+17C

+17C

  • O'z
  • Ўз
Кутубхона
  • Адабиёт
  • Илмий ишлар
  • Мақолалар
  • Касаба фаоллари учун қўлланмалар
Бошқалар
  • Суратлар сўзлаганда...
  • Колумнистлар
  • Архив
  • Ўзбекистон журналистлари
  • O'z
  • Ўз

Telefon raqamingizni kiritng

Tasdiqlash kodini SMS orqali yuboramiz

Кириш

Текин бўлса, тош ҳам керакми?

Нарх-наво кун сайин ошиб бораётган даврда рўзғор ташвиши елкасини тобора босаётган кишининг қулоғига “текин” сўзи мусиқадай эшитилса керак. Ҳарқалай, баъзи-баъзида ўтказилиб турадиган “текин” акциялар манзили нақ томошагоҳга айланишини кузатяпмиз.
49 15:12 | 10.05.2026 15:12

Қизиғи шундаки, текин нарсага ўчлик фақат камбағалликдан эмас. Баъзан пули бор, машинали, катта-катта тўй қиладиган, ресторанда бемалол миллионлаб пул сарфлайдиган одам ҳам “бепул” нарса учун талашиб-тортишишдан уялмайди.


Куни кеча катта бир идора ходими шошиб кетаётганини кўриб қолдим. Бирон йиғилишга кеч қоляптимикин десам, ўзи гап бошлаб қолди: “Юринг, сизам, озиқ-оват дўкони акция эълон қилибди. 5 литрдан ёғ тарқатишаётган экан”. Иш вақти бўлишига қарамай, уч-тўрт киши дўконга югурди. Ваҳоланки, уларнинг ҳар бири 5-6 миллион сўмдан ойлик олишади.


Тўйларда кузатганмисиз, ёнида сумка олиб борадиган, дастурхондан ортиб қолган мева, конфет, баъзида салатларни ҳам олиб кетишга уринадиганлар бор. Ваҳоланки, уйида ҳаммаси бисёр. Лекин бепул олиш фикри унинг ички эҳтиёжидан устун. Бу ишдан уялмайди ҳам. Аксинча, ўзини эпчил, тежамкор деб ҳисоблайди.
Айрим ташкилотларда семинар ёки тадбир бўлса, кофе брек ёки тушлик, бепул ручка ёки блокнот учун қатнашадиганлар бор.


— Ўзи жамоат ташкилотимиз. Семинарга таклиф қилиб қўнғироқ қилсам, тушлиги борми, нима берасизлар, деб сўрайдиганлар кўпайган. Агар тадбимизда кофе брек қилмасак, қатнашувчилар сони камайиб кетади. Ваҳоланки, семинарларимизда жуда қизиқарли мавзуларни кўтарамиз, — нолийди бир ННТ вакили.


Бу сўзлар Туркияга бориб келган дугонамнинг гапини ёдимга солди.


— Жуда кўплаб магазинлар олдида бепул озиқ-овқатларга кўзим тушди. Олмоқчи эдим, талаба ўғлим қўлимдан тутди. “Она, бу камбағаллар учун” деди. Қилиғимдан ҳижолат тортдим,— деди у.


Бизнинг текинга ўчлигимизнинг сабаби нимада? Менимча, муаммо иқтисодда эмас, маънавиятда. Инсон боласининг пули ҳар қанча кўп бўлгани билан, маънан бой бўлмаса, қашшоқлигича қолаверади. Текинга ўчлигимиз маънан заифлигимиздан аслида.
Энг қизиғи, киши пулига нарса олаётганда юз марта ўйлайди. Аммо бепул бўлса, эҳтиёжи борми-йўқми, олаверади.
Бундан ўн йиллар аввал қизчам эшикдан халлослаб кириб келгани ёдимга тушди.


— Дада, магазинда бепул нон тарқатишаётган экан. Ҳамма оляпти, мен ҳам олиб келайми?- сўради отасидан.


— Йўқ, қизим, бизнинг сотиб олишга имконимиз бор-ку, ҳақиқий муҳтожларга етмай қолиши мумкин,— деди дадаси. Бу гап қизимнинг қулоғига сирға бўлди.


Назаримда ҳаммамиз фарзандларимизга ўз ижтимоий ҳолатидан келиб чиқиб иш кўришни ўргатишимиз керак. Ҳар бир бепул нарсани олиш шарт эмас. Баъзан “йўқ, менга керак эмас” дейиш ҳам тарбия, маданият белгиси.
Чунки текин тошни уйига ташиб юрган одам, бир куни ўша тошнинг остида қолиб кетиши мумкин.


Муҳаббат Тўрабоева
ishonch.uz


Изоҳ қолдириш
Жўнатиш
Mақолага баҳо беринг
0/5

0

0

0

0

0

Mақолага баҳо беринг
0/5

0

0

0

0

0

Мавзуга оид