Копенҳаген – 2025 йилнинг энг бахтли шаҳри деб эълон қилинди
Happy City Index ташкилоти томонидан ҳар йили эълон қилинадиган дунёдаги энг бахтли шаҳарлар рўйхатида бу йил Дания пойтахти Копенҳаген етакчи ўринни эгаллади. Шаҳар 2025 йилда тарихий кўрсаткич – 1039 балл тўплашга муваффақ бўлди.
Копенҳагеннинг ушбу муваффақияти тасодифий эмас: у барқарор ривожланиш, экологик поклик ва замонавий, экологик тоза транспорт воситаларидан самарали фойдаланиш имкониятлари билан ажралиб туради. Аҳолининг 69 фоиздан ортиғи велосипед ёки жамоат транспортида ҳаракатланади. Шунингдек, шаҳарда бахт ва фаровонлик мавзусини илмий ва маданий жиҳатдан ўрганишга бағишланган “Бахт музейи” фаолият кўрсатади.
Рейтингда иккинчи ўринни Швейцариянинг Цюрих шаҳри эгаллади. У самарали соғлиқни сақлаш тизими, мустаҳкам иқтисодиёт ва барқарорликни таъминловчи давлат сиёсатлари билан юқори баҳога сазовор бўлди — 993 балл.
Сингапур (979 балл) эса рўйхатда учинчи ўринни эгаллаб, Европадан ташқаридаги энг бахтли шаҳар сифатида қайд этилди. Экспертлар таълим сифати, ишсизлик даражасининг пастлиги ва аҳолининг ижтимоий фаоллигини асосий омиллар сифатида таъкидлашди.
Тўртинчи ўрин Даниянинг иккинчи йирик шаҳри – Орхус (958 балл)га насиб этди. Унинг муваффақияти фуқароларнинг шаҳар бошқарувига кенг жалб қилиниши ва кучли иқтисодий кўрсаткичлари билан боғлиқ. Кучли бешликни Бельгиянинг Антверпен шаҳри (956 балл) якунлаб, Жанубий Кореянинг Сеул шаҳрини ортда қолдирди.
Кучли ўнликқа, шунингдек, Стокҳольм, Тайпей, Мюнхен, Роттердам ва Ванкувер каби шаҳарлар кирди. 30 та энг бахтли шаҳарлар қаторида Вена, Париж, Нью-Йорк, Женева ва Барселона каби йирик мегаполислар ҳам бор.
Тадқиқот муаллифларининг таъкидлашича, шахсий бахт даражаси табиий иқлим ёки юксак даромадга эмас, балки инфратузилманинг ривожланганлиги, сифатли тиббиёт, экологик барқарорлик ва жамиятдаги инклюзивлик каби омилларга боғлиқ.
Афсуски, Марказий Осиёдаги шаҳарлар — жумладан, Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон шаҳарлари бу галги рўйхатда кучли 200 таликка ҳам кира олмади. Хусусан, Озарбойжон, Мўғулистон ва БАА шаҳарлари ҳам рўйхатда акс этмаган.
Машҳура ЖЎРАҚУЛОВА
Ishonch.uz
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0