Уйи таъмирлаб берилган 73 ёшли онахон юртбошимизни дуо қилди
Маъмура ая Йўлдошева – шаҳримизнинг Юнусобод туманидаги Оқтепа маҳалласида яшайди. Тўрт ўғил ва бир қизни тарбиялаб вояга етказди. Ая ёшлигида бир воқеадан таъсирланиб, тили дудуқланиб қолади.
Кейинчалик беш фарзанднинг иккиси – бир қизи ва бир ўғли ҳам бу дарддан азият чекишди. Улар айни пайтда оилали ва фарзандлари бор, аммо ҳаётда ўз ўринларини топишлари қийин кечди. Маҳаллада кам таъминланган оила сифатида рўйхатда туради.
ishonch.uz яқинда Оқтепа маҳалласи вакиллари билан биргаликда онахон яшаётган хонадонда бўлиб, ҳукумат томонидан таъмирлаб берилган уйдаги шароит билан танишди.
– Бир куни уйимга Оқтепа маҳалла фуқаролар йиғинидан Фарангиз Толипова ва бошқалар келиб, мени “Аёллар дафтари”га киритишларини айтишди. “Нима муаммойингиз бор, саломатлигингиз қандай?” деб сўрашди.
Мен уйимизнинг шароити абгор аҳволдалигини, таъмирлашга маблағимиз йўқлигини, кўзларимга парда тушиб, яхши кўролмаётганимни айтдим. Оилада 10 жонмиз. Қизимнинг турмуш ўртоғи оламдан ўтган, унинг тўрт нафар фарзанди бор ва биз билан яшайди. Ўғлимда ҳам икки фарзанд бор. Аммо оилада фақат бир ўғлим ва қизим ишлайди. Уларнинг иккисининг ҳам имконияти чеклангани боис, катта даромадли ишларда ишлолмайди.
Аҳволимизни кўрган вакиллар уйимиз таъмирланиши, кўзларимни текширтиришим учун йўлланма берилишини айтишди. Шундан сўнг ҳаммаси бошланиб кетди. Аввалига чап кўзимдаги катаракта олиб ташланди. 2023 йилнинг ёзида эса “Халқ банки” томонидан хонадонимиз таъмирланиши учун 119 миллион сўм маблағ ажратилиб, ювиниш хонаси ва ошхонадан тортиб, қолган тўртта уйимиз ҳам таъмирланди. Эски поллар ва ромларимиз алмаштирилиб, иссиқ, қулай, шинам аҳволга келтирилди. Ҳукуматимизнинг мен каби меҳр ва эътиборга муҳтож инсонларга кўмак бераётганидан миннатдорман.
Маъмура ая биз билан суҳбатлашар экан, юртбошимиз, муҳтожларга кўмак бераётган ҳомийларни узоқ дуо қилди. Юртимизга тинчлик, элимиз дастурхонига тўкинчилик сўради.
Зебо НАМОЗОВА,
ishonch.uz
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0