“Обрўли ҳўкиз” бола пулини кутиб ўтиради
ёхуд кимдандир нимадир кутиб умрни совурманг!
Негадир боқимандалар, ўтирволиб давлатни, одамларни ёмонлайдиганлар, доим кимдандир ниманидир кутиб яшаётганлар кўпайгандай...
Ёдингизда тутинг – жисмонан ногирон, ақлан заиф бўлмасангиз, жамиятнинг ҳамма қатори бир вакили бўлсангиз, ҳеч ким сизни боқиш, иш топиб бериш, уй-жой билан таъминлаш ёки текин свет-газ етказиб бериш мажбуриятини олмаган.
Тўғри, жамиятдаги ҳар қандай умумий муаммолар ечими давлатнинг зиммасида. Давлат иш ўринлари яратиши, ҳар бир фуқаро ўзининг ақлий ва меҳнат салоҳиятини намоён этиши учун шароит қилиши лозим. Лекин бу айнан Сиз учун қобилиятингиз бўлса-бўлмаса ойлиги катта иш бериши шарт дегани эмас.
Ҳокимиятни, маҳаллани, умуман бутун борлиқни бўралатиб сўкиб ҳам яшайвериш мумкин. Бироқ ҳар қанча берилса ҳам, еб тугатилади, етарли бўлмайди.
Сизнинг ҳаётингиз – фақат сизники. Болаларингиз камолоти учун ҳаракат қилиш ҳам фақат сизга керак. Ўтириб олиб нолиш билан бирор мақсадига эришган одам йўқ.
Ҳаракатни бошланг! Майли, энг оддийсидан, кам даромадлисидан. Аммо, кўникмангизни мунтазам ошириб боринг. Ишонинг, бирор соҳа йўқки, устаси ризқини тополмай қолган бўлса.
P.S.:Албатта, ҳозир ишласа ҳам ойлик камлигини, ўша ишнинг йўқлигини айтадиганлар югуриб келади ва баҳсни бошлайди. Тил, технологиялар билиш талаб қилинадиган юқори маошли касбларку майли, Ўзбекистонда усталар, сантехник, электрик, машинасоз, мебелчи каби ҳунар эгалари жуда етишмайди. Борлари дуппа-дуруст ишлаб юришибди, ҳалоли бўлсин! Наҳотки, ишсизликдан дод деяётганлар шу касбларни бўлса ҳам ўрганиб олмай, умрини бировга тикилиб ўтказишса?
Уринманг, иш тополмаётганингизга ишонтиролмайсиз. Сабр қилмаётганингизни, қобилиятингиз етмаётганини, талабга бўйингиз ёр бермаётганини хаспўшлайсиз, холос.
Мавзуда оид фикрлар:
Нодир Сувонов:
– Ўзбекистонда усталар, сантехник, электрик, машинасоз, мебелчи каби ҳунар эгалари жуда етишмайди…
* * *
Абдулатиф Яхшиликов:
– "Балоғатдан кейин етимлик йўқ" деган Пайгамбаримиз (с.а.в.) нафақат ўз фикрларини, балки илоҳий ҳукмни бизга етказганлар.
* * *
Илҳом Одилов:
– Қўшиламан, ҳақиқатдан тўрт мучаси соғ одам қимирласа, бировнинг кўмагисиз натижаларга эришса бўлади. Озроқ вақт керак, холос.
* * *
Дилфуза Зарипова:
– Биттасини биламан. Ҳўкиздай ётволади, эртадан кечгача уйда. “Фалон иш менга тўғри келмайди, бу иш обрўйимга тўғри келмайди” дейди яна. “Ўзи сенинг қанақа обрўйинг бор?” сўрайдиган одам йўқ. “Обрўли ҳўкиз” боласини пулини кутиб ўтиради. Шундан бошқа даромади йўқ.
Аброр Зоҳидов
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0