Жимлик чимматини ёриб чиққан нур
Ёхуд Президент Шавкат Мирзиёевнинг Хоразм вилоятига ташрифидан кейинги ўйлар
Хоразм – нафақат мамлакатимиз ёки минтақамиз, балки башарият тарихида юксак ўрин тутадиган ўлка. Буни билган одам билади, билмаганлар уни республикамиздаги ўн тўрт маъмурий ҳудуднинг биттаси, деб ўтиб кетаверади.
Нуфузли манбаларнинг тушунтириш беришича, қадимда Катта Хоразм номи билан аталган давлат инсоният тамаддуни тараққиётида кўҳна Миср, Бобил, Ҳинд давлатчилиги билан беллаша оладиган ўтмишга эга бўлган. У асрлар давомида Ўрта ва Кичик Осиё, Евроосиё халқларининг ўзаро муносабатларида муҳим воситачи вазифасини бажариб келган.
Хоразмда оёққа турган давлатлар нафақат минтақамиз, шу билан бирга, Эрон, Ҳиндистон, Европа халқлари ҳаётига ўз таъсирини кўрсатган. Бу таъсир фақат иқтисодий ёки ҳарбий-сиёсий эмас, балки зеҳният омили билан боғлиқлиги, цивилизацияга дахлдорлиги билан янада аҳамиятлироқ эди. Гапимиз асоссиз бўлмаслиги учун шу ерда америкалик йирик сиёсатчи олим, «Марказий Осиё ва Кавказ» институти директори Фредерик Стардан айни мавзуда бир иқтибос келтирамиз. У юртимизнинг қадим маданияти ва илм-фан, кенгроқ айтганда, биз бугун биринчи Ренессанс, деб атаётган нодир ҳодисани шарҳлаётиб бундай дейди: «...800-1100 йиллар орасида марказий осиёлик бу олим, санъатшунос ва мутафаккирлар плеядаси минтақани дунёнинг интеллектуал марказига айлантирдилар. Уларнинг таъсир доираси Шарқий Осиё ва Ҳиндистондан Европа ва Яқин Шарққача таралган эди».
Дарҳақиқат, Хоразм, бугунги «сиёсий тил»да айтганда, ўз даврининг маданий, сиёсий-иқтисодий доминант ўйинчиси – актори ва муносиб қудрати («держава») бўлган. Унинг ҳудуди Амударёнинг қуйи қисмидан жанубга томон Мурғоб ва Тажан дарёларининг бошланиш қисмигача чўзилган.
Бу ўлка ҳақидаги дастлабки маълумотлар зардуштийликнинг асосий манбаси «Авесто», Доро I нинг Биҳистун тош битиклари, қадимги юнон муаллифлари, араб географларининг асарларида учрайди. Масалан, «Авесто»нинг «Яшт» қисмида Хоразм «Минг ирмоқли дарё», «Кўллар ва ўтлоқларга бой ўлка» сифатида мадҳ этилади.
Абу Райҳон Беруний ўзининг «Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар» асарида шундай ёзади: «Хоразмликлар Хоразмга одамлар жойлаша бошлаганидан тарих олар эдилар. Бу Искандардан 980 йил илгари бўлган эди. Ундан кейин Сиёвуш ибн Кайковуснинг Хоразмга келишидан, Кайхусрав ва унинг наслининг Хоразмга подшоҳлик қилишларидан тарих олдилар. Шу вақтда Кайхусрав Хоразмга кўчиб, турк подшоҳлари (устидан) ҳукмронлигини юргизган эди. Бу воқеа Хоразмга одам жойлашишидан 92 йил кейин бўлди».
Бу шуни кўрсатадики, уч минг йил олдин ҳам Хоразмда бизнинг аждодларимиз яшаган ва бу ерларда давлатчилик маданияти бўлган. Мисол учун, Геродот қадимда Окс (Аму) дарёси бўйлаб 360 дан зиёд сунъий суғориш иншоотлари барпо этилгани ҳақида ёзиб қолдиргани фандан маълум. Бундан ташқари, дастлабки шаҳарсозлик тимсоли бўлган шаҳар-қалъалар – Қалъалиқир, Кўзалиқир, Жонбосқалъа каби олис ўтмишдан сўзловчи археологик иншоотлар Хоразм воҳасидаги қадимий давлатчилик белгилари, десак, ҳеч адашмаган бўламиз.
Бу ўтмиш, албатта. Аммо келажак доим тарих устига қурилишини ҳисобга олсак, Хоразмнинг асл салоҳияти, шуҳрати ва қудратини ҳис қиламиз. Аммо, таассуфки, кўпчилигимиз замонлар шиддати дунёга довруқ солган бу диёрни ўтмиш саҳифаларидан сиқиб чиқаришга ҳаракат қилганига ҳам гувоҳ бўлдик. Олис тарихни қўйиб турайлик, кечаги кунларимизда ҳам «Хоразм» сўзи сиёсий дискурслардан «чекиниб», маиший гурунглардагина ишлатиладиган мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётининг компоненти – таркибий қисми даражасига тушиб қолганига кўпчилигимиз шоҳидмиз.
Мен яхши эслайман, мустақиллигимизнинг ўтган деярли 25 йилида воҳадагилар «изчил ислоҳот»лар ҳақида гап кетганда, эски Питнак, ҳозирги Тупроққаъла туманидаги «Дамас» автомобиллари йиғиладиган чоғроққина завод ҳақида гапиришарди, холос. Айниқса, мухбирга рўбарў келиб қоладиган масъул ёки фаолга бундай пайтларда қийин бўлганини тасаввур қилса бўлади. Чунки мустақилликни улуғловчи кўрсатув ёки мақолани жимжимадор қилиб «безаб чиқиш»га шу заводдан ташқари арзирли бир гап топиб гапиришнинг ўзи қийин эди. Эҳтимол, шунинг учун ҳам бундан 7-8 йил аввалги Хоразм ҳақидаги кўрсатув ёки мақолаларни кузатсангиз, гап, асосан, воҳанинг тарихи, санъати ҳақида кетарди...
Бугун эса бу ерда амалга оширилаётган ишларга ҳавас қилмайдиган одамнинг ўзи йўқ.
***
– Вилоятимиз узоқ йиллар эътибордан четда қолгани бор гап, – дейди хоразмлик оқсоқол, Хоразм вилояти «Нуроний» жамғармаси раиси Рустам Султонов. – Мен бировга маломат қиладиган ёшда эмасман. Бу йил 87 га кирдим. Бир гапни очиқ айтаман, эътибор берилмаган, назардан четда қолган одам ҳам, жой ҳам, жайдаричасига айтганда, кўкармайди. Бунинг исботини биз кўрдик. Узоқ пайтлар вилоятимиз марказнинг назаридан четда қолди. Буни тирик жон борки, ҳис қилди. Жамоатчилик орасида аралашиб юрганим учун яхши биламан, 5-6 йиллаб бу ерга марказдан, ҳатто, нуфузлироқ тўрт-беш вазир келганини эслай олмаймиз. Гўёки биз унутилдик, ҳамманинг эсидан чиқиб қолдик...
Оқибат нима бўлди, кўзимиз билан кўрганимиз – вилоятнинг ҳам, аҳолининг ҳам шўри қурий бошлади. Бир тасаввур қилинг, аниқ бир душман йўқ, ҳеч ким сизни «ёмон кўраман» деб очиқ ёки расмий равишда гапирмайди, аммо аҳвол ҳалигидақа. Ҳаммамиз, сиз ҳам яхши биласиз, мустақиллигимизнинг илк йилларида иқтисодий «кризис» бўлиб, одамларнинг турмуш даражаси тушиб кетди. Ишлай десанг, иш йўқ, одамга ўхшаб яшашга шароит йўқ. Аммо кейин-кейин аҳвол ўзгарди, ҳақиқатниям айтиб қўйишимиз керак, албатта. Баъзи вилоятлардаги аҳолининг туриш-турмушини кўриб-эшитиб, очиғи, ҳавас қилардик.
Айтмоқчи бўлган гапим – Хоразм ўша «кризис»нинг оғир ботқоғида ботиб қолгандай эди гўё. Кейин нима бўлди, деб сўрасангиз, унинг асоратлари янада оғриқлироқ бўлди. Одамлар қишлоқ-қишлоқ, маҳалла-маҳалла бўлиб четга – мардикорликка чиқиб кетди. Овулу шаҳарлар ҳувиллаб қолди. Эркакларнинг бари тирикчилик учун кетгач, маҳаллаларда чолу кампирлар, аёллар ва болалар қолди.
Сизга даҳшатли бир ҳодисани айтаман. Майли, ўзимизники бўлса-да, уялмайман. Чунки бу ҳақиқат! Қайси бир йиллари Хива туманидаги Қосма қишлоғида жаноза бўлади. Майитни тобутга жойлагач, уни кўтарадиган битта бўлсин эркак топилмайди...
Энди айтинг, халқ учун бундан ортиқ яна қандай ситам бўлиши мумкин?! Ҳатто, уруш йилларида ҳам бундай бўлмаган, деб ўйлайман...
Одамлар шароит бўлмаганидан кейин иссиқ жойларини, Ватанларини ҳам ташлаб кетишга мажбур бўларкан. Ахир ҳаммаям болам-чақам дейди. Мардикорликдан ташқари, бизда кўп одамлар уйларини ташлаб, бошқа вилоят ва шаҳарларга ҳам кўчиб кетди. Мана, масалан, мен кўп эшитаман, Тошкент атрофидаги ҳудудларда ҳозир хоразмликлар анча кўпайган. Тўғри, бунинг ёмон жойи йўқ – Ватан ҳаммамиз учун битта. Аммо бу ерда гап бошқа масалада. Кетаётган одам қишлоғи ё овулида кўраётган кунидан розилиги учун кетаётгани йўқ... Мен ҳеч кимни ёмон демаган, ўтган кунларни қораламаган (чунки у кунлар ҳам бизнинг тарихимиз) ҳолда бир гапни сизга очиқ айтаман. Мендан яқинларим, ҳатто, набираларим Шавкат Мирзиёевни нега бунча яхши кўрасиз, деб сўрашади. Жавобим битта: бу одам хоразмнинг ғурурини, шаънини қайтарди, дейман.
Ўзингиз ўйланг, давлат тепасига келганига етти йил бўлган бўлса, Хоразмга бу галгиси, адашмасам, ўн иккинчи сафари бўлади. Яна ҳар келганида қуруқ қўл билан эмас, шу элга наф берадиган, одамларимизнинг турмушини фаровонлаштирадиган таклиф ва ташаббуслар билан келади. Триллионлаб маблағлар, чет эллик ҳамкорларни бу ёққа олиб келиб, вилоятимиз ободлиги, одамларимиз фаровонлиги учун ишлатиш ўзидан-ўзи бўладиган иш эмас-ку!
Мен Шавкат Миромонович Хоразмнинг шаъну шавкатини қайтарди, деганимда яна бир чуқур ўйни хаёлимдан ўтказдим. Бу – воҳанинг тарихи, қадриятлари, маданияти ва санъати билан боғлиқ. Бу инсон 2022 йилда Урганчда Жалолиддин бобомизнинг жуда улкан ҳайкалини ўрнатиб, унинг пойида сўзлаганда кўзига ёш олмаган асл Хоразм фарзанди қолди, деб ўйлайсизми?! Ҳолбуки, Жалолиддиннинг номи ҳам, жасорати ҳам неча асрлардан буён бор эди. Ватанимизнинг бу ёвқур ўғлони кўрсатган жасорат нафақат Хоразмнинг, балки минтақамиз, қолаверса, бутун туркий дунёнинг фахри эди.
Ана шу кўмилиб ётган жавоҳир, тарихнинг синдириб бўлмас адолатини ким тиклади? Шавкат Мирзиёев! Шунча ишни қилган ватандошимни, Юртбошимни қандай яхши кўрмаслигим мумкин, ахир?!
***
Очиғи, оқсоқолнинг гаплари мени жуда таъсирлантирди.
Тўғри, Президентимиз бу ерда олиб бораётган комплекс ишлар бўйича озми-кўпми хабаримиз бор эди. Аммо кўпчилик қатори бу ишларга фақат вилоятнинг маиший-иқтисодий аҳволини яхшилаш сифатида қараганим хато эканини шу суҳбатдан кейин тушундим. Шавкат Миромонович масаланинг ичига чуқурроқ кирган экан. Яъниким, халқнинг рўзғорини бутлаш билан бирга, унинг қадр-қиммати, ғурурини ҳам жойига қўйиш, маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлашни ҳам дилига туккан экан.
Шу ўринда мен Президентнинг «Арда Хива» очилиш маросимида қилган нутқидан бир неча иқтибос келтирмоқчиман. Зеро, улар мазмун-моҳиятига кўра, ҳозир мулоҳаза қилаётган фикрларимизни баҳоли қудрат қўллаб-қувватлайди.
Мана, улар:
«Хоразм дунё цивилизацияси ва маданиятига бебаҳо ҳисса қўшган Шарқ гавҳаридир. Бу кўҳна юрт жаҳонга донғи кетган не-не олиму фозиллар, саркарда ва султонлар, азиз авлиёлар, бетакрор шоир ва ҳофизлар ватанидир.
Илм-маърифат машъаллари бўлган Муҳаммад ал-Хоразмий, Абу Райҳон Беруний, Паҳлавон Маҳмуд, Огаҳий, ватанпарварлик тимсоли бўлган Нажмиддин Кубро ва Жалолиддин Мангуберди сингари улуғ зотлар халқимизнинг фахру ифтихоридир...».
«Биз аждодларимиз қолдирган беқиёс илмий-маънавий меросни асраб-авайлаш, бойитиш ва дунёга кенг тарғиб этишни ўз олдимизга улуғ мақсад қилиб қўйганмиз. Шу боис Маъмун академияси биноси олдидаги 2 гектар боғ «Буюк алломалар» номли очиқ осмон остидаги «смарт» музейга айлантирилади. Шу асосда Хоразм юртида камол топган ўнлаб мумтоз аждодларимизнинг ибратли ҳаёт йўли, бой ижодий мероси интерактив усулда бир нечта хорижий тилларда сайёҳларга тақдим этилади.
Куни кеча Урганч шаҳрида Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги янги университет ва IT мактабини ташкил этиш бўйича алоҳида қарорни имзоладим. Аминманки, бу таълим даргоҳлари бўлғуси хоразмийлар, берунийлар билим оладиган ўқув масканларига айланади».
Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан янграган айни сўзлар қадим Хоразмнинг буюк тарихи, ўз даврида инсоният йўлини ёритган интеллектуал салоҳиятининг ҳақли маънода эътироф этилишини, бу нодир неъматларга ҳурмат бажо келтирилишини англатади, албатта. Ушбу мулоҳазалар тасаввуримда бир манзарани пайдо қилади. Бу бугунги янги дунёда қадим диёрнинг маънавий жиҳатдан қайта кашф этилиши, туғилиши билан боғлиқ ўй-фикрлардир.
Мен сўзимнинг аввалида Фредерик Стар мақоласидаги иқтибосни бежиз келтирмадим. Америкалик олим айни сўзлари билан бу ўлка халқлари ўз ақл-идроки, закоси билан вақтида дунёни измига бўйсундирган, ортидан эргаштиролган, бироқ ҳозир бу ерларда саҳронинг оғир бир сукунати ҳукмрон, аммо вақт келадики, бу чўккан «жимлик чимматини»ни бир кун яна куч-қудрат салобати, илму зиё нури ёриб чиқади, фақат бунинг учун тарихий зарурат ва кучли бир шахснинг қатъияти керак, деган фикрга ишора қилади.
Бугун биз яна бир нарсадан шодланишимиз керакки, ўша кунлар келди. Муҳтарам Шавкат Мирзиёев бугун ўз ғайрату шижоати, қалбидаги шу халққа бўлган сўнмас муҳаббати билан айни тарихий «жимлик»ни бузишга, сўнган чироқларни қайта ёқишга, ўтмишда боболаримиз забт этган манзилларни қайта эгаллашга барчамизни илҳомлантирмоқда, десам, тўғри айтган бўламан.
***
Мен Хоразмнинг бугунги замон адиблари орасида машҳур шоиримиз Омон Матжоннинг номини алоҳида тилга оламан. Унинг «Қуёш соати» номли китобига киритилган бир шеъри мени мудом ҳам ўйга толдиради, ҳам фикрий хассослиги жиҳатидан ҳайратлантиради. Ўша шеърда шоир «Нега Хоразмда тоғлар йўқ?» деган саволни ўртага қўйиб, «Хоразмда тоғлар йўқ эмас, бор. Хоразм тоғлари воҳани тонгда қуёшдан тўсиб қўймаслик учун одамлар қиёфасида яшашади! Ва улар – Муҳаммад Хоразмий, Абу Райҳон Беруний, Паҳлавон Маҳмуд, Огаҳий, Ферузлардир», дея жавоб беради.
Ушбу шеърни мен айни дамда бекорга ёдга олмадим. Зотан, истеъдодли шоиримиз ўз асарида Хоразмнинг тоғлари сифатида тизиб чиққан рўйхатга бугун биз чексиз ғурур ва ифтихор билан яна бир тоғ – воҳанинг тарихий қалбини, шавкатини, шонини қайта тиклаётган Шавкат Мирзиёев номини ҳам қўшиб қўйсак, айни ҳақиқат бўлади, деб ўйлайман. Бунинг учун маънавий асос бўлиб хизмат қилувчи мулоҳазаларни юқорида айтиб ўтдик.
Шоирнинг бир вақтлар ёзган шеърини таҳрирлаш учун бошқа асосларимиз ҳам бор. Бу, ўлкада бугун кечаётган ободончилик, яратувчилик, элни рози қилиш йўлидаги хайрли ташаббуслар билан боғлиқ мулоҳазалардир. Айни замонда Қизилқум ва Қорақум саҳроларига туташ заминда улкан яратувчилик ишлари амалга оширилмоқдаки, буни, албатта, вилоятга келган одам остонаданоқ пайқайди.
Остона, деб шартли маънода атаётганимиз – Урганч халқаро аэропорти ва унинг биқинида қад ростлаётган Ал-Хоразмий шаҳарчаси бу гапимизга арзирли мисол бўла олади.
Мен Урганчга жуда кўп борганман ва аэропортида ҳам кўп бўлганман. Аммо унинг биқинида шундай муҳташам шаҳарча бунёд этилади, деган фикр ҳеч маҳал хаёлимга келмаган. Бугун бу ерда нафақат шаҳарча бунёд этилаётир, балки аэропортнинг ўзи ҳам қайта реконструкция қилинмоқда. Корея Республикасининг «Incheon International Airport Corporation» компанияси умумий қиймати 223 миллион АҚШ доллари бўлган лойиҳа доирасида катта ҳажмдаги ишларни бошлаб юборган. Бундан мақсад битта: вилоятда туризм салоҳиятини ошириш, халқимизга намунали авиация хизматлари кўрсатиш.
Қолаверса, юқорида айтганимиздек, аэропорт биқинидаги 130 гектардан зиёд ҳудудда муҳташам шаҳарча бунёд этилади. Яъни бу ерда келгусида технопарк ва офислар, тиббиёт ва маданият марказлари, хиёбонлар, мактаб ва боғчалар, спорт мажмуалари, савдо ва маиший бинолар бўлади. Шаҳарча марказида улуғ бобомиз Ал-Хоразмийнинг қарийб 31 метрдан иборат муаззам ҳайкали ўрнатилади.
Айни вақтга қадар ушбу ҳудудда 72 та кўпқаватли уй қурилиб, 1 773 та хонадон аҳоли ихтиёрига топширилди. Бу йил яна 1000 хонадонли 28 та тураржой қурилиши белгиланган. Яқин истиқболда уларнинг сони 5 мингдан ортади.
Аслида сайёҳларнинг илк таассуроти аэропортдан шаклланади. Бинобарин, Урганч халқаро аэропортини модернизация қилиш, унинг ён-атрофида замонавий типдаги интеллектуал ҳудудни барпо этиш воҳа аҳлига қулайлик яратибгина қолмай, ҳаво кемаларида Хоразмга, демакки, Ўзбекистонга учиб келаётган меҳмонларнинг мамлакат ҳақидаги тасаввурларини кенгайтиришга хизмат қилади.
Шу ўринда алоҳида таъкидлаш зарур: бугун Хоразм аҳли ва меҳмонларига яратилаётган қулайлик ва имкониятлар фақатгина вилоятнинг рамзий остонаси – аэропорт бўсағасида қолиб кетгани йўқ. Унинг жадал ва илҳомбахш суръатлари вилоятнинг барча соҳа ва жабҳаларида ўз аксини кўрсатяпти.
Хусусан, воҳа аҳлининг асрий орзуумиди бўлган темирйўл транспорт-коммуникация тизими Президентимизнинг фаол саъй-ҳаракатлари билан изчил рўёбга чиқа бошлади. Биргина Шовот – Гурлан – Қипчоқ темир йўлининг ишга туширилиши натижасида Россия ҳамда Қозоғистондан юкларни ташиш масофаси 240 километрга, ташиш вақти эса 6 соатга қисқарди. Бухоро – Урганч – Хива темир йўлини электрлаштириш муваффақиятли якунланди. Келгусида Жанубий Кореянинг «Hyundai Rotem» компаниясидан юқори тезликда ҳаракатланувчи 6 та электропоезд харид қилиниб, «Тошкент – Хива» йўналишида қатновлар йўлга қўйилади. Натижада Тошкентдан Хивага бориш учун оддий поездда сарфланаётган 14 соатлик вақт 7 соатгача, яъни икки баробар қисқаради.
Вилоятда темир йўл транспорти билан бирга, ички йўналишлардаги жамоат транспортининг ҳам хизмат сифати яхшиланиб боряпти. Масалан, ўтган йили Хитойнинг «Zhongtong» компаниясида ишлаб чиқарилган 50 та замонавий автобус келтирилди. Ушбу автобуснинг сиғими 70 кишилик бўлиб, Wi-Fi ва кузатув камералари билан жиҳозланган ҳамда ногиронлиги бор ва кексалар учун ҳам қулай. Эътиборлиси, бундай шароитлар транспорт етишмовчилиги ва кўчаларда тирбандликнинг олдини олиб, фуқароларнинг эркин ҳаракатланишига хизмат қилмоқда.
Албатта, бу ҳали ҳаммаси эмас. Вилоятда тадбиркорларга яратилаётган мислсиз имкониятлар туфайли йирик ишлаб чиқариш корхоналари билан бирга, якка тартибдаги ишбилармонлар, ўзини ўзи банд қилган аҳоли сони ҳам кундан-кунга ортиб бормоқда.
Мебелсозлик шулар жумласидан. Бугунги кунда вилоятда 300 дан ортиқ корхоналар шу фаолият билан шуғулланади. Соҳадаги якка тартибдаги тадбиркорлар 200 дан ортиқ, 1 минг 300 дан зиёд аҳоли ўзини ўзи банд қилган. Лекин уларнинг кўпчилиги тор жойда, ноқулай шароитда ишларди.
Ҳозир эса шароит бутунлай ўзгарди – давлатимиз раҳбарининг мебель саноатини ривожлантиришга оид қарорига мувофиқ, Хонқа туманидаги 10 гектар ерда мебель маҳсулотларини кластер усулида ишлаб чиқариш, кўргазма ва савдо объектларини ўз ичига олган саноат зонаси ташкил этилди. Пировардида бу ерда Германия, Италия, Швейцария, Туркия, Хитой каби давлатлардан келтирилган замонавий дастгоҳлар ўрнатилиб, қиймати 10 миллион доллардан иборат 61 та корхона фаолият бошлади. 650 киши эса иш билан таъминланди.
Айтиш жоизки, саноат зонасида энергия самарадорлигига ҳам алоҳида аҳамият қаратилган. Муҳими, бу ерда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар ташқи бозорларга ҳам йўналтирилиб, 3 миллион доллардан зиёд экспорт қилиниши мўлжалланган.
Мени Хоразмда илҳомлантирган энг муҳим воқеалардан бири – Президентимизнинг Хонқа туманидаги «Собиржон Юсуф» оилавий фермер хўжалиги раҳбари Ойимжон Отажанова билан учрашгани бўлди. 73 ёшга кирса-да, ер билан «тиллашиш»дан, «диллашиш»дан асло чарчамаган бу аёл, айтиш мумкин бўлса, Юртбошимиз илгари сурган ташаббус – томорқачилик сиёсатининг ёрқин намунаси, десам, янглишмаган бўламан.
Президентимизнинг машҳур бир ибораси бор. У киши узоқ йиллар амалга ошмай ётган ташаббуслар ижобатини кўрганда, одатда, кўнгли қувончга тўлиб, шу иборани қўллайди: қилса бўлар экан-ку! Мен опанинг ғайрати, хўжалигидаги ишлар кўлами ва унумини кўрганимда шу гап хаёлимда жонланди. У бугун ўз хўжалигига қарашли 3 гектар майдонда мевали ва манзарали дарахт кўчатлари етиштиради. Яна икки гектарида боғдорчилик билан шуғулланади. Қолаверса, 12 сотихли иссиқхонада 40 турдаги гул кўчатларини парвариш қилади. Иссиқхона замонавий сув тежамкор технологиялар билан таъминланган бўлиб, унинг ҳар бир бўлимида кўчатларнинг тури ва хусусиятидан келиб чиқиб зарур микроиқлим яратилган.
Серғайрат бу аёл йилига 50 минг тупдан ортиқ кўчатлар ўстириб, сотувга чиқаради. Ҳозир улар қўшни ҳудудлар, Қозоғистон ва Туркманистонга ҳам етказиб берилмоқда. Йиллик даромад ёмон эмас – нақд бир миллиард сўм!
Фидойи миришкорнинг ёшлар ва хотин-қизларни иш билан таъминлашдаги ҳиссаси ҳам катта экан. Ҳозиргача унинг 200 дан ортиқ шогирдлари бор. 300 нафар ишсиз фуқарога кўчатчилик сир-синоатларини ўргатиб, маҳалласидаги 70 фоиз хонадон билан касаначиликни йўлга қўйган.
Шу ўринда бир гапни айтай, Ойимжон опа ёрдамида бугун ҳаётда ўз йўлини топган ўнлаб хотин-қизлар бор. Уларнинг аксарияти бир пайтлар хорижга мардикор сифатида чиқиб кетиб, қийин аҳволга тушиб қолганди.
Энди бир ўйланг, Хоразмда Ойимжон опадек аёллар, инсонлар биттами? Йўқ, улар кўпчиликни ташкил қилади. Ўнлаб-юзлаб яратилаётган янги иш ўринларига ишсиз аҳоли қамраб олинмоқда. Ҳа, бугун хоразмликлар аста-секин олис ўлкалардан юртга қайтмоқда. Президентимиз сиёсатидаги инсоний принципларнинг асл ўзакларидан бири ҳам шу аслида.
***
Буюк ренессанслар маданиятлараро мулоқотлар орқали ҳосил бўладиган ҳодиса, дейишади олимлар. Бу, бор гап.
Тарихимизни қарасак, ўтмишда юз берган икки уйғониш даври ҳам ривожланган давлатчилик паллаларига тўғри келади. Буюк Ипак йўли чорраҳасида жойлашган Ватанимиз қачонки, савдо-сотиқ, туризм, борди-келдиларга очиқ бўлган замонлардагина бу ҳодиса юз кўрсатган. Чунки бу ўлкага келаётган савдогар ҳам, сайёҳ ҳам, ҳеч шубҳасиз, ўзи билан бирга ўз маданиятини олиб келади ёки аксинча. Шунинг учун ҳам бугун Президентимизнинг дунё давлатлари билан олиб бораётган дўстона муносабатлари, туризмга ривожланишимизнинг асосий драйвери сифатида баҳо бераётганининг асл сабаблари шу ерда, десак, тўғри бўлади, назаримда.
Хоразм ҳам мамлакатимиз туризм гавҳарларининг бир шодаси. Шунинг учун кейинги йилларда вилоятда айни соҳага юксак эътибор қаратилаётир ва ютуқлар ҳам ёмон эмас.
Буни ҳудудга хорижий сайёҳларнинг ташрифи етти-саккиз йил олдинги даврдагига нисбатан 30 баробар кўпайганида ҳам кўриш мумкин. Соҳадаги ўзгаришлар ҳисобига бугун вилоят туризм хизматлари экспорти 2017 йилдаги 7 миллион доллардан ўтган йили 380 миллион долларга етди.
Тасаввур қиляпсизми, ўртадаги фарқ 8 йил ичида қарийб 55 баравар ортган. Албатта, бу рақамлар қандай заҳматли саъй-ҳаракатлар эвазига зоҳир бўлаётганини барчамиз кўриб, билиб, ҳис этиб турибмиз. Бинобарин, бугун кўҳна кент ичра қад ростлаган яна бир бетакрор шаҳар – «Арда Хива» ана шу саъй-ҳаракатларнинг маҳсулидир, десак, сира хато бўлмайди.
Эсимда, илгари Хоразм туризми ҳақида гап кетганда кўпчиликнинг хаёлига фақатгина Ичан қалъа келар эди. Бироқ кейинги вақтларда бу борадаги тасаввурлар бутунлай ўзгарди. Вилоятда туризмни ривожлантиришга алоҳида стратегик йўналиш сифатида қаралиб, тарих ва замонавийликни ўзида мужассам этган йирик туристик мажмуалар барпо қилинди. Сайёҳлар учун қирқдан ортиқ туристик йўналишлар ишлаб чиқилиб, уларнинг сони юзтага етказилди.
Дарвоқе, «Арда Хива» ўзида тарих ва бугунни уйғунлаштирган меъморий ечими билан ноёб лойиҳа саналади. У 25 гектарлик паст унумли, шўрхок майдонда қурилган бўлиб, унинг меъморий ечими Ичан қалъаникига ўхшаб кетади. Фақат уларни битта фарқ ажратиб туради – бунёд этишга кетган муддат. Ҳаммамиз яхши биламизки, Ичан қалъа хонликлар замонида асрлар давомида қурилган. «Арда Хива» эса атиги 9 ойда барпо этилди.
Йилига 3 миллион нафар сайёҳни қабул қилиш имконига эга ушбу муҳташам халқаро туристик масканда 17 та меҳмонхона ва меҳмон уйлари, 9 та ресторан, очиқ ва ёпиқ аквапарклар, 3 минг ўринли амфитеатр, 5 та кино ва концерт зали, кўргазмалар павильони, 70 та дўкон, 300 та савдо растаси, 11 та ҳунармандлар уйи, Шарқ бозори ва заргарлик маркази, фавворалар, соҳил бўйи йўлаги бор. Айниқса, унинг бир томони 150 гектарлик Ғовук кўлга туташиб кетгани лойиҳани сайёҳлар учун янада жозибадор кўрсатишга хизмат қилади. Президентимиз таъбирлари билан айтганда, «Ичан қалъа» тарихий бўлса, «Арда Хива» Хоразмнинг замонавий «ташриф қоғози» бўлади.
Маълумот учун айтиш ўринлики, яқин истиқболда Хива туманида «Арда Хива» сингари яна бир мажмуа – «Саҳро юлдузи» номли янги туристик комплексни барпо этиш режалаштирилган. Унда меҳмонхоналар, кўнгилочар марказлар, гастрономик ва савдо кўчалари, музейлар, экоуйлар, ёзги лагерь, экстремал туризм жойлари бўлади.
Шунингдек, Тупроққалъада чўл ҳудудидаги 5 минг гектар ерда сафари ва ов туризми ривожлантирилади. Урганч шаҳри, Шовот, Қўшкўпир, Хива ва Ҳазораспдан оқиб ўтадиган Ғазовот, Полвон, Шовот каналлари бўйларида 50 миллион долларлик 80 та хизмат кўрсатиш, савдо-кўнгилочар объектлари ишга туширилади. Боғот, Гурлан, Янгибозор ва Урганч туманларида туризм қишлоқлари ташкил этилади. Қисқаси, буларнинг барчаси вилоят туризми ривожида янги саҳифа очиши аниқ.
Хоразмга ташрифи давомида давлатимиз раҳбари ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича «Йўл харитаси»ни ҳам белгилаб берди. Хусусан, воҳанинг энг чекка тумани – Тупроққалъада йирик газ-кимё мажмуаси, Ҳазораспда кимё, Қўшкўпирда «Ўзбекистон – Хитой» технопаркларини қуриш, шунингдек, Тупроққалъадаги автомобиль заводида «Евро-5» стандартига жавоб берадиган автомобиль ишлаб чиқариш, иқтисодиёт соҳасида эса ялпи ҳудудий маҳсулотни 60 триллион сўмдан ошириб, 265 минг аҳолини иш билан таъминлаш, 104 минг одамни камбағалликдан олиб чиқиш вазифаси қўйилди.
Албатта, статистика – бу статистика, деб қарайдиган одамлар бугун ҳам орамизда бор. Аммо унинг ҳаётдаги аксини кўрганда ҳеч ким бу маълумотларни рад этолмайди. Бугун Хоразм воҳасидаги ҳаёт ритми шундай ишонч устига қурилмоқда. Шаҳару қишлоқлар, овулу маҳаллаларда одамлар гавжумлашмоқда, йўқотилган ишонч тикланмоқда. Муҳими, одамларимиз буни ўз турмушларида ҳис этишмоқда.
Мақоламизда вилоят оқсоқоли Рустам оғанинг ғамгин ҳикоясини келтирган эдик. Аммо у биз айтмоқчи бўлган мулоҳазаларнинг лейтмотиви эмасди. Бу фикрни у кишининг ўзлари ҳам «мен ўтган замондан ёки кимдандир маломат қилмайман», деган мазмунда айтиб ўтди. Бизнинг асосий ва қайта-қайта такрорламоқчи бўлган фикримиз шунда эдики, буюк ишларни фақат буюк қалб эгалари қила олади.
Айни ўйларимизни Президентимизнинг Хоразмга ташрифи давомида гурланлик ўқитувчи, Ўзбекистон Қаҳрамони Анор Маҳмудова образли тарзда жуда чиройли ифода этди: «Ўзбекистонимизнинг меҳр қуёши, Президентимиз бугун биз билан бирга».
Буюкларимиздан қолган бир гап бор: халқ ўз қаҳрамонларини танийди ва севади!
Ҳа, шундай!
Қудратилла РАФИҚОВ,
сиёсатшунос
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0