“World Content Market”да илк бор Ўзбекистон миллий павильони ташкил этилди
Медиа ва рақамли контент соҳасидаги нуфузли халқаро тадбир – “World Content Market” ўз ишини бошлади. Жорий йилда Ўзбекистон ушбу йирик медиа бозорида илк бор миллий павильон билан иштирок этиб, мамлакатнинг миллий контент салоҳиятини глобал майдонда кенг намоён этмоқда.
“World Content Market” 2008 йилдан буён телевидение ва рақамли контентни яратиш, тарқатиш, монетизация қилиш ҳамда халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга хизмат қилиб келаётган йирик медиа платформалардан бири ҳисобланади. Мазкур тадбир ҳар йили дунёнинг турли мамлакатларидан медиа индустрия вакилларини бир майдонга жамлаб, янги лойиҳалар, шериклик ташаббуслари ва контент савдоси учун кенг имкониятлар яратади.
Жорий йилги тадбирда 20 га яқин давлатдан 1500 дан ортиқ медиа соҳаси мутахассислари, 500 дан зиёд компаниялар қатнашмоқда. Шунингдек, Жанубий Корея, Туркия, Ҳиндистон, Россия, МДҲ мамлакатлари, Хитой, Бирлашган Араб Амирликлари каби давлатларнинг миллий экспозициялари намойиш этилмоқда.
Иштирокчилар қаторидан 150 дан ортиқ телевизион каналлар (барча платформалар бўйича), 40 дан ошиқ ОТТ платформалари ва видео-порталлар, 200 дан зиёд контент дистрибюторлари, 100 дан ортиқ продюсерлар, 100 дан зиёд студиялар ҳамда ишлаб чиқариш хизматларини кўрсатувчи компаниялардан иборат контент харидорлари ўрин олган.
Ўзбекистон миллий павильонида 10 дан ортиқ хусусий контент ишлаб чиқарувчилар томонидан 500 дан ортиқ ўзбек бадиий филмлари ва сериаллари халқаро харидорлар эътиборига тақдим этилмоқда.
Контент маркази томонидан ташкил этилган мазкур павильон доирасида ўзбек миллий контентини халқаро бозорга олиб чиқиш, уни хорижий телеканаллар ва рақамли платформаларда жойлаштириш ҳамда экспорт салоҳиятини ошириш бўйича музокаралар олиб борилмоқда.
Москва шаҳрида ўтказилаётган ушбу халқаро медиа майдонда Ўзбекистоннинг миллий павильон билан илк бор иштирок этиши мамлакатда миллий контент саноатини ривожлантириш, маҳаллий ижодкорларни қўллаб-қувватлаш ва ўзбек маданий маҳсулотларини жаҳон бозорига олиб чиқиш йўлида муҳим стратегик қадам бўлиб хизмат қилади.




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0