Бизга болаларни экран қаршисига “михлайдиган” миллий аннимациялар керак
Ўғлимнинг кийимларидан тортиб ўйинчоқларигача «Ўргимчак одам». Чунки шу қаҳрамонни жуда ёқтиради. Унинг тасвири туширилган бирор буюмни қаерда кўрса, қаршилик кўрсатишимга қарамай, «Олиб берасиз», деб оёқ тираб туриб олади. Шундай кезларда ўйлаб қоламан: нима учун, айнан ёт, устига-устак, тўқима ажнабий қаҳрамон ўғлимнинг кумири бўлиши керак? Нима ўзимизда ўрнак олишга, ихлос қўйишга арзигилук қаҳрамонлар йўқми?
Умуман, бу биргина менинг фарзандим билан боғлиқ ҳолат эмас. Аслида ҳозирги болаларнинг аксарияти хорижий фильмлардаги қаҳрамонларни идеал шахс сифатида кўриб, уларга тақлид қилишади.
Хўш, нега шундай? Менимча, бу тарғиботнинг, онг остига ҳужумнинг натижаси! Шу боис болаларимиз ўз ота-боболаридан кўра, «Supermen», «Xalk», «Betmen», «Алиса», «Криш» каби сунъий қаҳрамонларни яхши кўришади. Боз устига, улар учун буюк тарихимизни мана шу фильмлар сингари ишонарли қилиб тасвирлаган киномиз йўқ ҳисоби.
Фарзандларимиз аслида ўз халқи, юрти, она Ватанини жондили билан севган ва унинг шаъни, қадр-қиммати учун курашган тарихий шахсларни қаҳрамон деб билишлари ва уларга эргашишлари керак эмасми? Юртимиздан эса илм-фанга, дунё тамаддунига муносиб ҳисса қўшган кўплаб буюк зотлар етишиб чиққан. Довруғи бутун оламга тарқалган аждодларимиз жуда кўп. Амир Темур, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Алишер Навоий, Жалолиддин Мангуберди каби тарихий шахслар шулар жумласидан. Наҳотки, уларнинг ҳаёти ва асарлари фақат китобларда қолиб кетса?.. Нега уларни болалар қалбига, юрагига муҳрлай олмаяпмиз?..
Бир вақтлар “Ойнаи жаҳон”да «Жумонг» номли корейс сериали намойиш этилганди. Катта-кичик фарзандларимиз шу фильм таъсирига тушиб қолишди. Халачўпни от қилиб миниб, «Мен Жумонгман» деб ҳайқириб юришди. Хуллас, ҳамма ерни «Жумонг»лар босиб кетди.
Ёки бўлмаса, ҳинд киноларидаги қаҳрамонларни олайлик. Қоракўзларимиз уларни ўзимизникидан кўра, яхши билишади. Нега десангиз, ҳиндлар фильмларини шу даражада маҳорат билан суратга олишадики, баъзан болалар тугул ҳатто катталар ҳам чиппа-чин ишонишади. Қисқаси, хорижий мутахассислар оддий муаллимидан тортиб спорт мураббийи, дунёни лол қолдирган даҳолари ҳаётини ҳақиқий, ишонарли, қизиқарли ва севимли қилиб ярата олишади.
Биз эса бу ишнинг уддасидан чиқолмаяпмиз. Масалан, истиқлол, миллат тараққиёти учун курашган миллатпарвар шахслар – Абдурауф Фитрат, Чўлпон, Абдулла Қодирий, Садриддин Айний каби буюклар ҳақида болаларбоп фильмлар яратганимиз йўқ.
Албатта, бунинг учун бизга, энг аввало, мукаммал сценарий зарур. Ахир бежиз «Яхши фильм учун учта нарса: сценарий, сценарий ва яна сценарий керак», деб айтишмайди. Шу боис «Кичкинтойлар учун миллий контент» сарлавҳали аввалги мақоламизда ёшларни бу ишларга кенг жалб этиш масаласини кўтаргандик. Чунки улар ҳар жиҳатдан креатив, қолиплардан холи фикрлашади, янги ғояларга очиқ бўлишади. Президент ёрдамчиси Саида Мирзиёева ҳам болалар учун миллий контент яратувчиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш кераклигини бот-бот таъкидлаяпти.
Ҳақиқатан ҳам, миллий контент ишлаб чиқарадиган, халқимизнинг руҳи ва қадриятларини ҳис этадиган янги авлодни тарбиялаш соҳа келажаги учун жуда муҳим. Хориж фильмларидаги бошқа миллат қаҳрамонлари ҳам адабий ёки тарихий асарлар ғояси асосида замонавий қайта ишланган шаклда тақдим этилади.
Бизда-чи? Фақат шиорлар ва кутубхоналарда чанг босиб ётган китоблар борга ўхшайди. Яна аниматорлар маблағ масаласини кўтаришади. Тўғри-да, давлат бюджетидан ажратилган пуллар уларга «Мана, етарлича ол, фақат яхши асар ярат», деб тутқазилмаслиги аниқ.
Мазкур йўналишдаги таълим муассасаларини тамомлаётган ёшлар эса маош камлиги ва эътибор сустлиги туфайли бу ишга қўл уришмаяпти.
Яна бир гап. Орамизда ёш, иқтидорли, ўз истеъдоди билан ёниб чиқаётган ёзувчилар кўп. Хўш, уларга ким эътибор қаратаяпти? Мутасаддилар бирон-бир масала юзасидан ҳамкорликни йўлга қўйишни таклиф қила олишадими? Бизнингча, йўқ!
Шукрки, соҳада умид қилса бўладиган қадамлар ташланяпти. Хусусан, яқинда Президент қарори билан Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги қошида Болалар контентини ривожлантириш маркази ташкил этилди. У ахборот маконидаги болалар тарбияси ва соғлиғига салбий таъсир кўрсатадиган контентни таҳлил қилади. Маҳаллий ижодкорларга миллий контент яратиш бўйича буюртма беради, кадрлар сиёсати билан шуғулланади.
Лекин кишини хавотирга соладиган ҳолат шундаки, ана шу буюртмалар нечоғлиқ очиқ бўлади? Қобилиятли ёшларга бу борада қандай имкониятлар берилади? Ёки буям аввалгиларидек ими-жимида танланганлар орасида баҳам кўриладими? Чунки бу ишнинг ҳадисини олганмиз, яъни «ўзбекча модул»ини яратганмиз-ку!.. Хавотиримиз шундан.
Сўнгсўз ўрнида
2022 йил август ойида Миллий кинематографияни ривожлантириш маркази йирик лойиҳа – «Ренессанс» устида иш олиб бораётгани, унда Биринчи ва Иккинчи Ренессанс давридаги аждодларимиз ҳақида 30 та анимацион фильм суратга олиш режа қилинаётгани ҳақида бонг урилганди. Шунингдек, ижодий гуруҳ Амир Темурга бағишлаб анимацион фильм ишлаётгани айтилганди. Аммо уларнинг кейинги тақдири нима бўлганидан хабаримиз йўқ. Балки лойиҳа тўхтатилган, балки ҳали охирига етказилмаган, балки тақдим қилингану, оммалашмагандир... Хуллас, буниси бизга қоронғи. Дарвоқе, аввалги мақоламизда келтирилган Youtubeнинг «Ўзбек мультфильм» саҳифасидан «Спитамен», «Широқ ҳақида афсона», «Фарҳод ва Ширин» каби анимацияларни топдик. Кўришлар сони 2,5 мингдан 25 мингтагача экан. Сифати, сценарийси, савияси ҳаминқадар бўлгандан кейин кўришлар сони ҳам шунга яраша бўлади-да...
Хуллас, савол устига савол туғилаверади. Лекин уларга аниқ жавоб тополмай ҳалакмиз. Шундай бўлса-да, қачондир соҳадаги муаммолар ечим топиб, фарзандларимизни экран қаршисига «михлайдиган» миллий қаҳрамонлар ҳақида анимациялар яратилишидан умидвормиз.
Гулрухбегим ОДАШБОЕВА
«ISHONCH»
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0