Ғазо болалари: Уруш соясида ўсаётган авлод
“Мен синглимни қучоқлаб ётган эдим, кейин портлаш бўлди... уйғонган пайтимда у йўқ эди...”
— Муҳаммад, 9 ёшли ғазолик бола
2023 йил кузида бошланган Ғазо секторидаги қуролли тўқнашувлар минглаб бегуноҳ инсонлар ҳаётига зомин бўлди. Аммо энг оғир зарба – болаларга бўлмоқда. Бугунги кунда Ғазо халқининг ҳар учинчи қурбони афсуски– бола. Улар нафақат ракета зарбаларидан, балки очлик, касаллик, тоза сув ва дори-дармон етишмаслигидан ҳалок бўлмоқда. БМТ, UNICEF ва бошқа халқаро ташкилотлар бу ҳолатни “замонавий тарихдаги энг йирик болалар ҳалокати” деб атамоқда.
БМТнинг 2025 йил апрель ойида эълон қилинган сўнгги ҳисоботига кўра, Ғазо секторидаги ҳарбий можаролар бошланганидан бери камида 14 500 нафар бола ҳалок бўлган. Бу эса ҳар 10 дақиқада бир бола ҳаётдан кўз юммоқда деганидир.
UNICEF маълумотларига кўра:
• 17 мингдан ортиқ бола ота-онасиз қолган;
• 70 фоиздан зиёди руҳий зарбага учраган;
• Кўплаб болалар оғир куйиш, ампутация ёки доимий ногиронлик ҳолатига тушган.
Гуманитар ёрдам етиб бормаяпти…
Гуманитар ташкилотлар Ғазодаги вазиятни асрдаги энг оғир ҳолат деб атамоқда. Кўпгина давлатлар ёрдам беришга тайёр, бироқ егулик ва ҳаёт учун зарур бўлган маҳсулотлар етиб боришида катта тўсиқлар мавжуд. Гуманитар ёрдам конвойлари чегараларда тўхтаб қолмоқда. Исроил томонидан қўйилган чекловлар, хавфсизлик текширувлари ва логистика муаммолари оқибатида ёрдам етказилиши кечикмоқда ёки бутунлай тўхтаб қолмоқда. UNICEF, Қизил Хоч жамияти, “ Чегарасиз шифокорлар” каби ташкилотлар ёрдам олиб кириш учун халқаро босимни кучайтиришга чақирмоқда.
Халқаро Қизил Хоч Қўмитаси ходимлари ҳаётларини хавф остига қўйиб ёрдам етказишга уринмоқда, бироқ уларнинг ўзлари ҳам нишонга олинаётган ҳолатлар кўп учрамоқда.
UNICEFнинг Яқин Шарқ бўйича эксперти Нора Абделҳамид журналистлар билан суҳбатда шундай дейди:
— Ғазодаги болалар учун ҳозирги энг катта хавф ҳақида жавоб бериш мен учун оғир. Сабаби ўлим ҳар қадамда бор. Бу давлатда ҳозир тирик қолиш ҳам хавфли– етим қолган болаларнинг руҳий изтироби ўта оғир. Улар кечаси хотиржам ухлай олмайди, юраклари доим ҳадикда. Ҳар бир портлаш, ҳар бир шовқин уларнинг онгида чуқур из қолдиради. Биз имкон қадар сув, озиқ-овқат, дори-дармон, шунингдек, руҳий тикланиш бўйича ёрдам кўрсатишга ҳаракат қиляпмиз. Аммо ресурслар етарли эмас. Бизга халқаро ҳамжамиятнинг бирдамлиги зарур.
Бугунги кунда қуйидаги давлатлар ва ташкилотлар Ғазо секторига ёрдам кўрсатмоқда:
• Туркия — тиббий ёрдам ва эвакуация рейслари;
• Иордания — парашют орқали дори-дармон етказган;
• БМТ — ташкилотлари орқали гуманитар коридорлар очиш бўйича музокаралар юритмоқда;
• Норвегия, Швеция, Малайзия — молиявий ёрдам ва кўнгиллилар юборган.
Шу билан бирга, ёрдам етказишдаги энг катта тўсиқ – сиёсий келишмовчиликлар ва бюрократик қийинчиликлардир.
Ғазо бугун ўзаро сиёсий келишмовчиликлар эмас, инсониятнинг ахлоқий ва виждоний инқирозини акс эттирмоқда. Болалар – уруш бошламаган, аммо энг кўп жабр кўрган қатлам бўлиб қолмоқда.
Ғазодаги касалхоналар ҳам вайрон этилган
Соғлиқни сақлаш тизими бутунлай издан чиққан. Касалхоналарнинг аксарияти бомбардимон қилинган, қолганлари эса дори-дармон, электр энергияси ва сув танқислигидан қийналмоқда. Шифокорлар беморларни шам ёруғлиги остида операция қилишга мажбур бўлмоқда. Бемор болалар кўп ҳолларда оддий дори ёки нафас олиш мосламаси йўқлиги сабабли ҳаётдан кўз юммоқда.
Ғазодан эфирга узатилаётган видеолар, журналистлар томонидан ёзилаётган мақолалар, болалар билан ўтказилган интервьюлар урушнинг қанчалик шафқатсиз бўлишини исботламоқда. Интервьюлардан бирида олти ёшли Юсра шундай дейди:
“Мен акамни топа олмаяпман. Уни охирги мартта портлашдан олдин кўрган эдим. Мен шунчаки қайта уйғонмаслик учун ухлагим келади... ”
Сўзда “тинчлик”, “инсонпарварлик” деган атамаларни тилга олган кўплаб давлатлар амалда сукут сақламоқда. НАТО, Европа Иттифоқи, АҚШ – бир-бирини айблаш билан банд. БМТ Хавфсизлик Кенгаши доимий аъзолари эса қарор қабул қила олмай, вето ҳуқуқларидан сиёсий қурол сифатида фойдаланмоқда. Натижада, энг ҳимоясиз қатлам – болалар – жазо сифатида ўлимга маҳкум этилмоқда.
Бугун омон қолган болалар эртанги куннинг умидсиз авлодини шакллантиради. Улар мактабга эмас, вайроналарга қараб улғаймоқда. Бу эса бутун минтақадаги барқарорликка таҳдид солмай қолмайди.
Феруза РАҲИМОВА,
ishonch.uz
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0