Умр
Ҳар сафар ўқишдан уйга йўл олганимда тоза ҳаво, тошлоқ қишлоқ кўчалари, самимий одамлари кўз олдимда гавдаланади. Хаёллар билан дарвоза олдига келиб қоламан. Ойим югуриб чиқадилар. Уйга кирамиз. Олиб келган нарсаларимдан 2та нонни ажратиб қўядилар-да: - "Бу Шарофат бувингга” - дейдилар.
Эртаси куни бувининг уйига борамиз. Негадир, дарвозалари доим ёпиқ туради. Ойим: “Янга”- деб, чақира бошлайдилар. Секин келаётган қадам товуши билан, “Ҳув”- деган, овоз эшитилади. Ичкари томон юрамиз. Сандалнинг тўрида Шарофат буви ўтирган бўладилар. Уй шинамгина, сандиқ устида жойлар таҳланган. Деворда эса чиққиллаётган соат. Гули бир-бирига мос тушмаган ҳар-хил кўрпача, ёстиқлар…
Шарофат буви оқ-сариқдан келган, бурунлари узун, қўллари меҳнатда чиниққанлиги сезилиб турадиган қотмагина кампир. Юрганда бир оёқларини кўтариб босадилар. Бўйни билан ўралган рўмол ичида бошлари ўйнаб туради. 88 ёшда бўлишларига қарамай, бармоқларида доим никоҳ узук тақилган бўлади. Чоллари ўтиб кетган, икки фарзандидан айрилган буви, ҳозирда, бева келини билан яшайди.
Эшик олдида мени кўрадиларда: “Эээ! Мени студент қизим келиб қолибди-ку! –дейдилар. Олдиларига бориб саломлашаман. Узоқ дуо қиладилар. Илиқ сандалга оёғимизни тиқиб ўтирамиз. Қанча йўқ десакда, дарров, келинларига дастурхон ёздирадилар. Сандал устига, ликопчада парварда, новвот, майиз ва нон қўйилади. Буви оғриқлари кучлилиги сабабли, фақат, зарурат бўлгандагина ўринларидан турадилар.
Юзларидаги сон-саноқсиз ажинлар, ҳар бир ўтган умрлари гўё! “Ол, болам! Е” - дея, дастурхонга чорлайверадилар. Ойим билан аввалги даврларни, ўтиб кетган фарзандларини эслашади. Гап-гапга уланиб, вақт қандай ўтганини сезмай қоламиз. Кетиш вақти бўлади.
Йўлимизга интизор қараганча: “Ўтирсанглар бўларди. Майли, яна келинглар” –деб қоладилар. Шу билан ўқишга кетиш вақти, хайрлашгани келаман. Яна, узоқ дуо қиладилар…
Ёшлари улуғ бўлсада, ҳеч кимга оғирлиги тушмаган, олти етимни оқ ювиб, оқ тараган Шарофат бувининг ёзда аҳволлари оғирлашиб қолди. Кузда эса, узилдилар. Бир ҳафтадан сўнг, уйларига таъзияга бордим. Ҳовли сув қуйгандек жим-жит, ҳамма жой ҳувиллаб қолган.
Атрофдагиларнинг: “Жудаям яхши аёл эдилар. Ҳеч кимга ёмон гапирмасдилар. Барчанинг кўнглини олишга ҳаракат қилардилар. Оҳиратлари обод бўлсин” –деган, сўзлари қулоғимга чалинди. Ҳа! Ҳақиқатдан ҳам, жудаям кўнгли очиқ эдилар. Ҳар Ҳайит байрамида менга “сайил ҳажжи” бергани келардилар...
Инсон ўлсада, унинг қилган яхшиликлари, яхши амаллари ўлмайди. Саид Аҳмад таъбири билан айтганда: " Биз бу дунёга икки метр мато олиб кетиш учун келамиз". Ҳар бир инсоннинг қиймати узоқ ёки қисқа умр кечирганлиги билан эмас, балки, қандай яшаб ўтганлиги билан баҳоланади.
Унсиной Арзиқулова,
ЎзЖОКУ талабаси
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0