Навоий вилояти: Тарих саҳифаларидан бир парча
27 январь - Навоий вилояти учун муҳим сана. 1992-йилнинг шу куни Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши Раёсатининг "Ўзбекистон Республикаси таркибида Навоий вилоятини қайтадан тиклаш ҳақида"ги тарихий қарори қабул қилинди.
Бу қарор Навоий вилоятига "иккинчи ҳаёт" бахш этди. 1982-йил 20-апрелда Бухоро ва Самарқанд вилоятлари ҳудудларидан ташкил топган Навоий вилояти 1988-йилда маъмурий бирлик сифатида тугатилган эди.
1992-йилда эса вилоятнинг аввалги чегаралари қайтадан тикланиб, унинг таркибига Бухоро вилоятининг Навоий, Зарафшон ва Учқудуқ шаҳарлари, Конимех, Қизилтепа, Навбаҳор, Навоий, Томди, Учқудуқ туманлари, Самарқанд вилоятининг Нурота ва Хатирчи туманлари киритилди. Навоий шаҳри эса вилоятнинг маъмурий маркази этиб белгиланди.
Бугун Навоий вилояти Ўзбекистоннинг муҳим саноат ва маданий марказларидан бирига айланди. Вилоятдаги бой табиий ресурслар, хусусан, олтин, уран ва бошқа фойдали қазилмалар, шунингдек, ривожланган саноат комплекслари ва илмий-тадқиқот муассасалари ҳудуднинг иқтисодий салоҳиятини оширмоқда.
Қизилқум воҳасида таълим, соғлиқни сақлаш ва маданият соҳалари ҳам юқори даражада ривожланган. Вилоятдаги университетлар, мактаблар, театр, музейлар ва бошқа маданий муассасалар аҳолининг маърифий ва маданий савиясини оширишга хизмат қилаётир.
Умид Худойқулов.
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0