Қашқадарё: Чашмаи Мирондаги эски кўприк қачон таъмирланади?
Шерали Бекмуродов 5 йил муқаддам автоҳалокатга учради. Оқибатда тўшакка михланиб, тилдан қолди. Кутилмаган воқеага эса яқинлари қишлоқ ўртасидан ўтган кўприкнинг носоз ҳолатдалигини рўкач қилишади. Боиси, Шерали Бекмуродов ўша куни мотоциклда кўприк устидан ўтаётганида тўсатдан кўприкнинг бетон қопламаси қулаб тушади ва у ҳам дарёга қулайди. Қаттиқ лат еганлиги учун бугун у ногиронлар сафида.
Деҳқонобод туманининг Чашмаи Мирон қишлоғи тоғ ёнбағрида жойлашган. Туман марказидан 50 километр олисдаги мазкур ҳудудда тожик ва ўзбек миллатига мансуб аҳоли бирбағриликда турмуш кечириб келмоқда. Улар сўнгги йилларда қишлоқда амалга оширилган ободонлаштириш ишларидан миннатдор, аммо биргина кўприк муаммоси орқали юзага келиши мумкин бўлган кўнгилсизликлардан хавотирда.
– Қишлоғимизда оилавий поликлиника, мактаб ва мактабгача таълим муассасаси қуриб берилди, туман марказига олиб борувчи йўлнинг маълум қисми асфалтлаштирилди, – дейди Самад Мустафоев. – Бизда битта муаммо қолди, у ҳам бўлса, қишлоқ ўртасидан оқиб ўтувчи Кичик ўра дарёси устига қурилган кўприк маънан эскириб қолган. Кўприк ўтган асрнинг саксонинчи йилларида аҳоли томонидан ҳашар йўли билан барпо этилган. Асосан ёғочдан тикланган бу иншоот ёғингарчилик вақтларида хавфли ҳолатларга сабаб бўлаяпти. Мурожаатимиздан мақсад шу – янги кўприк қуриб беришса, яхши бўларди.
Бу қадимий қишлоқда Бухоро амири Амир Олимхон даврида айни шу нуқтада кўприк барпо этилган. Сабаби қишлоқ оралаб ўтган ички йўл ўша вақтда Сурхондарёнинг Бойсун тумани орқали ҳудудни Душанбе шаҳри билан боғлаган. Ҳудуд ҳам савдо-сотиқ учун муҳим аҳамият касб этган. Ўтган асрнинг саксонинчи йилларида тарихий кўприк қулагач, аҳоли мазкур кўприкни тиклайди. Лекин йиллар ўтган сари бу кўприк ҳам носоз аҳволга келиб қолади.
– Кўприкнинг таянч устунлари чарчаган, ёғочлари чириган, бетон қопламалари ёрилган, – дейди Нуриддин Одинаев. – Кўп ташкилотларга мурожаат қилдик, натижа бўлмаяпти. Ёғингарчилик вақтларида дарёга сел келади. Қорда юза қисмини муз қоплайди. Автомобиллар ҳаракати қийинлашади. Аксига олиб ўша вақтда пишиқ лойиҳа билан қурилмаганлиги учун ҳимоя устунлари ҳам ўрнатилмаган. Эшитиб, кўриб-билиб юрибмиз, туманимизнинг кўплаб қишлоқларига кўприк қуриб бериляпти ва бу натижалар бизнинг қишлоғимизни ҳам четлаб ўтмайди, деган умиддамиз.
Дарҳақиқат, ўтган йили Деҳқонобод туманига 40 га яқин катта-кичик кўприк таъмирланган ва қайта қурилган. Маҳаллий масъуллар туманнинг тоғли ҳудуд эканини, қишлоқларда ҳақиқатда кўприк билан боғлиқ муаммолар ечимини топиб келаётганини таъкидлашди.
– Чашмаи Мирон маҳалласи Кичик ўра дарёси устидаги кўприк юзасидан кўплаб мурожаатлар келиб тушган, – дейди Деҳқонобод тумани Ободонлаштириш бошқармаси бўлим бошлиғи Фарҳод Чориев. – Ҳақиқатда, кўприк таъмирталаб аҳволда. Биз янги кўприк қуриш бўйича давлат дастурига киритиш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиб, юқори турувчи ташкилотларга киритганмиз. Бундай муаммо Боғчорбоғ, Чилгаз маҳаллаларида ҳам бор. Катта маблағ талаб этгани учун дастурга киритилиши мақсадга мувофиқ. Чунки маҳаллий бюджет маблағлари асосида бундай катта қурилишларни амалга оширишнинг имкони йўқ. Лекин аҳолининг мурожаатлари, албатта ўз ечимини топади. 2026 йилда Чашмаи Мирондаги кўприк мукаммал таъмирланади ёки қайта қурилади.
Масъуллар доимгидек давлат дастурига киритишни, маблағ ажратилса, муаммо ечим топишини таъкидлашмоқда. Аҳоли эса кўприк носозлиги сабаб ногирон бўлиб қолган Шерали Бекмуродовнинг тақдири бошқаларнинг ҳам бошига тушишидан хавотирда. Ўйлаймизки, инсон қадри улуғланаётган мамлакатимизда бу каби инсон саломатлиги, унинг ҳаётига хавф солувчи масалалар мутасаддилар эътиборидан четда қолмайди.
Баҳодир Ҳалимов,
“Ishonch.uz”




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0