Қуйидаги мутасаддилар мурожаатларга эътиборлироқ бўлишса, юқорига сим қоқишлар барҳам топарди
Норин тумани “Зарбдор” маҳалласида яшовчи Н.А. II гуруҳ ногирони бир неча йилдан бери қандли диабет касаллигидан азият чекади. Лекин шундай бўлсада, у ҳаёт синовларига енгилмасдан, жамиятда ўз ўрнини топишга интилиб яшайди. Касб-ҳунар коллежини битириб, вилоят касалхонасида ҳамшира бўлиб ишлаб, хусусий университетда сиртдан таҳсил олади.
У даволаниши учун кўп миқдорда дори-дармон сотиб олади. Бир томонда университетга контракт тўловини қилиши керак. Қўйингки, ёлғиз, сўққабош қизнинг ташвишини аритадиган яқинлари ҳам йўқ ҳисоби.
У узоқ ўйлаб, минг бир андиша билан туман ҳокимлиги мутасаддиларига бир неча марта мурожаат қилди.
-1-босқич талабасиман. Шунга кўра, ярим ўқув йили учун шартнома тўловини ярими ўтказилган. Ҳозирда қолган яримини тўлашга, шароитим йўқ. Дори-дармонларим учун ҳам, маблағ зарур. Ўзим "Аёллар дафтари"нинг 3-тоифасида киритилганман. Мутасаддиларга бир неча марта мурожаат қилдим. Бироқ, натижа йўқ, ҳатто, аризамни ёпиб юборишган.
Осмон олис, ер қаттиқ.
Ёлғиз, камига узоқ давом этган беморликдан қийланган қизнинг ташвишларини аритадиган бирор киши бўлмади.
Шундай кунларнинг бирида танишларининг тавсияси билан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг 1211 рақамли «Ишонч телефони»га сим қоқди.
Синовли кунлар ортидан елкасига кун теккандек бўлди. Тез кунлар орасида унга 750 минг сўм моддий ёрдам кўрсатилди.
Қиссадан ҳисса, агар вақтида қуйи тизимда ишлаётган раҳбарлар унинг мурожаатига ижобий жавоб қилганларида, ортиқча сарсон-саргардонликларга чек қўйиларди. Энг муҳими, фуқаро давлатимизнинг инсонпарвар сиёсатини ўз вақтида ҳис қиларди. Юқорига сим қоқиб, мурожаат қилишга ҳам эҳтиёж қолмасди.
Анваржон ҲАЛИМОВ
“ISHONCH”
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0