Тошкентда ўқитувчи ўқувчилари қўлига игна санчиб «тарбия»лагани маълум бўлди
Тошкент шаҳар Сергели туманидаги 277-мактаб 1-синф ўқитувчиси ўз ўқувчиларини хатолари учун қўлларига игна ва бурама мих санчиб жазолаб келган.
Бу ҳақда “Дарё” нашри болалар ота-оналари хабарига таяниб ёзмоқда. Ушбу хабардан сўнг ҳолатга Болалар омбудсмани ҳам эътибор қаратди ва вазият назоратга олинганини маълум қилди.
Берилган расмий маълумотга кўра, жорий йилнинг 16 апрел куни Тошкент шаҳри Сергели тумани, 277-ўрта мактаб 1-Е синф ўқувчиларининг 15 нафар ота-оналари мазкур мактаб директорининг ҳузурига келиб, 1-Е синф раҳбари С.Р. (аёл) нинг устидан шикоят қилган.
Мурожаатда ота-оналар синф раҳбари С.Р. ўқувчилар қўлининг кафт қисмини устига саморез ва игналар билан санчиб турли жароҳатлар етказганлиги, гўёки шундай усулда болаларни тарбиялашга уринганини билдиришган.
“Дарё” нашрининг ёзишича, таҳририят мухбири ҳолатга изоҳ олиш мақсадида мазкур мактаб директори билан учрашган, бироқ директор ушбу ҳолатни хаспўшлашга уриниб, ҳолат у мактабда бўлмаган пайтда содир бўлгани ва ўқитувчига “ҳайфсан” берилганини билдирган, холос.
Аммо Болалар омбудсмани ахборот хизмати хабарида айни пайтда “болаларга нисбатан шундай номақбул ҳаракатларни содир қилганлиги юзасидан ўқитувчи билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилиниб, ишдан бўшатилган”и айтилади.
Ҳозирда ҳолат юзасидан Сергели тумани ИИБ томонидан терговга қадар текширув олиб борилмоқда.
Ҳолат Болалар омбудсмани томонидан назоратга олинган.
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0