Рўзибой бобо гиннеснинг рекордлар китобига кирадими?
Қашқадарё вилоятидан Иккинчи жаҳон урушида 47 минг 51 нафар, шу жумладан, 95 нафар хотин-қиз қатнашган. Шундан 22 минг 77 нафари ўз юртига соғ-омон қайтган. Улар сафида қамашилик Рўзибой Сатторов ҳам бор.
Отахон айни вақтда 115 ёшда.
– Сталинград фронтида ўқчи бўлиб хизмат қилдим, – дея эслайди у. – Қамалда бўлиб, оғир дамларни бошдан кечирган кезларимиз ҳамон ёдимда. Кунларнинг бирида қаттиқ отишмадан сўнг ҳушимдан кетиб қолганман. Кўзимни очсам, атрофимда сон-саноқсиз инсон мурдалари ётибди. Бундан бир неча дақиқа олдин ўз орзу-ниятларини сўзлаб берган Николайнинг кўзи очиқ ҳолда жонсиз ётганини кўриб, вужудим титраб кетди.
Ҳа, уруш, ўз номи билан уруш. У неча минглаб бегуноҳ инсонларнинг ёстиғини қуритди. Кимдир отасидан, яна кимдир акаси, укаси, ёридан, энг яқин жигаргўшасидан ажралди.
Рўзибой Сатторов 1945 йили қадрдон қишлоғига қайтди. Элу юрт хизматига бел боғлади. Ўз ишига масъулият билан ёндашиш, ҳалол ва сидқидилдан қилинган меҳнатлари сабаб ҳурмат-эътибор топди.
– Ҳаётимдан розиман, – дейди Рўзибой ота. – Беш нафар фарзанднинг отаси, эллик саккиз нафар набира, қирқ икки нафар чевара, саккиз нафар эваранинг бобоси бўлдим. Уларнинг ардоғини ҳар дам ҳис этиб тураман. Қолаверса, давлатимиз эътиборидамиз. Мана, яқинда Президентимизнинг уруш ва меҳнат фахрийларига кўрсатаётган ғамхўрлигидан кўнглимиз тоғдек кўтарилди. Вилоят, туман ҳокимликлари, Жануби-ғарбий ҳарбий округ, мудофаа, давлат хавфсизлик, фавқулодда вазиятлар бошқармаси раҳбарлари, жойлардаги ҳарбий қисм зобит ва аскарлари биздан тез-тез хабар олиб туришибди.
– Ҳозир вилоятимизда 4 нафар Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси бўлиб, улардан Шаҳрисабз туманилик Саъдулла Жабборов 105 ёшда, касбилик Хайрулла Шерматов 101 ёшда, Шаҳрисабз шаҳрилик Омон Бобоев 100 ёшда, – дейди Қашқадарё вилояти ҳокимининг фахрийлар бўйича маслаҳатчиси Январ Иноятов. – Уларнинг ёши энг улуғи Қамаши тумани, Манғит қишлоғида яшовчи Рўзибой Сатторов айни вақтда 115 ёшни қаршилади. Биз узоқ умр кўриб келаётган юртдошимиз Рўзибой Сатторовни Гиннеснинг рекордлар китобига киритиш учун тавсиялар бердик.
Зотан, ана шундай улуғ, табаррук инсонлар бор экан, ҳаётимиз гўзал, юртимиз фаровон бўлаверади.
Ҳусан Темиров,
журналист
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0