«Кўзларига ёғлар теккан» китоб
Сарлавҳани ўқиб, «и-е, шунақаси ҳам бўларканми?» дейишингиз мумкин. Ажабланманг, бўлиши мумкин экан. Бунақа «кашфиёт»га ўзим ҳам биринчи марта дуч келяпман. Агар «ихтиро»га фақат биргина мисол бўлса, индамай кетаверишим мумкин эди, аммо...
Индаллога ўтсам, бугунги кунда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси қошидаги «Адабиёт» нашриёти бир қанча атоқли адибларнинг «Танланган асарлар»ини чоп этиб келаётир. Уларнинг орасида Чингиз Айтматовдан тортиб, Носир Фозилов ҳамда Ҳалима Худойбердиева асарларигача бор. Яқинда Ўзбекистон халқ шоири Анвар Обиджоннинг «Танланган асарлар»и ҳам нашр қилинди. Лекин гўзал муқовалар кўзингизни қанча қувонтирса, мутолаа жараёнида нигоҳингиз тушган имловий ва бошқа хатолар дилингизни шунча ранжитади. Афтидан, нашриёт мутасаддилари нима қилиб бўлса ҳам чоп этсак, бас, деган «тамойил» асосида ишлаётган кўринади. Акс ҳолда, китобларда кўплаб камчиликлар сув юзидаги кўпикдек қалқимасди.
Ўзбекистон халқ шоири Нормурод Нарзуллаев таваллудининг 90 йиллиги муносабати билан чоп этилган «Танланган асарлар»ни (Тошкент, «Адабиёт», 2024) шоирнинг ўғли Озоджон ака нашрга тайёрлаган. Аммо у киши келтириб берган қўлёзмаларни шу томларнинг аксарига муҳаррирлик қилаётган Дилрабо Мингбоева юракдан таҳрир ва таҳлил қилмаган кўринади. Бир китобда исм-шарифи Иқбола Исамуҳаммедова, бошқасида Иқбол Исамуҳаммедова деб ёзилган қизимиз ҳам масъулият ҳиссидан анча йироқ экани кўриниб турибди.
Китоб сўзбошисидаёқ хатолик бор. Ўзбекистон фан арбоби Сайдулла Мирзаевнинг гапи бўлиниб қолган: «Сўзимнинг хулосасида Нормурод Нарзуллаев истеъдодли шоир эканлигини, у ҳалол меҳнати, халқ ва давлат ғамхўрлиги туфайли униб-ўсган, элу юртга танилган. Қадр-қиммат топганлигини яна бир бор таъкидламоқчиман». (Қаранг, «Танланган асарлар», 10-бет). Олим шоир чоп эттирган китобларни санаб ўтаркан, улардан бири – «Аниқ вақт» матнда «Айни вақт» тарзида кетган. Хуллас, сўзбошининг ўзида иккита хато.
Сўнг шоирнинг шеърлари бошланади. Асар 1970 йилда нашр қилинган «Меҳр чашмаси» китобидан олинган туркум билан очилади. Китобнинг 83-бетидаги «Чироғим ёниқ» шеъридаги охирги мисралардан бири «Ўчиб кетган илҳом қушимни» тарзида босилган. 44-бетда берилган «Ишқингда ёниб...» ғазали 88-бетда такроран берилган, фақат бу гал сарлавҳага уч нуқта қўйилмаган. Бугина эмас, китобда «Севги овулида кутгайман сизни» шеъри (162- ва 197-бетлар), «Остонада ой» шеъри (219, 224-бетлар) ҳам икки мартадан берилган.
122-бетдаги шеър сарлавҳаси «Арвуғоннинг шаффоф ёшлари» тарзида хато берилган. «Хўжайлида бир Лайли» шеъридаги 5-банд якуни «Ёрда...» ўрнига «Ерда нозик ишим бор» (194-бет) бўлиб кетганига, шу шеърдаги кейинги банднинг учинчи қатори «Тегмасин ёғлар кўзи» тарзида босилганига ҳеч ким эътибор қаратмагани қизиқ. Шу тариқа, китобнинг «кўзига ёғ теккан». Ҳолбуки, «Чаман ичра» тўпламида ушбу шеър бирорта хатосиз, бояги сатрлар «Тегмасин ётлар кўзи» тарзида тўғри чоп этилган.
299-бетдаги «Жиззах жозибаси» ғазалида «қўл» сўзи икки марта ишлатилганига ажабландим. Наҳотки, шоир атиги 8 байтгина ғазалга қофия топишга қийналиб, бир сўздан икки марта фойдаланган бўлса – «Инсон қўли» ва «Олтин қўли»?! Бу ғазалнинг иккинчи қофияси аслида «олтин кўл» бўлиб, унинг тўғри шакли «Чаман ичра» китобининг 27-саҳифасида келтирилган:
Сув оқади, нур оқади, олтин кўли – бу.
Озарбайжон таассуротлари асосида ёзилган шеърдаги «Йўл бошида бир чипор бор...» сатрига кўзингиз тушса, асло ҳайрон бўлманг, у асли – чинор! Албатта, қўл билан кўлнинг фарқига бормаган одам чинор билан чипор (товуқ)нинг фарқига борармиди?!
Доиранинг қуш ёки қушнинг доира бўлгани ҳақида эшитганмисиз?
«Танланган асарлар»даги 311-бетда келтирилган «Қуш дойра қўшиғи» шеърини «доира қуш бўлдимикан ё бу файласуф шоирнинг бирор афсонасимикан», деб ўқисам, гап бошдан-оёқ қўш доира («дойра» эмас) ҳақида экан. Демак, шоир эмас, устомон ва тезкор ноширлар файласуф экан, «офарин»! Уларга қўш доирани қуш қилиб «ўчириб»... кечирасиз, учириб юбориш ҳеч гап эмас экан.
Жаноб ноширлар қоғозни иқтисод қилмоқчи бўлишган чоғи, қисқа бўғинли бир нечта шеърларни икки устун қилиб беришган. 364-бетдаги «Ҳазрат сабоғи» шеърининг сўнгги банди саҳифага сиғмай қолгач, тўрт сатрни «уриб-тиқиб» уч қаторга келтиришган. Натижада шеърий оҳанг бузилиб, асар якуни оддий гапга ўхшаб қолган.
Китобнинг кўзига ёғ теккан бўлса, менинг кўзларимга андак афсус ёшлари қалқди.
Негадир илгари ушбу китобга асос бўлган нашрларда берилган бир қанча шеър изоҳлари ва улар битилган саналар келтирилмаган. Натижада китоб мукаммаллигига маълум даражада путур етган. Шоир ҳаётлигида турли йилларда босилган китобларда тўғри ва бехато, мукаммал изоҳлари билан берилган шеърларнинг аксари ушбу китобда хатолар ва чалкашликлар билан «қайта дунёга келган». «Танланган асарлар»да Қорабайир (қишлоқ) ҳақидаги шеърнинг изоҳи келтирилмагани туфайли ўқувчи унинг дастлабки мисрасини ўқиб, гап от ёки қишлоқ ҳақида бораётганини билмай иккиланиб қолади.
Бизнингча, нашриётдаги масъуллар китобни ўзлари синчиклаб кўрмаганларига яраша, уни тузувчи ва тўпловчиларга ҳам кўрсатишга эринганлар. Масъулиятсизлик ва шошма-шошарликка йўл қўйганлар. Муҳарриру мусаҳҳиҳлар ҳам шундай катта нашрга панжа орасидан қараганлар. Айнан шу икки салбий ҳолат ва ўзибўларчилик оқибатида, халқ шоираси Энахон Сиддиқованинг ушбу нашр билан бир вақтда босилган «Танланган асарлар»ида ҳам бир шеър икки марта босилган. Машраб ғазалига мухаммасда эса, бир сўз тушиб қолган.
Шоира ҳеч қачон «Юзим ёруғ шу ел олдида», деб ёзмаган. Аммо афтидан баъзи шеърлар олдин лотин алифбосида терилгану, кириллга ўтказилганда, «ел» «эл»га айланиб қолганига ноширлар умуман эътибор беришмаган.
Хўп энди, ноширларимизни яна ранжитмаслик учун бошқа китоблардаги бундай нуқсонлар таҳлилига тўхталмаймиз. Инсоф ва диёнатни ўзларига берсин. Нашриёт ходимлари ўз вазифаларини сидқидилдан бажариб, маошларини оқлашлари, қолаверса, чоп этилаётган асарлар кенг омма мулкига айланишини теран ҳис қилишлари лозим. Зеро, бу китоблар шунчаки вақтинчалик нашр эмас, балки асрлар оша яшайдиган бадиий мерос, адибнинг бир умрлик меҳнати ва қалб нидосидир. Шуни англаш ва унутмаслик шарт.
Акс ҳолда, бепарволик оқибатида «доира»ни «қуш»га айлантириб «учириб юбориш» адабиёт хазинасига зимдан қилинган хиёнатдир. Ушбу китоблар кутубхоналар ва таълим муассасаларига тарқатилади. Агар минглаб нусхада чоп этилган китобларда масъулиятсизлик сабаб «чинор» сўзи «чипор»га айланиб кетса, бу ачинарли ҳол, албатта.
Яна бир муҳим гап: «Танланган асарлар»нинг илк саҳифаларида таҳрир ҳайъати аъзоси сифатида кўрсатиладиган Иброҳим Ғафуров каби забардаст адибларимизнинг нашр жараёнида амалий иштироки борми? Агар йўқ бўлса, шунчаки обрў учун уларнинг исм-шарифини қайд этиб, матнда қўпол чалкашликларга йўл қўйиш устозларимиз шаънига соя солмайдими? Ҳар қандай зийрак ўқувчида: «Наҳотки таҳрир ҳайъатининг бирорта аъзоси бу хатоларга эътироз билдирмаган бўлса?» деган ҳақли савол туғилиши табиий. Афсуски, саволлар бисёр, жавоблар эса...
«Адабиёт» ва бошқа нашриётлар мутасаддилари бу ҳақли эътирозлардан тегишли хулоса чиқариб олиб, келгуси фаолиятларида, Бобур Мирзо айтганидек, «мундин бери бир нима ҳушёрроқ» бўладилар, деб умид қиламиз.
Икромжон АСЛИЙ, шоир




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0