Бугун энг аянчли йўқотишлар куни...
1938 йил 4 октябрь. Бу кун Ўзбекистон тарихига энг машъум сана сифатида муҳрланган. Чунки айнан шу санада халқнинг энг буюк шахслари, зиёли олимлари ҳамда давлат арбобларидан бир гуруҳи Сталин қатағон машинасининг қурбонига айланган.
Ушбу кун отувга ҳукм қилинганлар орасида Абдурауф Фитрат, Чўлпон, Абдулла Қодирий, Ғози Олим Юнусов, Қаюм Рамазон, Отажон Ҳошимов, Мажид Қодиров, Худойберган Девонов, Раҳим Иноғомов, Усмон Эшонхўжаев, Рустам Исломов, Файзулла Раҳимбоев, Акбар Исломов, Саъдуллахўжа Турсунхўжаев каби шахслар бўлган. Архив ҳужжатлари шоҳидлигича, 5 октябрда бир кун олдин отиб ташланган маҳкумларнинг суди саҳналаштирилади.
1938 йил 4-16 октябрь кунлари СССР Олий суди Ҳарбий коллегиясининг сайёр йиғилишларида 507 нафар ўзбекистонлик сиёсий маҳбус устидан ҳукм ўқилган. Уларнинг энг кўзга кўринганлари жисмонан мавҳ этилган, қолганлари учун турли муддатга сургун ёки қамоқ жазоси белгиланган. Умуман олганда, 1934-1938 йиллари Ўзбекистонда 40 мингдан ортиқ инсон қатағон қилинган. Шулардан 730 нафари “халқ душмани” сифатида отиб ташланган.
Ўзбекистонда мудҳиш “катта террор” операцияси 1937 йил 10 августдан бошланган. 1937 йил 2 июлда ВКП(б) Марказий Комитети Сиёсий бюросининг “Советларга қарши унсурлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинган. Бу ҳужжат “катта террор” давридаги кенг қамровли қатағон операцияларини ўтказиш учун йўл очиб берди. Ушбу қарор асосида НКВДнинг 00447 сонли “Кулоқлар тўғрисида”ги буйруғи тайёрланган.
1937 йилнинг августида НКВДнинг миллий операциялар ўтказиш бўйича яна бир қанча буйруқлари қабул қилинди. Ана шу қарорларда 1937-1938 йиллардаги қатағон қилинадиганлар сони деярли 350 минг кишига кўпайтирилиши кўзда тутилган. 1937 йил 10 августдан 1938 йил 1 январгача Ўзбекистон бўйича фақат собиқ “қулоқлар”дан 5 минг 925 киши, жиноятчилардан 1 минг 679 киши, “советларга қарши унсурлар”дан 3 минг 97 киши, жами 10 минг 700 киши қамоққа олинган. Улардан 3 минг 613 киши (1-тоифа) отувга, 7 минг 87 киши (2-тоифа) 8-10 йил муддат билан қамоқ жазосига, ГУЛАГ, меҳнат, тузатув лагерларига сургун қилинган.
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0