Карманада ўқитувчилар ҳокимликка чақирилди
Навоий вилояти Кармана туманидаги 9-мактаб ўқитувчилари иштирокида ўтган йиғилиш ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Хабарларга кўра, туман ҳокими мактабга ташриф буюриб, ўқувчилар билан суҳбатлашган. У ўқувчиларга турли саволлар бериб, шеър айтишни сўраган. Айрим ўқувчилар ҳаяжон сабаб саволларга жавоб бера олмаган.
Шундан кейин ҳоким мактаб ўқитувчиларини автобус орқали туман ҳокимлиги биносига чақиришни буюрган. Ҳокимликда ўқитувчилар иштирокида йиғилиш ўтказилиб, улар бир муддат тик оёқда тургани айтилмоқда.
Туман ҳокими ҳолатга изоҳ бериб, мактабда таълим сифати кутилган даражада эмаслигини айтди. Унинг сўзларига кўра, битирувчиларнинг олий таълим муассасаларига кириш кўрсаткичлари паст. Шунинг учун ўқитувчилар билан қисқа учрашув ўтказиб, бу масалани муҳокама қилганини таъкидлади.
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ушбу ҳолатни ўрганаётганини маълум қилди. Вазирлик маълумотига кўра, 2025 йилда Кармана туманидаги 9-мактаб битирувчиларининг 61 фоизи олий таълим муассасаларига ўқишга кирган. Мактаб битирувчиларининг ўртача балли 98,7 ни ташкил этган ва бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан ошганини билдирди.
Эслатиб ўтиш жоиз, “Педагогнинг мақоми тўғрисида”ги қонунга мувофиқ педагогларнинг шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўси давлат ҳимоясида бўлади. Қонунга кўра, педагогнинг касбий фаолиятига аралашиш ёки уни ўз вазифасига алоқадор бўлмаган ишларга жалб қилиш тақиқланади.
Вазирлик педагогларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда уларнинг касбий мавқеини сақлаш бўйича тегишли чоралар кўрилишини билдирди.




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0