Валюта UZS
  • USD

    12 559.26-59.37

  • EUR

    14 413.01-103.46

  • RUB

    160.17-0.66

+20C

+20C

  • O'z
  • Ўз
Ўзбекистон
  • Сиёсат
  • Спорт
  • Жамият
  • Иқтисод
Хориж
  • Иқтисод
  • Сиёсат
Интервью
  • Маданият ва маърифат
Кутубхона
  • Адабиёт
  • Илмий ишлар
  • Мақолалар
  • Касаба фаоллари учун қўлланмалар
Бошқалар
  • Янги Ўзбекистон суратлари
  • Колумнистлар
  • Архив
  • Ўзбекистон журналистлари

Toshkent Shahar

+20c

  • Hozir

    +20 C

  • 06:00

    +20 C

  • 07:00

    +22 C

  • 08:00

    +24 C

  • 09:00

    +26 C

  • 10:00

    +29 C

  • 11:00

    +31 C

  • 12:00

    +33 C

  • 13:00

    +34 C

  • 14:00

    +35 C

  • 15:00

    +36 C

  • 16:00

    +36 C

  • 17:00

    +36 C

  • 18:00

    +36 C

  • 19:00

    +34 C

  • 20:00

    +31 C

  • 21:00

    +29 C

  • 22:00

    +28 C

  • 23:00

    +28 C

  • O'z
  • Ўз

Telefon raqamingizni kiritng

Tasdiqlash kodini SMS orqali yuboramiz

Кириш

Toshkent

Toshkent Shahar

Yakshanba, 22-June

+20C

  • Hozir

    +20 C

  • 06:00

    +20 C

  • 07:00

    +22 C

  • 08:00

    +24 C

  • 09:00

    +26 C

  • 10:00

    +29 C

  • 11:00

    +31 C

  • 12:00

    +33 C

  • 13:00

    +34 C

  • 14:00

    +35 C

  • 15:00

    +36 C

  • 16:00

    +36 C

  • 17:00

    +36 C

  • 18:00

    +36 C

  • 19:00

    +34 C

  • 20:00

    +31 C

  • 21:00

    +29 C

  • 22:00

    +28 C

  • 23:00

    +28 C

  • Yakshanba, 22

    +20 +20

  • Dushanba, 23

    +21 +20

  • Seshanba, 24

    +21 +20

  • Chorshanba, 25

    +23 +20

  • Payshanba, 26

    +22 +20

  • Juma, 27

    +19 +20

  • Shanba, 28

    +18 +20

  • Yakshanba, 29

    +19 +20

Hududlar

  • Toshkent Shahar
  • Andijon
  • Namangan
  • Sirdaryo
  • Surxandaryo
  • Qashqadaryo
  • Xorazm
  • Navoiy
  • Buxoro
  • Qoraqaplog’iston
  • Farg’ona
  • Toshkent vil.
  • Jizzax

Жин ўлган кун

Хайрият, ўша кун келди: у «ўлди»... Ҳамма хурсанд, ҳамма шод!
86 23:03 | 21.06.2025 23:03

Узоқ кутилган «АЗА»


Бу кунни кўпчилик орзиқиб кутди. Аммо, афсуски, салкам 30 йил интиқлик билан кутилган бу «аза»га етолмаганлар ҳам кў-ў-п бўлди. Ким билсин, эҳтимол, «жиннинг ўлими»ни кўриш насиб қилганида, кимлардир азбаройи хурсандлигидан «онасидан қолган тошойна»ни қидириб қолармиди? Ҳа, майли, тақдири азал, ўша машҳур қўшиқда айтилганидек, «Бу кунларга етганлар бор, етмаганлар бор». Етганлар эса... Улар ҳамма жойда бир-бирини «жиннинг ўлими» билан қутлаб, «Қойил, баракалла, бўларкан-ку!..» дейишяпти, шоду хуррамлик билан байрам қилишяпти. Чунки улар қадардаги «аза»ни узоқ кутишди.


«Кома»дан кейинги кескинлик


Жаҳон чемпионатига чиқишимизга бир баҳя қолган пайтлар ҳам бўлган. Бир сафар бир очко етмаган бўлса, бир гал битта гол камлик қилган. Бир сафар эса, япониялик ҳакамнинг «каромати» билан Ўзбекистон – Баҳрайн ўйини қайта ўтказилган, жин урсин...


Хуллас, ҳар сафар бизга нимадир (ё омад, ё ишонч, ё эътибор...) етишмаган.


Шундай даврлар ҳам бўлдики, ўзбек футболи узоқ вақт давом этган «сурункали ва оғир хасталик»дан сўнг «кома»га тушиб қолди ва зудлик билан «реанимация»га ётқизилди. Ўшанда касалликнинг хуруж қилишига (кимсан) фаластинликлар сабабчи бўлишганди. Улар ўз майдонида бизникиларни 2:0 ҳисобида «ютиб юборишганди».


Кейинчалик бу мағлубият бизга жудаям қимматга тушди. Гарчи Ўзбекистон ўз гуруҳида Фаластин, Сингапур ва Яманни ортда қолдириб, Саудия Арабистонидан кейин иккинчи ўринни эгаллаган бўлса-да (қўшимча кўрсаткичлар бўйича), ҳал қилувчи учинчи босқичга чиқолмаганди. Шундай қилиб, терма жамоамиз 2022 йили Қатарда ўтказилган жаҳон чемпионатига саралаш баҳсларини жуда эрта тугатганди. Ўшанда бу муваффақиятсизликдан футбол деса, «ўзини томдан ташлайдиган» мухлислар ич-этини еб, озиб-тўзиб кетишган бўлса, «жин жаноблари» суюнганидан қопдай семирганди.


Айнан ўша даврда Ўзбекистон терма жамоаси жаҳон чемпионатига қачон чиқиши ҳақидаги латифалар роса «болалади». «Бир йигит кутубхоначи қиздан сўрабди: – Менга «Ўзбекистон жаҳон чемпионатида» номли китоб керак. – Биласизми, «Фантастика бўлими» иккинчи қаватда жойлашган». Не тонгки, одамлар ўзлари тўқиган латифаларга ўзлари ишона бошладилар: «Биз мундиалга чиқолмаймиз, бу – фантастика, жин ҳам ҳеч қачон ўлмайди». Йўқ, жинни «гумдон қилса» бўларкан. Ўлдирганда ҳам, «бир амаллаб» эмас, аниқ-тиниқ кучлилик қилиб ва бутун дунёга достон бўлиб, «тинчитиш» мумкин экан.


Ҳа, кўрилган кескин чоралар туфайли «кома»дан кейин... Эктор Купер кетди, уйғониш ҳам, ўзгариш ҳам ўзгача кечди.


Ким қай даражада қаҳрамон?


Мундиалга чиқиш ўзбек футболининг бир неча авлоди вакилларига армон бўлиб қолди. Миржалол Қосимов, Максим Шацких, Сервер Жепаров, Одил Аҳмедов... Бу рўйхатни яна давом эттириш мумкин. Афсуски, уларнинг ҳеч бирига футбол билан хайрлашгунга қадар мундиал билан саломлашиш насиб этмади. Ва ниҳоят, саккизинчи уринишда жин «маҳв этилиб», орзулар ушалди. Футболчиларимиз миллат қаҳрамонларига айланишди ва улардан бири... У терма жамоамиз учун камида 5 очко олиб берди.


У (Ўзбекистон фойдасига 1:0 ҳисобида якунланган) икки ўйинда иккита пенальтини қайтариб, мухлислар меҳрини қозонган бўлса, рақиблар кўзига балодай кўринди. Чунки пенальти – фақат жарима тўпи эмас, руҳий дуэль ҳам. У ҳал қилувчи учрашувлардан бирида, яъни Бирлашган Араб Амирлиги терма жамоасига қарши кечган ўйинда ўз сейвлари билан дарвоза дахлсизлигини сақлаб қолди ва «жиннинг ўлими»га асосий сабабчилардан бири бўлди.


Унинг ҳар бир ўйиндаги сейвлари тўпни шунчаки қайтариш эмас, орзулар қаршисида қалққан армонга қарата «Тўхта!» деган хитоб эди. У пенальтиларни шунчаки қайтармади, у халқнинг умидини сақлаб қолди. Узоқ йиллар кутилган ғалабага эшик очган қаҳрамонлардан бири фақат дарвозани эмас, миллат ғурурини ҳам ҳимоя қилган йигит Ўткир Юсупов бўлади! Биласизми, бир вақтлар Ўткир уйидагиларга ёрдами тегиши учун бозорга чиқишга мажбур бўлган.


У қишда бозордаги сотувчилар киядиган оддий қўлқопни (қалинроқ бўлиши учун) иккитасини битта қилиб, машғулотларда қатнашган... Аслида, Ўткир ва шунингдек, миллий терма жамоанинг ҳар бир аъзоси босиб ўтган машаққатли йўл, сабр ва синовлар ҳақида қизиқарли китоб ёзиш мумкин. Шундай ҳам қилиш керак, кўпчиликка ибрат бўлади. Ислом Тўхтахўжаев яхши ҳимоячи, футболда ўрни бор. Лекин у «жинга қарши юриш»да иштирок этмади. Чунки собиқ мураббий Сречко Катанец уни таркибга киритмади.


Кападзе эса, қўшди. Шундай қилиб, «ўроқда йўқ, машоқда йўқ – хирмонда ҳозир бўлган» Тўхтахўжаев БАА бориб, майдонга тушмасдан «жиннинг ўлими»ни кузатди, холос. Бобур Абдухолиқов – моҳир ҳужумчи. У Тошкентда ўтказилган БААга қарши ўйинда пенальти ишлаб, 1:0 ҳисобида ютишимизга сабабчи бўлганди. Шимолий Корея дарвозасига киритилган ягона голга ҳам ҳисса қўшганди, яъни тўпни узатганди.


Тақдир «ҳазили»ни қарангки, Бобур охирги ўйинларга чақирилмади. Оқибатда эса, рўйхатда йўқлиги учун давлат мукофоти ва совғадан «четда қолди». Ажабланарли жойи йўқ, бу ҳаётда баъзан муносиблар ҳам эътибордан четда қолади. Лекин... Ислом Тўхтахўжаевга раҳмат, мардлик қилди. У ўзига топширилган машинани ҳақиқий эгаси – Бобурга берди. Бундан Бобур нечоғлиқ хурсанд бўлган, билмадим, аммо бу ҳаётда машинадан муҳимроқ нарсалар бор...


«Сизнинг эмас, бизнинг ҳам шараф!»


Биз Марказий Осиёда биринчи, МДҲ давлатлари орасида (Россия ва Украинадан кейин) учинчи бўлиб, мундиалга чиқдик. Бу – ҳайратланишга, ҳавас қилишга арзигулик натижа! Бу муваффақиятдан ҳамма хурсанд – ён қўшнилар ҳам, туркий дунё давлатлари ҳам! Узоқ ва яқиндаги қардошлар ўзбек футболининг оламшумул ютуғини ғурур билан эътироф этишмоқда.


Масалан, Туркиянинг етакчи спорт нашрларида эълон қилинган мақолаларда Ўзбекистон терма жамоасининг жаҳон чемпионатига чиқиши «қардошларга туҳфа», «туғишган халқнинг тарихий бурилиш нуқтаси», дея таърифланди. Туркия футбол федерацияси ЎФАга чин қалбдан чиққан туйғулар билан самимий табрик йўллади. Озарбайжонда ҳам бу хушхабар зўр кўтаринкилик билан қарши олинди. Жамоат телеканалларида тўлиқ таҳлиллар эфирга узатилиб, ўзбек футболи «ўзгаришлар ва ички тозаланиш натижаси» сифатида баҳоланди.


Қардошларимиз бизнинг ютуғимиздан: «Ўзбекистон терма жамоаси биз учун ҳам ғалаба келтирди – юракларимизни футбол билан қовуштирди»,дея хурсанд бўлишди. Қозоғистонлик журналист Арман Турлубек «Sports.kz»да эълон қилган мақоласида кўнгилдан тўлиб-тошди: «Бу жаҳон чемпионати фақат Ўзбекистон учун эмас. Бу – бутун туркий дунёнинг тўсиқлардан ўтиши. Оғир бўлса-да, илк қадам ташланди.


Ўзбекистон шу қадамни ташлади, биз бундан фахрланамиз!» Қирғизистондаги спорт телеканаллари ютуқли йўлимиз ҳақида махсус кўрсатувлар тайёрлашди. Твиттерда қирғиз журналисти шундай деб ёзди: «Ўзбеклар орзуни амалга оширишди. Биз уларни қўллаб-қувватлаймиз! Бу муваффақият фақат сизнинг эмас, бизнинг ҳам шарафимиз!». Хуллас, бундай самимий эътирофлар, бир мамлакат эмас, бир минтақанинг руҳи тикланган кун ҳақида кўплаб мисоллар келтириш мумкин.


Ҳа, ўзбек футболи дўстлик ва қардошлик ғурурини янада кучайтирди. Демак, футбол фақат спорт эмас, бирлик рамзи, ўзаро ҳурмат ифодаси ҳамдир! Ўша «жин ўлган кун»да кўрдик, турли хил «тўсиқлар»га қарамай, кам сиғимли стадионда дўстлар ҳам, қардошлар ҳам бор эди! Майдонда бирдамлик ҳукмрон эди!


Ҳали кўпларнинг «кетмони учади»


2025 йил 5 июнь.


Бу – фантастикадан реалликка, латифадан воқеликка айланган кун.


Бу – умидсизлик ботқоғида йиллар давомида «қарғиш» каби ёпишиб олган тушунчани, яъни «Ўзбекистон ҳеч қачон мундиалга чиқолмайди», деган қарашни қирқиб ташлаган шонли сана.


Асрлар ўтса-да, ўчмаяжак бу сана нафақат ўзбек футболи, балки Ўзбекистон тарихига босилган макромуҳр! Миллатнинг бундай дунёвий муҳрлари насиб бўлса, ҳали кўп бўлажак ва босилажак!


Ва ниҳоят, «жин ўлди»... Хўш, энди нима ўзгаради?.. Ишонинг, жуда кўп ўзгаришлар бўлади.


Масалан, жаҳон чемпионатида жонажон Ўзбекистонимизга жуда кўп давлатлар ишқибозлик қилишади. Шубҳа йўқки, Марказий Осиё ва туркий дунё халқлари биз билан, улар бизни қўллаб-қувватлашади. Бундан ташқари, деярли бутун дунё мамлакатларидан ўзбеклар ва ўзбекка дўстларнинг овози янграйди: «Олға, Ўзбекистон!». Мундиал арафасида ФИФА барча жамоалар таркиби ва гуруҳларни эълон қилади. Ана ўшанда дунёнинг турли бурчакларидан бизга қизиқиш янада ортади.


Ҳув Африканинг қайсидир мамлакатида оддий кулбада яшаётган ҳабашдан тортиб, Шимолий ва Жанубий Америкадаги бойлар ҳам, ковбойлар ҳам, Хитойдаги талабадан то Гватемаладаги радиошинавандагача бизни кузатишади. Улар «Ўзбекистон қандай давлат?», «Футболчилари кимлар экан?» каби саволларига жавоб топиш учун турли манбалардан маълумотлар излашади. Ишончимиз комилки, тўпланган маълумотлар натижасида кўпчиликда Ўзбекистонга бориш истаги ҳам пайдо бўлади.


Футбол орқали туризм, маданият, тил ва ҳатто ошхонамизгача ёритилади. Энди футбол фақат футбол эмас – мамлакат бренди ҳам! Агар футболчиларимиз мундиалда шов-шувли натижага эришса борми, бу «сенсация»дан сўнг кўпчилигининг «кетмони учади». Дунё тан олган кучли лигаларда турли ёшдаги ўзбек футболчиларига қизиқиш ортади, эътибор кучаяди.


Ярашиқли якун


Қуда томондаги тўйда яйраб ўтиролмайсан, ноқулай, барибир. Ўз тўйингда эса, маза қиласан, ҳамма нарса сеники: торт ҳам, тантана ҳам, муҳит ҳам. Шу маънода «жиннинг ўлими»ни биз меҳмонда зўр нишонлай олмагандик.


10 июнь куни, ўз уйимизда эса... Ўзбекистон – Қатар ўйинини кўриш учун пойтахтдаги «Бунёдкор» стадиони мухлислар билан тўлиб-тошди. Байрамона безатилган стадионда байрамона кайфият кузатилди. Ўйин бошланишидан олдин, танаффусда ва ўйиндан сўнг хурсандчилик куй-қўшиқларга уланиб кетди. Ўйин ҳам зўр бўлди.


Рақибларининг «тентагини чиқарган» футболчиларимиз 3:0 ҳисобида ғалаба қозонишди. Киритилган голларни айтмайсизми, бири биридан чиройли. Энг муҳими, иккинчи тайм аввалида давлатимиз раҳбари (бир гуруҳ юқори мартабали меҳмонлар билан) стадионга ташриф буюрди. Бу ҳақда эълон қилинганда, минг-минглаб томошабинлар Президентимиз ва меҳмонларни олқишлашди.


Дўстлар, бу оддий ташриф эмасди. Бу халқнинг орзусига давлат раҳбари ҳам шерик эканини, халқ билан ҳамиша якдил эканини англатувчи рамз эди. Бу ўйин шунчаки ўйин эмас, миллий ғурур ва миллат муштараклиги тантанаси эди. Аслида, ана шундай ғалабалар, ана шундай юксак руҳият юртбошимиз томонидан олиб борилаётган изчил ва халқчил сиёсат самарасидир. Спортни жонлантириш, ёшларга ишонч билдириш, миллий терма жамоани катта мусобақаларга тайёрлаш... буларнинг бари эътибор ва ғамхўрлик билан боғлиқ. Ўйин тугагач, ҳеч ким уйига ошиқмади.


Давлатимиз раҳбари миллат қаҳрамонларига фахрий унвон, орден ва медалларни топширди. Шунингдек, терма жамоа мутахассислари ва футболчиларга BYD автомобиллари совға қилинди. Бу нафaқaт рағбат, балки давлатнинг ўз фарзандларига бўлган юксак эътибори эди. Ҳа, байрам қилишга арзигулик хурсандчилик бўлди-да ўзиям.


Шодлик шукуҳи фақат стадионда эмас, кўчаларда, жамоат жойларида ҳам яққол сезилди. Бутун мамлакат байрам қилди. Чунки бу юртда ҳар бир ғалаба – умумхалқ муваффақияти!


Бор бўл, бирдамлик!


Жин «ўлгач», у билан боғлиқ латифа ҳам унутилади, албатта. Ҳай, майли, «марҳум»нинг ҳурмати учун уни охирги марта эсга олайлик.


«Жиндан сўрашибди:


– Фалон жамоа қачон жаҳон чемпиони бўлади?


– 50 йилдан кейин.


– Писмадон жамоа-чи?


– 100 йилдан кейин.


– Хўп, Ўзбекистон қачон жаҳон чемпионатига чиқади?


– Ўҳ-ҳў, ўша кунларни кўролмасдан ҳатто мен ҳам ўлиб кетар эканман. Менинг қанча яшашимни биласан-а, камида минг йил...»


Бу ҳаётда нималар бўлмайди? Нималар бўлиб кетмади ҳам! Жин ҳақидаги латифа энди янги маъно касб этади. Энди жиннинг тирилишига йўл қўймаслик, келажакда яна «кома»га тушиб қолмаслик керак.


Агар бугун жиндан «Мана, Ўзбекистон мундиалга чиқди, энди қачон чемпион бўлади?» деб сўралса, у саволга жавоб бермай, яхшиси, индамай, кўздан ғойиб бўлади. Чунки ҳар қандай жонзотга ҳам, маҳлуққа ҳам жон ширин ахир.


Жинни «ўлдириб», фантастикани реалликка айлантирган футболчиларимиз ҳар қанча олқишга лойиқ, офарин!


Улардан мундиалда фантастик ўйинлар кутиб қоламиз. Бунга ишонч бор.


Айтганча, ҳозир ҳам фантастик натижалардан бирига эришилган-ку! Яъни ўзаро бирдамлик, қардошлар жипслашуви кучайди.


Бу эса, кўп нарсани англатади...


Алвидо, омадсизлик!


Хайр, армонлар!


Салом, мундиал!


Салом, эй, таниш-нотаниш дунё!


Алижон АБДУРАҲМОНОВ


«ISHONCH»


Изоҳ қолдириш
Жўнатиш
Mақолага баҳо беринг
0/5

0

0

0

0

0

Mақолага баҳо беринг
0/5

0

0

0

0

0

Мавзуга оид