ҳолати содир этилган. 12 нафар ўқувчи қиз она бўлган. Уларнинг 2 нафари 9-синф, 10 нафари 10-синф ўқувчиларидир.
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0