Ўзбекистонда ёлғиз кексаларга қаровчи ижтимоий ассистентлар хизмати пайдо бўлди
Илгари ёлғиз кексалар ҳолидан хабар оладиган ходимларни, фақат хориж фильм ва сериалларида кўрганмиз. Бундай манзаралар биз учун ғарб давлатларига хос одатдек туюларди. Аммо эндиликда юртимиз ҳаётига ҳам кириб келди.
Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг "Инсон" ижтимоий хизматлар маркази қошида Давлатимиз раҳбарининг 2025 йилдаги 171-сонли қарори асосида қаровсиз қолган кексаларга ёрдам кўрсатиш, уларнинг оғирини енгил қилишга хизмат қилувчи МЧЖлар ташкил этилди. Уларда ишлаётган ходимлар ўзгалар парваришига муҳтож юртдошларимиз ҳолидан белгиланган тартибда – ҳафтада икки-уч мартадан хабар олиб, нуронийларга уй ишларида ёрдам беради. Таом пишириб беради. Саломатлигига ғамхўрлик қилади. Янги пайдо бўлган «Ижтимоий ассистент» касби аввало ишсиз фуқароларимизнинг иш билан таъминланишига сабаб бўлаётган бўлса, Ўзбекистоннинг ижтимоий давлат сифатидаги ўз фуқаролари олдидаги вазифасини ҳам адо этиш воситаси бўлиб хизмат қилмоқда. Хизмат йўлга қўйилганидан айниқса, ёлғиз нуронийлар жуда хурсанд.
– Бир йилдан буён давлат томонидан менга ёрдамчи ижтимоий ассистент берилди. Унинг хизматидан жуда мамнунман, – дейди Олмалиқ шаҳрида ёлғиз яшовчи онахон Зинаида Ковалева. – Фотима қизим ҳафтасига уч кун келиб, уй ишларимга қарашади. Дорихонага чиқиб, керакли дориларимни олиб келади. Яхши кўрган овқатларимни пишириб беради. Суҳбатлашамиз, унга ҳаётий тажрибаларимдан ҳам гапириб бераман. Хуллас, шу хизмат йўлга қўйилганидан миннатдорман.
Барвақт уйғониб, ўқишга, ишга шошилаётганлар орасида Фотима опа ҳам бор. У бир йилдан буён ижтимоий ассистент бўлиб ишлайди. Қарамоғида 8 нафар ёлғиз кексалар бор. Унинг иш куни доимгидек эшик тақиллатишдан бошланади. Таниш тақиллаш овозидан сергакланган ёлғиз онахоннинг юзига ажиб бир табассум югуради. Чунки, хонадон эгаси фақатгина қаровга муҳтож эмас, балки бир неча соатлик самимий суҳбат, дори-дармон ва иссиқ овқат илинжида Фотима опанинг келишини интиқлик билан кутади.
– Аввалдан Олмалиқ шаҳрида ижтимоий ҳимоя соҳасида ишлаб келардим, – дейди 41 ёшли Фотима Сулаймонова. – Аммо ўтган йили шаҳримизда Президентимиз қарори билан "Инсон" ижтимоий хизматлар маркази қошида «Ижтимоий асистент»лар фаолиятини бирлаштирган МЧЖ ташкил этилди. Мен ана шундай МЧЖлардан бири – «Тиллахон барака 555" ташкилотига ишга кирдим. Бугунги кунда 12 нафар асистентлар шаҳримиздаги қаровсиз қолган кексаларни парваришлаймиз, уларга ғамхўрлик қиламиз. Биргина ўзимга 8 нафар қария бириктирилган. Ҳафтасига 2-3 кундан навбат билан уларнинг ҳар бириникига бориб, оғирини енгил қилиб келаман.
«Тиллахон барака 555" раҳбари Нилуфар Холматованинг айтишича, бугунги кунда Олмалиқ шаҳрида 86 нафар ёлғиз кексалар истиқомат қилади. Уларга «Тиллахон барака 555" МЧЖнинг 12 нафар ассистенти хизмат кўрсатмоқда. Ходимлар нуронийларнинг уйини йиғиштиради, овқатини тайёрлайди, кирларини ювади. Ҳаттоки, замонавий гаджетлардан фойдаланишни, пулларини тўғри ишлатишни ҳам ўргатади. Тиббий ижтимоий реабилитация ва кундузги қатнов асосида қараб туриш хизмати ҳам мавжуд бўлиб, унда инсулт, инфаркт касаллигидан кейин жисмонан сустлашган кексаларни махсус даволаш машқлари (ЛФК) орқали фаол ҳаётга қайтариш устида ишланади.
– Иш бошлаган вақтларимда бироз қийналганман, – дейди Фотима. – Менга асосан рус миллатига мансуб кексалар бириктирилган эди. Тил билиш, уларнинг феъл атворига кўникиш осон кечмаган. Кейинчалик эса барчасига кўникдим, тажриба орттирдим. Ўйлайманки, вазифамиз фақатгина уларнинг эҳтиёжини қондириш эмас, балки суҳбатлашиш, руҳан тушкунликка тушмаслигини таъминлашдан ҳам иборат. Ойлик маошимиз яхши, етарли. Ишли бўлганимдан ташқари, катта ёшли юртдошларимизга кўмак бериб, уларнинг дуосини олаётганимдан ҳам хурсандман.
Ирода Йўлдошева,
ЎзЖОКУ талабаси




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0