Сталинга қарши нутқ сўзлаган ва тириклигидаёқ ҳокимиятдан ағдарилган совет раҳбари

Совет даврида бир ёзилмаган қоида бор эди: давлат раҳбари (партиянинг биринчи котиби) бўлган шахс одатда ўлгунича мамлакатни бошқарган. Ленин, Сталин, Брежнев, Черненко, Андроповларнинг тақдири шу тарзда якунланди. Горбачёв эса СССР парчалагани сабабли ишдан кетди. Аммо совет давлати ҳали кучга тўлган пайтида ҳокимиятдан четлатилиб, умрининг охиригача бир четда яшашга мажбур қилинган етакчи ҳам бор эди. Бу 1953-1964 йилларда ҳукмронлик қилган Никита Хрушёв эди. Хрушёв 7 йил сиёсий ҳаётдан четда яшашга мажбур бўлди ва бундан роппа-роса 55 йил аввал, 1971 йилнинг сентябрида оламдан ўтди. Лекин унинг бошқаруви совет мамлакат асосларига кучли таъсир ўтказди.

20:19 | 19.09.2026
9
Сталинга қарши нутқ сўзлаган ва тириклигидаёқ ҳокимиятдан ағдарилган совет раҳбари
Катталаштириш

Никита Хрушчёв 1894 йил 15 апрелда Курск губерниясидаги Калиновка қишлоғида туғилган. Унинг отаси Сергей Хрушчёв кончи бўлиб ишлаган, онаси Ксения Хрушчёва эса турли майда-чуйда ишлар билан оилага ёрдам берарди. Никитанинг Ирина исмли синглиси ҳам бор эди. Отасининг оғир меҳнатига қарамай, оила камбағал эди, шунинг учун бола ёшлигиданоқ нон топишга ёрдам бериши керак эди.

У қишлоқ руҳонийси дарс берадиган черков мактабига юборилди. Қишда бола партада ўтириб дарс олар ва бутун ёз давомида сигирларни боқарди. 1908 йилда Хрушчёвлар Юзовкага жойлашдилар ва ўн тўрт ёшида Никита машинасозлик заводида иш топди. У механик бўлиб ишга қабул қилинди. Тўрт йилдан сўнг Хрушчёв ўз фаолиятини кўмир конида давом эттирди. Шу билан бирга, у большевиклар партиясига қўшилди ва янги ўртоқлари билан бирга фуқаролар урушининг фронт чизиғида қонли жангларда қатнашди. 1918 йилда Никита коммунистик партияга қўшилди ва 1920 йилда Донбассдаги Рутченково конининг сиёсий масалалар бўйича директори этиб тайинланди. Шу билан бирга, Хрушчёв Донбасс саноат техникумида талаба бўлди, партия ишларида яқиндан иштирок этди ва тез орада муассасанинг партия котиби этиб тайинланди.

1927 йилда Хрушчёв Юзовка (1924 йилдан Донецк) вакили сифатида Бутуниттифоқ Коммунистик партияси съездига таклиф қилинди ва бу унинг фаолиятига катта туртки берди. Уни марказдаги нуфузли амалдорлардан бири Лазар Каганович билан таништиришди. Юқори лавозимли амалдор Никитани ёқтириб қолди ва Кагановичнинг рағбатлантириши билан ёш партия аъзосининг фаолияти бошланиб кетди. Хрушчёвнинг сиёсий фаолиятидаги биринчи катта ютуқ 1928 йилда содир бўлди. Каганович туфайли Никита Украина коммунистик партияси Марказий Қўмитасида иш бошлади. Ўз вазифасини бажариш учун Хрушчев ўқишни давом эттиришга мажбур бўлди ва яна талаба бўлди, бу сафар Москвадаги Саноат академиясида таҳсил олди.

Академияда ўқиётганда Никита яна кўп вақтини партия фаолиятига бағишлади ва қисқа вақт ўтгач университетнинг сиёсий бюросига раҳбарлик қилди. У сиёсатни керакли фанларни ўрганишдан кўра қизиқроқ деб топди. Тез орада у Москва шаҳар партия қўмитасининг иккинчи котиби лавозимига кўтарилди. 1934 йилда Хрушчёв илгари Лазар Каганович раҳбарлик қилган Москва партия ташкилотининг раҳбари бўлди.

Тўрт йил ўтгач, яъни 1938 йилда Хрушчёв янги лавозимга тайинланди — Украина ССР Биринчи котиби. Бундай юқори лавозимни эгаллаган Никита Сергеевич ўзининг барча ташкилий қобилиятларини намойиш этишга интилди ва 1937 йилдаги Сталин қатағонларидан қаттиқ азият чеккан Украинада маъмурий аппаратни қайта тиклашга киришди. Лекин унинг ўзи ҳам Сталиндан узоқлашмади. У ҳам Украинанинг ғарбий ҳудудларидаги “душманлар”га қарши курашни бошлади. Унинг буйруғи билан юз мингдан ортиқ одам ўз уйларидан депортация қилинди. Хрушчёв Иккинчи жаҳон уруши пайтида асосан душман назоратида бўлган Украинага келди. Фронтнинг нариги томонида партизан ҳаракатига раҳбарлик қилишга мажбур бўлди ва 1945 йилга келиб генерал-лейтенант ҳарбий унвонига эришди. Ғалабадан кейин Никита Сергеевич Украинада ишлашни давом эттирди ва фақат 1949 йилда Москвага қайтди.

1953 йил бўлажак совет раҳбарининг ҳаётида муҳим ўрин тутади. Айнан шу йил Хрушчёвнинг фаолияти энг юқори чўққисига чиқди. Сталин вафотидан кейин у ҳокимият тепасига келди ва бутун мамлакат мотам тутди. Хрушчёв ва унинг шериклари бир нечта муваффақиятли ва нозик сиёсий маневрларни амалга оширишга ва партия ичидаги курашда рақибларидан устун келишга муваффақ бўлишди. Энг муҳими, у ўзининг асосий рақиби Лаврентий Берияни йўқ қилишнинг уддасидан чиқди. Хрушчёв уни “халқ душмани” деб атади ва отиб ўлдириш орқали ўлимга маҳкум қилди.

1953 йил сентябрь ойида Хрушчёв КПСС Марказий Қўмитасининг биринчи котиби лавозимини эгаллади. Хрушчёвнинг ҳокимиятдаги фаолияти тарихга ўзининг муҳим ютуқлари билан бирга, бир хил даражада жиддий иқтисодий муваффақиятсизликлари билан ҳам кирди. Унинг энг машҳур ташаббуслари орасида “маккажўхори тажрибаси” эътиборга лойиқдир. Хрушчев бу донни “далалар маликаси” даражасига кўтаришга қарор қилди ва уни Иттифоқда етиштириладиган асосий экинга айлантирди. Унинг буйруғи билан маккажўхори барча минтақаларда, ҳатто у умуман ўсмайдиган Сибирда ҳам экилди. Натижада мамлакатда озиқ-овқат тақчиллиги вужудга келди. Маккажўхори тажрибаси Хрушёв маъмуриятининг катта хатоси ва нўноқ бошқарув рамзи бўлиб қолди.

Никита Сергеевич ҳукмронлиги давридаги энг машҳур ва кескин бурилиш 1956 йилдаги шахсга сиғиниш бўйича маъруза саналади. Унда Сталин шахсияти, қатағонлар ва бошқа қилмишлар аёвсиз танқид қилинди. Хрушчёв шунингдек, Сталин ҳукмронлигининг оқибатларини бартараф этишга киришди: у минглаб сиёсий маҳбусларни озод қилди, босма нашрларга нисбатан цензурани қисман бекор қилди ва иттифоқ чегараларини ғарблик сайёҳлар, талабалар ва рассомлар учун очди. Аммо шуҳратпараст раҳбар ўз мамлакатига нисбатан нафақат муваффақиятсиз, балки ҳалокатли сиёсат юритаётганини англаш учун етарли билим ва тажрибага эга эмас эди. Никита Сергеевич минбарларда жарангдор ва пафосли нутқлар сўзларди. Унинг “Американи ортда қолдириш” истаги қоғозда таъсирчан иқтисодий кўрсаткичларга олиб келди, аслида эса қишлоқ хўжалиги тўлиқ қулаш арафасида ва очарчилик ёқасида эди.

Бироқ, Хрушчёв уй-жой қурилишини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун мақтовга лойиқдир. У одамларни коммунал квартиралардан ўз уйларига кўчириш учун иложи борича кўпроқ уй-жой қуришга қарор қилди. Квартиралар кичик ва ёмон лойиҳалаштирилган эди, аммо улар коммунал квартираларга қараганда анча қулайроқ эди, бу эса оддий совет фуқаросини хурсанд қилди.

Хрушчев даврида космик саноат ривожлана бошлади. Биринчи сунъий йўлдошнинг учирилиши ва биринчи космонавт Юрий Гагариннинг парвози унинг ҳукмронлиги даврида содир бўлди. Баъзи тарихчилар Никита Сергеевични санъат ҳомийси деб аташади. Унинг раҳбарлигида адабий цензура юмшатилди, деярли бутун мамлакат бўйлаб телевидение ишлай бошлади ва кино ишлаб чиқариш кучайди. Илиқлик даврида ишланган “Карнавал кечаси”, “Заречная кўчасидаги баҳор” ва “Амфибия одам” фильмлари шулар жумласидан.

Ташқи сиёсатда узоқни кўра олмаслик совуқ урушнинг бошланишига олиб келди, мамлакат қуролланиш пойгасини давом эттирди. Хрушчёв НАТОга қарши курашувчи Варшава шартномасини тузишни таклиф қилди. Янги ташкилотга Совет Иттифоқи, Шарқий Германия ва бошқа Шарқий Европа давлатлари кирган. 1961 йилда Германия сиёсий инқироз ҳолатида эди, бу эса машҳур Берлин деворининг қурилишига олиб келди. Айнан ўшанда Жон Кеннеди ва Никита Хрушчев биринчи ва ягона марта учрашишди. Бир йил ўтгач, икки мамлакат бир-бирига кескин таҳдидлар билдирди. Қўшма Штатлар Туркияда ядровий каллакларни жойлаштирди ва уларни Совет Иттифоқига қаратди, СССР эса Кубада шунга ўхшаш ҳаракатни амалга оширди. Кубада ракета инқирози авж олди ва Учинчи жаҳон уруши бошланиб кетишига сал қолди. Дипломатик музокаралар туфайли кескинликлар юмшатилди ва 1963 йилда космосда, ҳавода ва сув остида ядровий синовларни тақиқловчи тарихий ҳужжат имзоланди.

1964 йилда, Хрушчев дам олаётган пайтда, КПСС Марказий Қўмитасининг пленуми чақирилди. Айнан шу йиғилишда совет етакчиси ҳокимиятдан маҳрум этилди ва сиёсий ҳаётдан четлатилди. Ҳокимият Леонид Брежнев қўлига ўтди. Шундан сўнг собиқ етакчини на журналистлар, на жамоат фаоллари эслади. 1971 йил сентябрида вафот этганида газеталар икки энлик хабар бериш билан чекланди, холос. Дафн маросими ҳам шов-шувларсиз, ми-жимида ўтказиб юборилди.

Никита Хрушчёвнинг образи сиёсий оламда турлича талқин қилинади. Коммунистлар ва уларнинг тарафдорларига кўпроқ Сталин бошқарувини ёқлаб, Никита Сергеевични коммунизм идеологияси ва совет давлати асосларига болта уришда айблашади. Бошқалар эса, нўноқ иқтисодий бошқарувга қарамай қатағондан жабрланганларни озодликка чиқарган, Сталин шахсиятига муносиб баҳо берган раҳбар сифатида билади. Нима бўлганда ҳам, Хрушёв бошқаруви СССР давлати асосларига таъсир этди ва охир-оқибатда унинг парчаланишига олиб келувчи йўлни бошлаб берди.

Аброр Зоҳидов

МАҚОЛАНИ УЛАШИШ
Instagram

Мақолага муносабат

449 овоз

Фикрлар ва Муҳокама (0)

Одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилинг
Изоҳлар админ модерациясидан сўнг сайтда кўринади