Тиббий кўрикка маблағ масаласи
Аслида қандай бўлиши керак?
–Тиббий кўрик масаласига ёндашув турлича. Баъзи жойларда у бепул, яъни давлат томонидан кафолатланган. Поликлиникалар ишчи-ходимларни текинга кўрикдан ўтказишяпти.
Бошқа жойларда ҳам иш берувчи, масалан, мактаб директорлари молия билан гаплашиб, тиббий кўрикка пул ажратиб, ўқитувчиларни текинга кўрикдан ўтказмоқда. Лекин бизнинг туманда бу ҳолатнинг на униси, на буниси мавжуд. "Тиббий текин кўрик" ҳақида ҳар йили қўшма қарор чиқади. Жорий йил ҳам август ойининг охирларида қарор чиқди. Лекин бу пайтда деярли 90-95 фоиз ходимларимиз ёнидан пул тўлаб, кўрикдан ўтиб бўлишганди. Айтмоқчи бўлганим, шу қўшма қарор ҳар йили чиқарилишини ҳисобга олган ҳолда, уни молия, тиббиёт ва касаба уюшмалари ташкилотлари ҳамкорлигида умрбод қилиб чиқарса бўмайдими?
Ҳамид Ҳожиқулов, Қашқадарё вилояти Деҳқонобод туманининг
Касаба уюшма қўмитаси раиси
Ушбу саволга Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги юрисконсульти Жаҳонгир АЛИЖОНОВ жавоб берди.
– Бу масала қонунда «михлаб» қўйилган. Аслида, молияда тиббий кўрик учун алоҳида пул ажратилади. Меҳнат кодексига кўра, иш берувчи буни таъминлаб бериши керак. Ўзининг бюджетидан тўлайдими, ё молияданми, қайси ҳисобдан тўлаши ходимнинг муаммоси эмас.
Тиббий кўрик текинлиги ҳақида қарор чиқарилган. Ходим буни талаб қилиш ҳуқуқига эга. Агар иш берувчи буни таъминлаб бермайдиган ва ходимлар кўрик учун ўз чўнтагидан тўлайдиган бўлса, улар кўрикдан ўтмасликка ҳақли. Тиббий кўрикдан ўтмагани учун ходим ишдан бўшатиладиган бўлса, бу ноқонуний ишдан бўшатиш ҳисобланиб, қонун ишчини ҳимоя қилади ва у бемалол ўз ишига тикланади.
Севара АЗИЗОВА тайёрлади




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0