Сувсиз ерлар барака манбаига айланди
Бешариқликлар азалдан миришкорлиги ва меҳнатсеварлиги билан шуҳрат топган. Отамурод Саидаҳмедов ҳам ер билан тиллаша оладиган деҳқонлардан бири. У ташландиқ ва тошлоқ ерни обод қилиб, 50 сотих майдонда иссиқхона ташкил этди. Айни кунларда иссиқхонасида помидор етиштирилмоқда. Ундан камида 35-40 минг доллар фойда олишни кўзлаяпти.
— 17 йил Россияда ишлаб келдим. Айтарлик самара бермайдиган, суғориш муаммо бўлган тошлоқ ерни олиб, обод қилишни бошладим. Бошида ҳадик бўлди, оила аъзоларим билан астойдил ишга киришдик. Ерни тошдан тозаладик, сўнг катта машиналар ёрдамида тоза тупроқ олиб келиб тўкдик. Меҳнат билан дашт жой ҳам обод бўларкан. Иссиқхонага 12 минг туп помидор кўчати экилган. Унинг ҳар бир тупидан 5 кг.гача ҳосил олиш мумкин — дейди у.
Экин суғориш учун сув муаммо бўлгани учун томчилатиб суғоришнинг йўлга қўйилгани катта самара бермоқда. Бодринг ҳосилидан кейин экилган помидор кўчатлари тўла ҳосилга кирган. Яна саноқли кунлардан сўнг илк ҳосилни йиғиш бошланади.
Бешариқ туманида ернинг ҳар бир қаричидан унумли фойдаланиб, иссиқхона ташкил этган омилкор деҳқонлар талайгина. Улар меҳнати билан нафақат рўзғорини обод қилмоқда, балки бозорлар тўкинлигига ҳам ўз ҳиссаларини қўшиб келмоқда.
Жамшид Эргашев
“Ishonch”




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0