Тошкентда электроскутерлар кўпаймоқда, бунга шаҳар тайёрми?
Бугун пойтахт кўчаларида электроскутерлардан фойдаланаётганлар сони тобора кўпайиб бормоқда. Бунга етарлича сабаблар бор. Аввало, улар шаҳар ичида ҳаракатланишнинг жуда қулай ва тежамкор воситаси ҳисобланади. Айниқса, пойтахт кўчаларида кузатиладиган тирбандлик муаммосини ҳисобга олсак, электроскутерлар қисқа масофани тез ва осон босиб ўтиш имконини беради.
Бундан ташқари, ушбу скутерлар экологик жиҳатдан ҳам анча тоза транспорт тури саналади. Улар ёнилғи талаб қилмайди, ҳавога зарарли газлар чиқармайди ва атроф-муҳитни асрашга ҳисса қўшади.
Яна бир жиҳати — улар ихчам ва енгил бўлгани сабабли, исталган жойда осон тўхтатиш ва сақлаш мумкин.
Электроскутерлар одатда дақиқа асосида ижарага берилади. Масалан, “Yandex Go” иловасида ўртача 1 дақиқа учун 700–1000 сўм, “Jet” иловасида эса тахминан 600–900 сўм атрофида тўлов қилинади.
Шунга кўра, 20–30 дақиқалик саёҳат учун ўртача 20 000 – 30 000 сўм сарфланади. Бу кўп ҳолларда такси хизматларига нисбатан анча арзон тушади.
Сўнгги йилларда электрон скутерлар АҚШ, Германия, Франция, Чехия ва жаҳоннинг яна бир қатор мамлакатларида кўп қўлланилмоқда. Хусусан, Европада скутерлар “яшил транспорт” сифатида давлат томонидан қўллаб-қувватланмоқда. Масалан, Францияда электр скутер сотиб олган фуқарога 400 еврогача субсидия берилади.
Аммо скутерлар сонининг ортиши билан хавфсизлик муаммолари ҳам ортмоқда. Айниқса, пиёдалар йўлакларида ёки тор кўчаларда тез юриш баъзан бахтсиз ҳодисаларга сабаб бўлмоқда. Шу сабабли кўплаб мамлакатларда махсус қоидалар жорий этилган. Скутер бошқариш фақат 16 ёшдан мумкин, ҳимоя шлемини тақиш эса мажбурий.
Пиёдалар йўлагида 10 км/соатдан тез юриш тақиқланади. У ёшлар орасида нафақат транспорт, балки ҳаёт тарзи сифатида қаралмоқда. Ишга, ўқишга ёки белгиланган манзилга тез етиб олиш мумкин. Бундан ташқари, кўплаб компаниялар “Sharing” тизими — яъни ижарага асосланган скутер хизматини йўлга қўйган. Фойдаланувчи мобил илова орқали яқин скутер жойлашувини топади, тўловни амалга оширади ва исталган жойда уни қолдиради.
2024 йилда Ўзбекистонда 15 мингдан ортиқ электроскутер фойдаланишга чиқарилган. Талаб энг кўп пойтахт, Самарқанд ва Фарғона шаҳарларида кузатилмоқда. Бироқ, муаммолар ҳам йўқ эмас. Пойтахтда махсус йўлаклар ҳали кам, скутер ҳайдовчилари учун тўхташ жойлари етарли эмас. Фақат 2024 йилнинг ўзида скутерлар билан боғлиқ 70га яқин йўл транспорт ҳодисаси қайд этилган бўлиб, уларнинг аксарияти йўл инфратузилмаси билан боғлиқ. Мутахассислар фикрича, агар ҳар бир туман марказида скутер ва велойўлаклар қурилса, бу нафақат хавфсизликни, балки соғлом транспорт маданиятини ҳам оширади.
Сарвиноз МУРОДЖОНОВА
ЎзЖОКУ талабаси




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0