Тошкентда «Шайтанат» сериалидаги Асадбекнинг машҳур ҳовлиси сотувга қўйилди
Ўзбек киноси тарихида алоҳида ўрин тутган, таниқли адиб Тоҳир Малик асари асосида суратга олинган «Шайтанат» криминал драмасидаги бош қаҳрамон — Асадбекнинг ҳовлиси сотувга қўйилди. Бу ҳақда кўчмас мулк савдоси платформаларидаги эълонларга таяниб, Ishonch.uz мухбири хабар бермоқда.
Ўттиз йилдан ортиқ тарихга эга ушбу муҳташам ҳовли шунчаки кўчмас мулк эмас, балки ўзбек кинематографиясининг энг драматик ва рамзий саҳналари суратга олинган маскан ҳисобланади. Қўл меҳнати билан ишланган миллий устунлар ва тўқсонинчи йиллар меъморчилиги руҳини ўзида сақлаб қолган бинонинг ташқи қиёфаси сериал суратга олинган даврдан буён деярли ўзгаришсиз қолган.
Мазкур хабар ижтимоий тармоқлар ва маданият соҳаси вакиллари ўртасида кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Эътиборли жиҳати, яқиндагина ОАВ вакиллари томонидан Туризм қўмитаси раҳбариятига машҳур ўзбек фильмлари суратга олинган жойларни қачон туристик масканларга айлантирилиши юзасидан савол билан ҳам мурожаат қилинган эди. Бугунги кунда «Шайтанат» ҳовлисининг сотувга чиқарилиши эса ушбу масаланинг қанчалик долзарб эканини яна бир бор кўрсатмоқда.
Дунё амалиётидан маълумки, машҳур фильмлар суратга олинган объектлар вақт ўтиши билан йирик туристик масканларга ёки музейларга айлантирилади. Хусусан, Озарбайжоннинг Боку шаҳридаги эски шаҳар («Ичеришеҳер») кўчалари машҳур «Бриллиант қўл» ("Бриллиантовая рука") фильми суратга олингани сабабли бугунги кунда минглаб сайёҳларни жалб этувчи кино-музей ва кафелар мажмуаси сифатида мамлакат туризмига катта даромад келтирмоқда.
Назаримизда, «Шайтанат»даги ушбу ҳовли ҳам шунчаки шахсий мулк сифатида сотиб юборилмасдан, давлат муҳофазасига олиниши ёки кино-музей сифатида қайта ташкил этилиши лозим. Бу қадам масканни нафақат миллий хотира ва маданий мерос сифатида сақлаб қолиш, балки хорижий ва маҳаллий сайёҳлар учун қизиқарли янги туристик нуқтага айлантириш имконини беради.
Ҳозирча Маданият вазирлиги ёки Туризм қўмитаси ушбу тарихий ҳовлини маданий мерос объекти сифатида муҳофазага олиш юзасидан расмий муносабат билдирганича йўқ.
Дилдора Дўстматова,
Ishonch.uz




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0