Қисқартириш келгани учун ходимнинг иш ҳақидан ушлаб қолиниши мумкинми?
Меҳнат муносабатларида штатлар қисқартирилиши ёки ташкилот фаолиятининг тугатилиши энг долзарб ва нозик масалалардан бири ҳисобланади. Бундай ҳолатларда ходимларнинг ҳуқуқлари ва моддий манфаатларини ҳимоя қилиш алоҳида аҳамият касб этади. Айниқса, амалиётда айрим иш берувчилар «қисқартириш келгани» ёки «иш ҳажми камайгани»ни важ қилиб, ходимнинг иш ҳақидан ушлаб қолишга уриниши турли баҳс ва тушунмовчиликларга сабаб бўлмоқда. Қонунчилик эса бундай ҳолатларда ходимларнинг ҳуқуқларини аниқ тартибга солган.
Ушбу масала юзасидан Ishonch.uz учун махсус изоҳ берган “Адолат” МҲАМ ходими Бекзод Раҳматов амалда иш ҳақидан ушлаб қолишнинг қонуний асослари ва ходимлар ҳуқуқлари ҳақида тушунтириш берди.
Амалиётда баъзи иш берувчилар «қисқартириш келгани» ёки «иш ҳажми камайгани» ни важ қилиб, ходимнинг иш ҳақидан маълум суммаларни ушлаб қолишга ҳаракат қилишади. Бироқ, Меҳнат кодексининг 269-моддаси бундай ҳаракатларнинг қонунга зид эканлигини қатъий белгилаб қўйган. Унга кўра: Умумий қоидага кўра ходимнинг ёзма розилиги билан, ходимнинг розилиги бўлмаган тақдирда эса ушбу модданинг иккинчи қисмига мувофиқ иш ҳақидан ушлаб қолиниши мумкин.
Қуйидаги ҳолларда, ходимнинг ёзма розилигидан қатъи назар, иш ҳақидан ушлаб қолиш амалга оширилади:
— солиқлар ва йиғимларни ундириш учун;
— «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида белгиланган суд қарорларини ва бошқа ижро ҳужжатларини ижро этиш учун, шунингдек ваколатли органларнинг қонуний талабларини бажариш учун;
— иш ҳақи ҳисобига берилган бўнакни ушлаб қолиш учун, бошқа жойдаги ишга кўчиб ўтганлиги муносабати билан хўжалик эҳтиёжларига, хизмат сафарларига берилган, сарфланмаган ва ўз вақтида қайтарилмаган бўнакни ушлаб қолиш учун ҳамда ҳисоб-китобдаги хатолар оқибатида ортиқча тўланган суммаларни қайтариб олиш учун;
— ходим томонидан иш берувчига етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш учун, агар етказилган зарарнинг миқдори ходимнинг ўртача ойлик иш ҳақидан ошмаса;
— Меҳнат Кодекси 312-моддаси биринчи қисмининг 2-бандида назарда тутилган жаримани ундириш учун;
— ходим қайси иш йили ҳисобига таътил олиб бўлган бўлса, ўша йил тугагунига қадар меҳнат шартномаси бекор қилинганда таътилнинг ишлаб берилмаган кунлари учун.
Эътиборли жиҳати шундаки, қонунчиликда «штат қисқартирилиши» ёки «иш жойининг тугатилиши» иш ҳақидан ушлаб қолиш учун асос сифатида кўрсатилмаган. Аксинча, Меҳнат кодексига биноан, иш жойи қисқартирилаётган ходимга иш берувчи томонидан қўшимча кафолатлар ва компенсация тўловлари (масалан, ишдан бўшатиш нафақаси) тўланиши шарт. Иш берувчининг қисқартириш баҳонасида ходимнинг меҳнатига ҳақ тўлашдан бош тортиши ёки уни камайтириши меҳнат интизомининг қўпол равишда бузилиши ҳисобланади.
Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, Меҳнат кодексининг 269-моддасида кўрсатилган асослар билан иш берувчи сизнинг иш ҳақингиздан ёки таътил пулингиздан ушлаб қолиши мумкин. Лекин қисқартириш келгани учун иш ҳақингиздан ушлаб қолиши мумкин эмас. Бундай вазиятда ходим ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун Давлат меҳнат инспекциясига, Адлия органларига, Суд ёки прокуратура органларига мурожаат қилиши лозим. Ушбу органлар вазиятни ўрганиб чиқиб, ноқонуний ушлаб қолинган маблағларни қайтариш ва айбдор мансабдор шахсларга нисбатан тегишли чоралар кўриш ваколатига эга.
Хуллас, қисқартириш ходимнинг моддий ҳуқуқларини чеклаш учун эмас, балки меҳнат шартномасини қонуний бекор қилиш жараёни сифатида кўрилиши шарт.




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0