Эски автоларни тақиқлаш керакми ёки йўқ?..
Ishonch. uz мухбири Тошкент вилояти ИИББ ЙҲХБдан бу юзасидан изоҳ сўради. Маълум бўлишича, республикада 2025 йилга келиб транспорт воситалари сони 5,2 миллионтадан ошган бўлиб, шундан 87,6 мингтаси ишлаб чиқарилганига 50 йил бўлган машиналардир (шундан 9 мингдан зиёди Тошкент вилоятида).
2026 йилнинг январидан бошлаб, Ўзбекистонда 50 йилдан ортиқ хизмат қилган автомобиллардан фойдаланиш тақиқланиши айтилмоқда. Бу хабардан сўнг, ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари турли муҳокамали изоҳларни қолдиряпти. Кимдир: “Эски машинасида киракашлик қилаётганлар нима қилсин” деса, бошқа биров: “Эски машинада юк ташиб, рўзғорини тебратаётганлар бор-ку” демоқда. Яна кимдир эса, бу қарорга ҳайрихоҳ бўлиб, “Тўғри қилишади. Эски автоларнинг габарити ҳам, бурилишлари ҳам ҳозирги замонга мос келмайди. Жудаям секин юргани ҳисобига йўлларда тирбандликлар ҳосил қилади” деган иддаони келтирмоқда.
– 1988 йилда ишлаб чиқарилган жигули машинам бор, – дейди киракашлик билан шуғулланувчи Билол Эркинов. – Мен фақат шу уловим билан рўзғоримни юргазаман. Агар улар давлат рўйхатидан чиқарилса, нима бўлади? Яна бошқа машинани бу ерда ишлаб олиб бўлмайди, Россияга бориб ишлашим керакми?
– Ҳозирги ишлаб чиқарилаётган машиналар эски машиналар каби бақувват эмас, – дейди бошқа бир ҳайдовчи Санжар Алламурадов. – Туппа-тузук хизмат қилиб турганларини чеклаш қанчалик тўғри?
Айни пайтда фуқароларнинг турли муҳокамалардан иборат изоҳлари ҳануз давом этмоқда. Дарҳақиқат, ишлаб чиқарилганига 50 йилдан ошса ҳам, уни соз ҳолатда миниб, рўзғорини бут қилиб турган оила бошлиқлари йўқ эмас. Мамлакатимизда топиш-тутиши ўртача бўлган, янги автомашина сотиб олишга қурби етмайдиган аҳоли вакиллари эса, кўпчиликни ташкил қилади.
Биз бу масалага батафсил ойдинлик киритиш мақсадида, Тошкент вилояти ИИБЙҲХБ матбуот хизмати раҳбари Рустам Асқаров билан боғландик.
– Бу қарор ҳозирча қабул қилинмади, лекин вақт ўтиб у қабул қилиниб, босқичма-босқич амалга оширилиши белгиланмоқда, – дейди масъул. – Бунда, бир жиҳатга эътибор бериш керак, яъни, автомашина антиквар бўлса, унга махсус давлат рақам белгиси берилади. У автомашина йўлларда ҳаракатланмайди, шу ҳолатда сақланиши шарт.
Аслида, 1975 йилдан олдинги ишлаб чиқарилган автомашиналарнинг барчаси ҳозир яроқсиз ҳолатда, сабаби уларнинг двигателлари, кузовлари носоз. Баъзилари фуқароларнинг ўзбошимчалиги билан таъмирланиб, бошқа автоларнинг эҳтиёт қисмлари жойлаштирилган. Бундай транспорт воситаларини бошқа одамларга бериб юбориш, давлат рақам белгиларини ечиб олиб, бошқа автоларга тақиб олиш ҳолатлари кўп. Ҳатто ўша рақамлар билан радарларга тушишади, йўл ҳаракати қоидаларини бузишади ва оқибатда рақам кимнинг номида бўлса, ўша фуқарога жарима солиняпти. Ҳозирда эътирозли мурожаатлар ҳам кўпайиб кетди.
Масалан, Тошкент вилоятининг ўзида 9 минг дона ана шундай автомобиллар бор. Уларни инвентаризациядан ўтказиш жараёнида уларнинг кўпи хонадонларда яроқсиз ҳолда сақланаётгани аниқланди. Ҳозир бу машиналарнинг давлат рақам белгиларини йиғиб олиш, жиноят йўлларида фойдаланишга йўл қўймаслик, бошқа ҳаракат иштирокчиларига халақит бермаслиги ва йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш мақсадида инвентаризация жараёни тўлиқ олиб борилмоқда. Айнан юқоридаги ҳолатлар юзага келгани учун ҳам бундай автомашиналарни ҳисобдан чиқариш мақсадга мувофиқ деб топилди.
Демак, ИИББ ЙҲХБ матбуот хизмати раҳбарига кўра, айни пайтда эски автомобиллар сақланиши ва улардан фойдаланиш бўйича турли чалкашликлар мавжуд ва ягона йўли – уларни давлат рўйхатидан чиқариш. Унинг яна келтиришича, эски автолар киракашлик фаолиятини олиб бориш учун ҳам талабга жавоб бермайди. Биринчидан, машина техник кўрикдан ўтказилмайди, иккинчидан эса унга йўловчи ташиш учун махсус руҳсатнома ҳам олиб бўлмайди. Ижтимоий тармоқларда бонг ураётганлар аслида, қонун-қоидаларни четлаб ўтмоқчи бўлган фуқаролар. Бу эски автолар ҳаттоки фуқароларнинг ҳаёти учун хавф ҳам туғдиради. Ҳозир уларда асосан, қишлоқ жойлар ва тоғли ҳудудларда фойдаланишмоқда ва машиналарнинг ағдарилиб кетиш ҳолатлари ҳам учрамоқда. Шунинг учун, фуқаролар бундай чоранинг энг аввало уларнинг ҳаётини муҳофаза қилиш, ҳужжатлардаги ноаниқликлар ва йўллардаги турли ҳолатларнинг олдини олишга қаратилганини тушуниб етишса, мақсадга мувофиқ.
Маълумот учун, республикада 2025 йилга келиб транспорт воситалари сони 5,2 миллионтадан ошган бўлиб, шундан 87,6 мингтаси ишлаб чиқарилганига 50 йил бўлган машиналардир.
Таъкидланишича, бундай автотранспорт воситалари хавфсизлик талабларига жавоб бермайди ва экологик меъёрларга (Евро-4, Евро-5) мос эмас, 30 фоиз кўпроқ зарарли газ ажратади ҳамда маънан эскирган транспорт воситалари давлат рақам белгисини ноқонуний тақиб юриш (139 та ҳолат аниқланган) ҳолатларига сабаб бўлмоқда.
Қолаверса, 2024-2025 йилларда 50 йиллик автомобиллар иштирокида 67 та йўл-транспорт ҳодисалари содир этилган ва уларда 23 нафар фуқаро ҳалок бўлган.
Холида Эгамбердиева,
Ishonch.uz
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0