2,1 млрд. сўмлик олтин яширинча олиб кетилаётгани аниқланди
Давлат хавфсизлик хизмати ва божхона органлари ходимлари томонидан ўтказилган навбатдаги тезкор тадбирда Фарғона туманида яшовчи, 1996 йилда туғилган шахс бошқарувидаги “Damas” русумли автотранспорт воситаси тўхтатилди.
Ушбу автомашина Қирғиз Республикасига чиқиш мақсадида “Водил-авто” чегара божхона пости орқали ҳаракатланаётган вақтида текширувдан ўтказилганда, кузов қисмининг ичига махсус яширилган 4 дона ностандарт шаклдаги олтин қуйма борлиги аниқланди.
Мазкур қуймалар ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинди.
Экспертиза хулосасига кўра, олтин қуймаларнинг соф оғирлиги 1 килограмм 232 граммни ташкил этиб, уларнинг умумий қиймати 2 миллиард 182 миллион 466 минг сўм деб баҳоланган.
Ҳолат юзасидан ДХХнинг Фарғона вилояти бўйича бошқармаси тергов бўлими томонидан мазкур шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 182-моддаси (божхона тўғрисидаги қонунчиликни бузиш) 2-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилган.
Айни пайтда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.



Maqolaga baho bering
0/50
0
0
0
0