+30C

+30C

  • O'z
  • Ўз
Ўзбекистон
  • Сиёсат
  • Спорт
  • Жамият
  • Иқтисод
Хориж
  • Иқтисод
  • Сиёсат
Интервью
  • Маданият ва маърифат
Кутубхона
  • Адабиёт
  • Илмий ишлар
  • Мақолалар
  • Касаба фаоллари учун қўлланмалар
Бошқалар
  • Суратлар сўзлаганда...
  • Колумнистлар
  • Архив
  • Ўзбекистон журналистлари
  • O'z
  • Ўз

Telefon raqamingizni kiritng

Tasdiqlash kodini SMS orqali yuboramiz

Кириш

Ўзимиз ўзгармасак...

Яқинда пойтахтга боришга тўғри келди. Ҳайдовчи Жиззах – Тошкент оралиғида қаерда радар борлиги, қайси жойда ЙПХ ходими туришини аниқ билади, шекилли, йўлнинг назоратга олинмайдиган қисмларида тезликни ҳаддан оширди. Унинг бу ҳаракати радарлардан сўз очилишига сабаб бўлди. Жумладан, таксичи қонунлар ҳайдовчилар зарарига ишлаши, жарима етмагандек, балл ҳам ёзилиши, ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш ­қийинлашиб кетганидан нолиди. Шерикларимиздан бири унинг фикрига қўшилиш асносида Туркия таассуротлари билан ўртоқлашди.
129 16:14 | 05.05.2026 16:14

Айтишича, бу давлатнинг иккита шаҳрида бўлиб, кўчаларда радар ва кузатув камералари қарийб йўқлигини, ЙПХ ходимларини деярли учрамаслигини билиб олибди. Ҳайдовчи ҳайратини яширмади: «Ундай бўлса, тартибни қандай сақлашади?». Жавоб барчамизни ўйга толдирди: «Маданиятли халқ экан, йўлда ҳам бир-бирларига ҳурмат билан муносабатда бўлишар экан».


Бу гап бир неча кун илгари рўй берган воқеани ёдимга солди. Светофорнинг яшил чироғи ўчиш арафасида чорраҳадан тезроқ ўтмоққа шошилдим. Шу пайт қаердандир «Матиз» пайдо бўлди ва мен сақлашга уринаётган оралиққа кес­кин кириб тўхтади. Илкис тормозни босдим. Автомашиналаримизни атиги икки қарич масофа ажратиб турарди. Тўғриси, «капалагим учиб кетди».


Кейин билсам, «Матиз»дан олдиндаги «Нексия» ҳайдовчиси чорраҳадан чиқар-чиқмас йўловчи олиш учун бехосдан тўхтаган. Улар тўқнашувда бир-бирларини айблай бошладилар, кейин ёқа бўғишди. Қоидани бузмаганларида бу ташвиш­лар йўқ эди.


Дарҳақиқат, ИИВ берган маълумотга кўра, жорий йилнинг дастлабки уч ойида кузатилган 1 минг 102 та йўл-транспорт ҳодисасининг асосий қисми ҳайдовчиларнинг қоидаларга амал қилмаслиги туфайли содир бўлган. Хусусан, автоҳалокатларнинг 32,9 фоизи тезликни ошириш, 13,6 фоизи пиёдаларга йўл бермаслик, 22,4 фоизи светофор талаб­ларига риоя қилмаслик, 4,2 фоизи ҳайдовчи чарчагани ёки ухлаб қолгани оқибатида рўй берган.


Энг ачинарлиси, 346 нафар инсон ҳаётдан кўз юмган. Яъни автоҳалокатларнинг ҳар учинчиси ўлим билан якунланган. Чунончи, шу йил 4 апрель куни Фориш тумани ҳудудидан ўтган Жиззах – Янгиқишлоқ – Қизилча – Қизилқум автомобиль йўлининг 51-километрида «Нексия-3» «Кобальт» билан тўқнашган. Оқибатда воқеа жойида 5 киши вафот этган, 2 нафар жабрланувчи тан жароҳатлари билан шифохонага ётқизилган.


Кўнгилсиз ҳодисага «Нексия-3» ҳайдовчисининг қарама-қарши йўналишда ҳаракатланиши сабаб бўлган. Аслида Жиззах – Фориш йўлининг юргилик ҳоли йўқ. Чунончи, эни 8 метрлик йўлнинг айрим жойлари емирилиш оқибатида 1,5 метр бўлиб қолган. Аммо воқеа йўлнинг соз қисмида содир бўлган. Англаганингиздек, ҳайдовчи имкон туғилиши билан газни босган.


Яна бир мудҳиш воқеа 18 апрель куни Мирзачўл туманининг «Боғдон» маҳалласи ҳудудидан ўтган Қозоғистон – Гагарин йўлининг 6-километрида рўй берган. Катта тезликда ҳаракатланаётган «Нексия–3» ағдарилиб, тўлиқ ёниб кетган. Оқибатда транспорт воситаси ичидаги йўловчи, ҳудуддаги ўрта умумтаълим мактабининг 11-синф ўқувчиси 90 фоизлик куйиш жароҳати олиб, воқеа жойида вафот этган.


Ушбу автоуловни Тошкент шаҳри Янгиҳаёт тумани «Хушнуд» маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи, 11-синф ўқувчиси бошқарган. Табиийки, унда ҳайдовчилик гувоҳномаси бўлмаган.


Юқорида тафсилотлари келтирилган кўнгилсизликлар бир қатор саволларни туғдиради: шунча кузатув камералари, радарлар, назорат ҳамда маъмурий ва жиноий жавобгарликка тортилиш эҳтимолига қарамасдан автоҳалокатлар камаймаётган экан, айб кимда? Туркияга саёҳат қилган йўловчи айтганидек, транспорт воситасини бошқариш маданиятимиз шунчалар сустми?


Мабодо кимдадир бу фикрга ­эътироз бўлса, бошқа саволларимиз бор. Йилнинг дастлабки уч ойида вафот этган ўша 346 қурбон ҳамда юзлаб тан жароҳати олганларнинг ота-оналари ва яқинларини жарималарни камайтириш, ҳайдовчилик гувоҳномасини олишни осонлаштириш кераклигига ишонтира оласизми? Шунчаки қоидаларга амал қилсак, бошқаларга ҳурмат билан муносабатда бўлсак, хавфсиз бўлмаймизми?


Балки, ўзимиз ўзгарсак, тартиб ва қонунлар ҳам ўзгарар...


Алижон АБДУСАТТОРОВ
ISHONCH.UZ


Изоҳ қолдириш
Жўнатиш
Mақолага баҳо беринг
0/5

0

0

0

0

0

Mақолага баҳо беринг
0/5

0

0

0

0

0

Мавзуга оид