«Илтимос, минг сўмгина беринг!»: кўпаяётган тиланчилар ва девиант хулқ-атвор ҳақида
“Холажон, уйда учта оч болам бор. Пулдан қийналиб қолдик. Илтимос, ёрдам беринг. Болаларимга бирон нарса сотиб олай».
“Амаки, мен қишлоқдан келдим. Уйга қайтишим учун пулим қолмади. Илтимос, автобус учун 2000 сўм беринг”.
“Ака, икки ойлик чақалоғим касал. Дори-дармонга пулим йўқ, ёрдам беринг”.
“Бобожон, икки кундан бери ҳеч вақ емадим. Қорним ўлгудай оч. Нон учун пул беринг".
Илгари тиланчиларнинг бундай илтимосу илтижолари камдан-кам эшитиларди. Қолаверса, бундай одамларни гоҳи-гоҳида учратардик ва уларнинг асосий қисмини турмуш тарзи шундай бўлган лўлилар ташкил этарди. Афсуски, кейинги пайтларда турли вилоятларда, айниқса, шаҳар ва туманларнинг марказларида тўрт мучаси соғлом, меҳнатга лаёқатли бўлган ва тиланчиликни ўзига “касб” қилган шундай кишиларни кўп учратамиз. Ҳатто уларнинг орасида, тоғни урса талқон қиладиган эркаклар, ҳунар ўрганиб, муносиб меҳнат қилиб, бир рўрғорни бемалол тебратиши мумкин бўлган аёлларни ҳам кўрамиз. Улар юзларидаги уят пардаларини йиртиб, уялмасдан тиланчилик қилишади ва бу “касб”ни пул топишнинг осон йўлига айлантиришган.
Бундай тиланчилар кўпроқ кўча ва бозорларда, чойхона ва ошхоналарда, ресторан ва шифохоналарнинг кириш дарвозаларида, масжид ва бекатларда, яъни одамлар гавжум жойларда учрайди. Кўпгина аёллар болаларига эски-туски кийимлар кийдириб, уларни ёнига ё бағрига олиб, ҳар ўткинчидан турли баҳоналар билан садақа сўрашади. Минг афсуски, ҳозирда бундай тиланчилар орасида мактаб ёшидаги болалар ҳам кўпайиб кетган. Улар ўзларини беваю бечора кўрсатиб, “онам касал, отам бетоб, ёрдам беринг” деб, садақа сўрашади.
— Бундай тиланчиларнинг кўпайиши бир қатор омиллар билан боғлиқ, — дейди Ўзбекистон психологлар ассоциацияси аъзоси, оилавий психолог Шоира Исакова.
— Асосий омиллардан бири оила муҳити, таълим ва тарбия жараёни билан боғлиқ. Аксарият ота-оналар фарзандларининг билим олиши, ўқув жараёнидаги иштирокига бефарқлар. Яъни, таълим билан ота-оналарнинг алоқаси муайян даражада узилиб қолган. Бундан ташқари, биз тиланчилик қилаётган барча болаларнинг ҳам ақлий ривожланиши соғлом деб айтолмаймиз. Чунки кўпчилиги мактабда яхши ўқимаган, ёки бир ишнинг бошини тутмаган, тарбияси қийин, ақлида қандайдир нуқсони бор бўлганларга ўхшайди.
Соҳа мутахассиси психологияда девиант хулқ-атвор атамаси борлигини, бу атама тарбия билан бевосита боғлиқлигини таъкидлади. Девиант хулқ-атвор лотинча “deviation” — оғиш, яъни ижтимоий нормативлардан оғиб кетувчи хатти-ҳаракат бўлиб, жамиятда ўрнатилган ахлоқ меъёрларига мос келмайдиган инсоний фаолият, ижтимоий ҳодиса саналади. Яъни, кишининг қилмишлари, фаолияти тури одатий, умумэътироф этилган меъёрлардан фарқ қиладиган ёки у ўзи аъзоси бўлган жамият томонидан қабул қилинган меъёрларга мос келмай, барқарор равишда уларнинг ижтимоий меъёрларидан оғишида намоён бўладиган ахлоқдир. Бошқача қилиб айтганда, одамларнинг жамият, ташкилот, институт ва бошқа ижтимоий гуруҳларнинг белгиланган меъёрларига бўйсунмаслик. Девиант хулқ-атвор бу ўсмирлик даврида бошланадиган бир жараён ҳисобланади. Яъни боланинг гармонал ўзгаришлари, ривожланиши билан боғлиқ. Тана ўсиб кетади, лекин мия тўлиқ ҳамма ёққа куч-қувватини етказиб беролмайди. Буларда ўқишга бўлган қизиқиш йўқолади, кўпроқ дайдилик, кўчада юриш, ичкилик ичиш, ёки тезроқ бой бўлиш, пул топиш каби хулқ-атворнинг бузилиш шакллари пайдо бўлади.
Аксарият ота-оналар болаларнинг хулқида, хатти-ҳаракатларида бундай ўзгаришларни кўрадилар, лекин эътиборсизлик қиладилар. “Ўзи ўтиб кетади”, “ўзи яхши бўлади” деган бир чекланишлар билан, мутахассис, эндокринолог, психолог ва психиатрларга олиб боришмайди. “Ўзи шўх-да”, “ўзи яхши бўлиб қолади” дейишади. Бунинг ҳамаси бола тарбияси, психологиясини билмасликнинг натижаси ҳисобланади. Чунки ота-оналар бола тарбияси бўйича, ўзини ота-онаси қанақа тарбия қилган бўлса, худди шу тарбия усулларини қўллайди. Бу даврнинг болалари бошқа болалар эканлигини кўпгина ҳолларда ҳисобга олишмайди.
Боланинг руҳияти ривожланаётган пайтда, масалан, ақлий, ҳиссий, руҳий ва психик ривожланиш жараёнларида кўп ҳолатларда нуқсонлар мутахассиссиз аниқланиб бўлмайди. Яъни уни албатта мутахассис кўриши керак.
Шоира Исакова ҳозир ҳар бир таълим муассасасида психологлар фаолият юритаётганини алоҳида таъкидлади. Аммо шунга қарамай тиланчилик қилаётган ёки шу йўлга қараб кетаётган йигит-қизлар айнан мактабда ўқиган, устоз кўрган. Бу жараён бефарқлик ва ўз вақтида муаммонинг ечими топилмаганлиги оқибатида юзага келади.
— Кўп ҳолатларда ўзим ҳам метроларда боласини бағрига босиб олиб, “учта болам бор, уйда ейишга ноним йўқ” деб пул сўраган соғлом аёлларни кўраман, — дея қўшимча қилди Шоира Исакова. — Ваҳоланки, бугун хотин-қизларимиз учун кўплаб имкониятлар яратилган. Масалан, улар ўзлари ҳунар ўрганишлари, янги ишчи ўрин яратишлари мумкин. Имконият бор, лекин улар тиланчиликка ўрганиб қолишган ва буни ўзларига “касб” қилиб олишган. Тарихга назар соладиган бўлсак, тиланчилик азалдан бўлган. Яъни, уйма-уй юриб, пул, эҳсон йиғиб юриш ҳолатларини биз болалигимизда ҳам кузатганмиз. Ҳозирги кунда баъзи ўсмирларнинг ота-оналари “бу энди катта бўлиб қолди, мен буни шунча боқдим, энди бу мани боқсин” деган тушунча билан, уларни кўчага чиқаряптилар. Бола бечора пул топиш учун ноилож ўзини ҳар ёққа уради. Бири салфетка, бири музқаймоқ сотади, яна бири мошина гавжум жойларда автомобил шиналари ва ойналарини тозалайди. Бошқаси эса тиланчилик қилади. Баъзилари ота-оналарига ёрдам бераётган бўлишлари мумкин, лекин биз боланинг илм оладиган, ҳунар ўрганадиган вақтини, унинг болалигини ўғирламаслигимиз керак.
Бундай тиланчиларнинг кўпайишига сабаб бўлаётган яна бир омил — бу атрофдагиларнинг бефарқлиги. Агар инсон ҳаётда адашган, йўлини тополмаётган бўлса, унга йўл кўрсатадиган маслаҳатчи йўқ. Яъни, бизнинг эътиборсизлигимиз. Унинг ҳаёти, қийинчилиги, дардига қизиқмаслигимиз. Чунки, ҳамма одам ҳам катта ижтимоий ҳаётга мослашиб кета олмайди. Бу жараёнда мослашолмаган, муаммоларга дуч келган одамлар бор. Улар ҳам яшаши, тирикчилик қилиши, овқат ейиши, кийим кийиши керак. Баъзан улар ўз эҳтиёжларини қондириш учун ҳам ана шундай йўлни танлайди.
Дарҳақиқат, бундай тиланчилар орасида муҳтожлик, иложсизлик ва мажбурлик туфайли шундай йўлни танлаганлар ҳам бор. Лекин шуни айтиш керакки, фирибгар ва товламачилар кўпроқ. Улар куни билан садақа сўрашади, лекин кеч бўлганда, уйларига замонавий машина ёки таксида қайтадилар. Бундай фирибгарларнинг “шарофат”и билан ҳақиқатдан ҳам муҳтож инсонлар атрофдагиларнинг ёрдам ва ғамхўрлигидан маҳрум бўлаётгани ачинарли. Одамлар уларнинг қиёфасида ҳам ёлғончи ва фирибгарларни кўришади ва хайр-эҳсон қилишга иккиланишади.
Фаридун ЙЎЛДОШЕВ,
журналист
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0