+22C

+22C

  • O'z
  • Ўз
Ўзбекистон
  • Сиёсат
  • Спорт
  • Жамият
  • Иқтисод
Хориж
  • Иқтисод
  • Сиёсат
Интервью
  • Маданият ва маърифат
Кутубхона
  • Адабиёт
  • Илмий ишлар
  • Мақолалар
  • Касаба фаоллари учун қўлланмалар
Бошқалар
  • Суратлар сўзлаганда...
  • Колумнистлар
  • Архив
  • Ўзбекистон журналистлари
  • O'z
  • Ўз

Telefon raqamingizni kiritng

Tasdiqlash kodini SMS orqali yuboramiz

Кириш

Ўн саккиз ёшга тўлмаган шахслар ишга киришда қандай ҳуқуқ ва кафолатларга эга?

Янги Меҳнат кодексида ўн саккиз ёшга тўлмаган шахслар учун қўшимча кафолат ва имтиёзлар алоҳида белгилаб қўйилди. Тошкент давлат юридик университети Меҳнат ҳуқуқи кафедраси катта ўқитувчиси Муҳаммадамин Каримжонов билан айни шу мавзу доирасида суҳбатлашдик.
Жамият
963 10:27 | 15.12.2023 10:27

– Қонун бўйича ишга қабул қилишнинг аниқ муддати белгилаб қўйилган бўлса-да, айрим иш берувчилар бунга амал қилмайди. Аслида ходимни неча ёшдан ишга қабул қилган маъқул?


МК тегишли моддаларига биноан фуқаро 16 ёшдан кейин ишга қабул қилиниши жоиз.


Ёшларни меҳнатга тайёрлаш учун умумий ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар таълим ташкилотларининг, касб-ҳунар мактабларининг, коллежлар ва техникумларнинг ўқувчиларини уларнинг соғлиғига ҳамда маънавий камол топишига зиён етказмайдиган, ўқитиш жараёнини бузмайдиган енгил меҳнатни ўқишдан бўш вақтида бажариши учун ишга қабул қилишга – улар 15 ёшга тўлиши билан ота-онадан бирининг (ота-онасининг ўрнини босувчи шахснинг) ёзма розилиги билан йўл қўйилади.


Маданий-томоша ташкилотларида, телевидение, радиоэшиттириш ташкилотларида ва бошқа оммавий ахборот воситаларида, шунингдек профессионал спортчилар билан ота-онанинг ҳар иккисининг (ота-она ўрнини босувчи шахснинг) розилиги ҳамда васийлик ва ҳомийлик органининг рухсати билан, соғлиғига ва маънавий камол топишига зиён етказмасдан асарларни яратиш ва (ёки) ижро этишда (кўргазмага қўйишда) иштирок этиш учун 15 ёшга тўлмаган шахслар билан меҳнат шартномасини тузишга йўл қўйилади. Кўрсатилган ёшга тўлган шахслар қабул қилиниши мумкин бўлган ишлар, касблар, лавозимлар рўйхатлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан Ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича уч томонлама республика комиссияси билан келишилган ҳолда тасдиқланади. Бундай ҳолда ходимнинг номидан меҳнат шартномасини унинг ота-онаси (ота-онасининг ўрнини босувчи шахс) имзолайди. Васийлик ва ҳомийлик органининг рухсатномасида ҳар кунлик ишнинг энг кўп йўл қўйиладиган давомийлиги ҳамда иш бажарилиши мумкин бўлган бошқа шартлар кўрсатилади.


18 ёшга тўлмаган шахсларни ишга қабул қилиш ва уларнинг меҳнатини қўллаш ушбу Кодекснинг 411 - 422-моддаларида назарда тутилган талабларга риоя этилган ҳолда амалга оширилади.


– 18 ёшга тўлмаган шахсларни касаначи сифатида ишга олиш мумкинми?


МКнинг 444-моддасига кўра, 16 ёшга тўлган жисмоний шахс касаначи бўлиши мумкин.


– Чет эл фуқаросини-чи?


МКнинг 522-моддасига кўра, меҳнат фаолиятини амалга ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси ҳудудига қонуний равишда кириб келган чет эл фуқаролари 18 ёшга тўлганида ходим сифатида якка тартибдаги меҳнат муносабатларига киришиш ҳуқуқига эга.


– Бу ёшдаги шахслар ишга қабул қилинганда уларга ҳам дастлабки синов муддати белгиланадими?


МК 129-моддаси 3-қисмига кўра, 18 ёшга тўлмаган шахслар ишга қабул қилинганда дастлабки синов белгиланмайди.


– Улардан қандай ҳужжатлар талаб қилинади?


Ишга қабул қилиш вақтида МКнинг 124-моддасида, шунингдек, бошқа қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган ҳужжатлар талаб қилинади.


– Улар ҳам ўриндошлик асосида ишласа бўладими?


МКнинг 433-моддасига кўра, 18 ёшгача бўлган шахсларнинг ноқулай меҳнат шароитларидаги ишларда ўриндошлик асосида ишлашига, агар ўриндошнинг асосий иши худди шундай шароитлар билан боғлиқ бўлса (бундан соғлиқни сақлаш тизими ташкилотлари ходимлари мустасно) ва қонунчиликда назарда тутилган бошқа ҳолларда йўл қўйилмайди.


Агар ўриндошлик асосида ишлаш ходимнинг, бошқа шахсларнинг соғлиғига ёки ишлаб чиқариш жараёни хавфсизлигига зиён етказиши мумкин бўлса, иш берувчи касаба уюшмаси қўмитаси билан келишилган ҳолда меҳнат шарт-шароитлари ҳамда тартибининг ўзига хос хусусиятларини инобатга олиб, муайян касб, мутахассислик ва лавозимларга нисбатан ўриндошлик асосида ишлашга чекловлар белгилаши мумкин.


– 18 ёшга тўлмаган шахсни ишга қабул қилишда меҳнат қонунчилиги талабларига риоя этилмаса, меҳнат шартномаси бекор қилинадими?


Бу ҳаракатлар меҳнат қонунчилигини бузиш сифатида баҳоланади ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга кўра жавобгарликка сабаб бўлади.


Ушбу ходимлар билан эса ишга қабул қилиш юзасидан белгиланган қоидалар бузилганлиги муносабати билан агар йўл қўйилган қоидабузарликни бартараф этишнинг имкони бўлмаса ва у ишни давом эттиришга тўсқинлик қилса МКнинг 168-моддаси (Меҳнат шартномасини тарафларнинг хоҳиш-иродасига боғлиқ бўлмаган ҳолатларга кўра бекор қилиш) 1-қисми 4-бандига кўра меҳнат шартномаси бекор бўлади.


МКнинг 170-моддасига кўра, иш берувчининг меҳнат шартномасини ушбу Кодекс 168-моддаси биринчи қисмининг 4-бандига кўра бекор қилиш тўғрисидаги буйруғида ишга қабул қилишнинг қандай қоидалари бузилганлиги, нима учун уларни бартараф этиб бўлмаслиги ва улар қайси сабабга кўра меҳнатга оид муносабатларни давом эттиришга тўсқинлик қилаётганлиги кўрсатилиши керак.


Бундан ташқари 18 ёшга тўлмаган шахсга мазкур иш берувчидаги иш стажига боғлиқ ҳолда МКнинг 173-моддасида белгиланган тартибда ишдан бўшатиш нафақаси тўлаб берилади, бундан ишга қабул қилишнинг белгиланган қоидалари ходимнинг айби билан бузилган ҳоллар мустасно.


– Вояга етмаган шахслар меҳнатидан қайси ишларда фойдаланиш тақиқланади?


МКнинг 412-моддасига кўра, 18 ёшгача бўлган шахсларнинг меҳнатини меҳнат шароити зарарли ва (ёки) хавфли бўлган ишларда, ер ости ишларида, шунингдек бажарилиши уларнинг ҳаётига ва соғлиғига, хавфсизлигига ва маънавий жиҳатдан камол топишига зиён етказиши мумкин бўлган ишларда (тунги кафе ва клубларда, спиртли ичимликларни, тамаки маҳсулотларини, гиёҳвандлик ва психотроп моддаларни, токсик препаратларни ишлаб чиқариш, ташиш ҳамда сотиш ва бошқалар) қўллаш тақиқланади.


18 ёшгача бўлган ходимларнинг улар учун белгиланган йўл қўйиладиган энг кўп нормалардан ортиқ бўлган оғирликдаги юкларни кўтариши ва ташиши тақиқланади.


18 ёшгача бўлган ходимлар меҳнатининг қўлланилиши тақиқланадиган ва бажарилиши вояга етмаганларнинг соғлиғига ва маънавий жиҳатдан камол топишига зиён етказиши мумкин бўлган ишлар рўйхати, шунингдек уларнинг оғир юкларни кўтариши ва ташиши чоғида йўл қўйиладиган энг кўп нормалар Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан Ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича уч томонлама республика комиссияси билан келишилган ҳолда тасдиқланади.


– Иш вақти бўйича қандай имтиёзлар берилган?


МКнинг 415-моддасига кўра, иш вақтининг давомийлиги 16 дан 18 ёшгача бўлган ходимлар учун ҳафтасига 36 соатдан ошмайдиган, 15 дан 16 ёшгача бўлган шахслар учун эса ҳафтасига 24 соатдан ошмайдиган қилиб белгиланади.


Ўқув йили давомида ўқишдан бўш вақтида ишлаётган ўқувчиларнинг иш вақти давомийлиги ушбу модданинг биринчи қисмида тегишли ёшдаги шахслар учун назарда тутилган иш вақти энг кўп давомийлигининг ярмидан ошиши мумкин эмас.


МКнинг 416-моддасига кўра, ҳар кунлик ишнинг (сменанинг) давомийлиги қуйидагилардан ошиши мумкин эмас:


15 дан 16 ёшгача бўлган ходимлар учун – олти кунлик иш ҳафтасида – тўрт соатдан, беш кунлик иш ҳафтасида – беш соатдан, 16 дан 18 ёшгача бўлган ходимлар учун эса олти кунлик иш ҳафтасида – олти соатдан, беш кунлик иш ҳафтасида – етти соату ўттиз дақиқадан;


ўқув йили давомида ишни ўқиш билан бирга олиб борувчи умумий ўрта, ўрта махсус ва касб-ҳунар таълими ташкилотларининг 15 дан 16 ёшгача бўлган ўқувчилари учун – олти кунлик иш ҳафтасида – икки соатдан, беш кунлик иш ҳафтасида – икки соату ўттиз дақиқадан, 16 дан 18 ёшгача бўлган ўқувчилари учун эса олти кунлик иш ҳафтасида – уч соатдан, беш кунлик иш ҳафтасида – тўрт соатдан.


Таътил вақтида 18 ёшгача бўлган ходимларнинг меҳнатига иш вақтининг қисқартирилган давомийлигида ҳақ тўлаш, худди иш вақти давомийлиги тўлиқ бўлганда ходимларнинг тегишли тоифалари учун тўланадиган миқдорда амалга оширилади (МКннинг 420-моддаси 1-қисми).Масалан, таътил вақтида ҳафтасига 24 соат ишлайдиган болага 40 соат учун ҳақ тўланади.


Ўқув йили давомида ўқишдан бўш вақтида ишлаётган 18 ёшгача бўлган ходимлар меҳнатига ишлаган вақтидан келиб чиқиб ёки ишлаб чиқариш натижасига қараб ҳақ тўланади (МКнинг 420-моддаси 4-қисми). Масалан, ҳафтасига 12 соат ишлайдиган болага, 12 соатга ҳақ тўланади.


– Бу ёшдаги ходимларни хизмат сафарига юбориш мумкинми?


МКнинг 417-моддасига кўра, 18 ёшгача бўлган ходимларни хизмат сафарига юбориш, тунги ишларга, дам олиш кунларидаги ва ишланмайдиган байрам кунларидаги ишларга жалб қилиш тақиқланади.


Маданий-томоша ташкилотларининг, телевидение, радиоэшиттириш ташкилотларининг ва бошқа оммавий ахборот воситаларининг ижодий ходимлари, профессионал спортчилар, шунингдек асарлар яратишда ва (ёки) ижро этишда (намойиш этишда) иштирок этувчи бошқа шахслар Ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича республика уч томонлама комиссияси билан келишган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган ишлар, касблар, лавозимлар рўйхатларига мувофиқ ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган қоидадан мустаснодир.


меҳнат таътили бўйича уларга қандай имтиёзлар берилган?


МКнинг 418-моддасига кўра, 18 ёшгача бўлган ходимларга давомийлиги камида 30 календарь кун бўлган йиллик меҳнат таътили берилади ва улар бу таътилдан йилнинг ўзлари учун қулай бўлган исталган вақтида фойдаланиши мумкин.


Агар йиллик меҳнат таътили берилаётган иш йили ходим 18 ёшга тўладиган ва тўлиб бўлганидан кейинги даврларни қамраб олса, таътилнинг давомийлиги ходим 18 ёшга тўлгунига қадар ва 18 ёшга тўлганидан кейинги ишланган вақтга мутаносиб равишда ҳисоблаб чиқарилади.


Меҳнат шартномасини бекор қилишда 18 ёшга тўлмаган шахслар учун қандай қўшимча кафолатлар бор?


МКнинг 421-моддасига кўра, 18 ёшгача бўлган ходимлар билан меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббусига кўра бекор қилишга, меҳнат шартномасини бекор қилишнинг умумий тартибига риоя этишдан ташқари, маҳаллий меҳнат органининг розилиги билан йўл қўйилади.


Бундан ташқари, МКнинг 161-моддаси 5-қисмига кўра, умумий ўрта махсус, профессионал таълим, шунингдек, давлат грантлари бўйича таълим олган олий таълим ташкилотларининг (таълим ташкилотини тамомлаган кундан эътиборан уч йил ичида биринчи бор ишга кирган) битирувчилари билан меҳнат шартномаси иш берувчининг ташаббусига кўра бекор қилинганда бу ҳақда маҳаллий меҳнат органига ёзма шаклда хабар қилиши керак.


Феруза РАҲИМОВА


Ishonch.uz



Изоҳ қолдириш
Жўнатиш
Mақолага баҳо беринг
0/5

0

0

0

0

0

Mақолага баҳо беринг
0/5

0

0

0

0

0

Мавзуга оид

Жамият
Жамият
ЧИЛЛА НИМА?
0 6618 16:57 | 05.08.2023