Тошкент вилоятида фарзанди бармоқларига пахта тиқиб ёққан аёл қамоққа олинди
Ижтимоий тармоқларда она уйдаги ширинликни рухсатсиз еган боласини қўлини куйдиргани ҳақида хабарлар тарқалган эди.

Болалар омбудсмани мазкур ҳолатни ўрганиб, воқеа 2024 йил 30 октябрь куни Тошкент вилояти Олмалиқ туманидаг содир бўлганини аниқлади.
Маълум бўлишича, 34 ёшли аёл 8 ёшли ўғли Б.А.ни уйдаги ширинликларни рухсатсиз еганлиги сабабли гўёки жазолаш мақсадида бармоқлари ораси ва бошқа тана аъзоларига пахта тиқиб, ёққан.
Натижада бола танасида 1 ва 2-даражадаги куйиш юзага келиб, у енгил тан жароҳати олган.
Ҳозирда Олмалиқ шаҳар ИИБ томонидан Х.А.га нисбатан Жиноят кодексининг 110-моддаси (Қийнаш) 2-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилган ва яширингани туфайли унга қидирув эълон қилинган.
Жорий йилнинг 7 февраль куни Х.А. процессуал тартибда ушланиб, унга тегишли суд ажрими асосида қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилди.
Маълумот учун, Жиноят кодексининг 110-моддаси 2-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноят учун 360 соатдан 480 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки 2 йилдан 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд 2 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёки 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланилади.







