Сайт тест режимида ишламокда
    Валюта UZS
  • USD

    12 707.9557.69

  • EUR

    14 099.47115.87

  • RUB

    140.95-1.01

+26C

+26C

  • O'z
  • Ўз
Ўзбекистон
  • Сиёсат
  • Спорт
  • Жамият
  • Иқтисод
Хориж
  • Иқтисод
  • Сиёсат
Интервью
  • Маданият ва маърифат
Кутубхона
  • Адабиёт
  • Илмий ишлар
  • Мақолалар
  • Касаба фаоллари учун қўлланмалар
Бошқалар
  • Янги Ўзбекистон суратлари
  • Колумнистлар
  • Архив
  • Ўзбекистон журналистлари

Toshkent Shahar

+26c

  • Hozir

    +26 C

  • 18:00

    +24 C

  • 19:00

    +23 C

  • 20:00

    +22 C

  • 21:00

    +20 C

  • 22:00

    +19 C

  • 23:00

    +19 C

  • O'z
  • Ўз

Telefon raqamingizni kiritng

Tasdiqlash kodini SMS orqali yuboramiz

Кириш

Toshkent

Toshkent Shahar

Juma, 06-September

+26C

  • Hozir

    +26 C

  • 18:00

    +24 C

  • 19:00

    +23 C

  • 20:00

    +22 C

  • 21:00

    +20 C

  • 22:00

    +19 C

  • 23:00

    +19 C

  • Juma, 06

    +26 +20

  • Shanba, 07

    +24 +20

  • Yakshanba, 08

    +26 +20

  • Dushanba, 09

    +24 +20

  • Seshanba, 10

    +26 +20

  • Chorshanba, 11

    +28 +20

  • Payshanba, 12

    +29 +20

  • Juma, 13

    +27 +20

Hududlar

  • Toshkent Shahar
  • Andijon
  • Namangan
  • Sirdaryo
  • Surxandaryo
  • Qashqadaryo
  • Xorazm
  • Navoiy
  • Buxoro
  • Qoraqaplog’iston
  • Farg’ona
  • Toshkent vil.
  • Jizzax

Дунё ҳақиқатлари ва ҳаёт сабоқлари

Орамизда шундай одамлар борки, улардан кўп нарсаларни ўргансак, ҳар томонлама ўрнак олсак, арзийди. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, Грециядаги Халқаро антик дунё академияси фахрий академиги, сиёсий фанлар номзоди, “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бирлашган касаба уюшма қўмитаси раиси ўринбосари Жумақул Қурбонов ҳам ана шундай табаррук инсонлардан бири. Унинг она юртини жонидан ортиқ севиши, тарихимизга ва миллий қадриятларимизга ҳурмати иш услубида ва асарларида яққол намоён бўлади.
Жамият
443 12:11 | 16.06.2024 12:11

Битикларидаги меҳр мезонлари киндик қони томган кенг чўллардек бепоён, тафти эса нурафшон қуёш янглиғ иссиқ эканлиги сезилиб туради.


Биз Жумақул ака билан инсонийлик, Ватанга муҳаббат, ота-онага эҳтиром, фарзандлар тарбиясига эътибор каби муҳим ва доимий мавзуларда суҳбатлашдик.


— Жумақул ака, аввало, аждодларингиз ҳақида тўхталиб ўтсангиз...
— Мен Муборак туманидаги Кўҳнашаҳар қишлоғида туғилганман. Отам Файзулла бобонинг умри меҳнат билан ўтган. Шу боис кексайганида ҳам бардамлигини йўқотмади. 87 ёшида оламдан ўтди. Энг муҳими, падари бузрукворимиз биз — фарзандларини ҳалолликка, тўғрисўзликка ўргатди, ҳеч қачон меҳнатдан қочмасликка ундади. Баъзан қаттиққўллик қилса-да, адолат чегарасидан четга чиқмади. Ўзи олий маълумотли бўлмагани учунми, бизнинг ўқишимиз учун жон куйдирди. Натижада акам, икки укам ва синглим —барчамиз олий маълумотли бўлдик, ҳаётда ўз ўрнимизни топдик.
Онам раҳматли Шарифа момо эса меҳрибон, юмшоқ кўнгил аёл эди. Кўплаб халқ оғзаки ижоди намуналарини ёддан биларди. Менинг адабиётга ихлос қўйишимда онамнинг хизматлари жуда катта.
Қурбон бобом зиёли киши саналарди. Қишлоқда обрўси баландлигидан ҳеч ким гапини икки қилолмасди. У киши ҳам талай эртак, ривоят ва достонларни биларди. Биз қишнинг узун тунларида сандал атрофида ўтириб олиб, еттинчи лампа ёруғида бобомнинг айтганларини берилиб тинглардик.
Ҳозир ҳам баъзан бирор асар ёзаётганимда бобомнинг ривоятлари эсимга тушади. Унинг салобатли, аммо майин овози қулоғим остида жаранглаётгандек туюлади...


— Туғилиб ўсган заминга, унинг қадриятлари ҳамда ўтмишига чуқур ҳурмат-эҳтиром сизнинг ҳар бир ҳаракатингиз ва сўзингиздан сезилиб туради. Муборак чўлларини, одамларга обиҳаёт улашган сардобаларини беҳад ардоқлайсиз. Бундай муҳаббат қалбингизда қандай шаклланган? Умуман олганда, ёзи 45-50 даража иссиқ бўладиган, ҳавосидан мудом олтингугурт ҳиди анқиб турадиган чўлни шунчалик мастона севиш мумкинми?
— Менинг ижодкор бўлишимда Муборакнинг чўл-биёбонлари, кенгликлари, қир-адирлари, кўклам фаслида қисқа муддат қип-қизил гиламдек тўшалиб ётадиган лолақизғалдоқлари муҳим ўрин тутган. Бу ҳудудда яшайдиган бағри кенг, содда, самимий инсонлар шу юрт кенгликларидан андаза олган бўлсалар, ажабмас.
Бизнинг қишлоғимиз Қашқадарёнинг қуйи оқимида жойлашган. Номи унинг ўрнида аллазамонлар шаҳар бўлганидан далолат беради. Кунботар томонида машҳур Занжирсарой қалъаси харобалари бор. Кунчиқар тарафида Абдуллахонга нисбат бериладиган, бироқ халқ орасида Бекча деб аталадиган Сардоба бўларди.
Болалигимда қўй боқар, Занжирсарой харобаларидаги ғиштларга боқиб, чуқур хаёлларга толардим. Уларнинг орасидаги чангда қолган меъмор-устанинг бармоқ излари хаёлимни узоқ ўтмишга етакларди. Қумга чўкиб бораётган улкан гумбаз устига тирмашиб чиқиб, олис-олисларга термулиб ўтиришни ётирардим. Кейинчалик “Қашқадарё ҳақиқати” газетаси таҳририятида ишлаётганимда “Тупроқ остидаги шаҳар” сарлавҳали катта мақолам чоп этилди. Бундан руҳланиб, Сардоба ва Занжирсаройга тааллуқли янада кўпроқ маълумотлар ва ривоятларни йиғишга киришдим. Ўша кезлар уларни фурсати келиб, бирор асаримда ишлатиш ҳақида ўйламагандим. Буни қарангки, орадан йиллар ўтиб, бу манбалар “Сардоба” романини ва “Амир Темур туғилган жой ёхуд Занжирсарой” қиссасини яратишимда жуда асқатди.


— Инсон умрини фаслларга қиёсласак, сиз қайси фаслда нималарга кўпроқ эътибор қаратиш лозим деб ҳисоблайсиз?
— Одамзоднинг умри, ҳаётдаги мақсадлари ҳақида истаганча гапириш мумкин. Бу ҳақда жуда кўп ёзилган ҳам. Аммо инсон умрини фаслларга қиёслаш ножоиз. Негаки, фасллар бир-бири билан узвий боғланган, қолаверса, улар яна қайтарилади. Инсон умри ҳақида эса бундай деб бўлмайди.


— “Ёшлар ўзгариб бораяпти” деган тушунча, унга доир ижобий ва салбий хулосалар ҳам мавжуд. Сиз бу масалада нима дейсиз?
— Ёшлар — келажагимиз. Хоҳлаймизми, йўқми, эстафета таёқчасини уларнинг қўлига топширишга мажбурмиз. Ана шу жараёнда навқирон авлоднинг шижоати ва кексаларнинг тажрибалари ўзаро уйғунлашса, айни муддао бўлади. Фақат бир ҳақиқатни асло унутмаслик керак: ёшлар тарбияси учун ҳар доим катталар масъулдир.


— “Вақт-ғанимат” дейишади. Ундан унумли фойдаланиш бўйича қарашларингиз ва тажрибаларингизни сўзлаб берсангиз...
— Хитой халқининг шундай бир мақоли бор: “Врачни сотиб олиш мумкин, лекин соғлиқни сотиб олиб бўлмайди. Уйни сотиб олиш мумкин, аммо унинг файзини сотиб бўлмайди. Мансабни сотиб олиш мумкин, бироқ обрў-эътиборни сотиб олиб бўлмайди. Соатни сотиб олиш мумкин, лекин вақтни сотиб олиб бўлмайди”.
Ишхонамдаги стол устида “Икки от” манзараси бор. Бири чопиб бораяпти, иккинчиси олд оёқларини баланд кўтариб, уни тўхтатишга уринаяпти, ораларида кичкина глобус. Китоблар жавони тепасида эса гижинглаган от, ўртасида соат, тугмачани боссангиз, отнинг дукур-дукури эшитилади.
Кўнглимга яқин киши хонамга кирса, сўрайман: ”Мана булардан фалсафий хулоса чиқаринг-чи”. Ҳар хил қарашларни тинглайман. Қониқарли жавоб эшитмасам, ўзим изоҳ бераман: “Манави чопиб бораётган от инсон тимсоли, ўртадаги глобус бу — олам. Инсон дунёнинг поёнига етиш учун елиб-югуряпти. Лекин иккинчи инсон, яъни, донишманд уни тўхтатмоқчи бўлаяпти. Гўёки “Кўп ҳовлиқма, барибир, дунёнинг поёнига етолмайсан. Яхшиси, тепага қара, вақтнинг ва умрнинг қадрига ет!” деяётгандек.
Вақтни борлигида енгишинг мумкин, йўқлигида у сени енгади. Яқинда бир китобда ўқиб қолдим. “Вақтинг борида, у шу қадар қадрсизки, ҳатто бир чақага олмайсан, аммо вақтинг ниҳоясига етиб келгач, шу қадар қимматбаҳо бўлиб кетадики, яна бир кун яшаш учун, бутун умр йиққан бойлигингни беришга шай турасан. Аммо шунда вақт сенинг бутун умр йиққан бойлигингни бир чақага олмайди”. Нақадар доно гап!


— Инсондаги бирор салбий фазилат, масалан, ёлғончилик, безорилик, шўхлик, такаббурлик фарзандида ҳам намоён бўлса, уни бартараф этиш мумкинми? Ёки қон билан кирган жон билан чиқадими?
— Қуш боласи уясида кўрганини қилади. Баъзан “Ўғридан ўғри, тўғридан тўғри” ҳам дейишади. Инсон дунёга нима учун келади? Умр мазмуни нимадан иборат? Лев Толстой ҳаётининг охирида ёзган “Иқрорнома” асари бу ҳақда батафсил ёзилган. Айтишади-ку, “Фарзандда бўлмаса ота нишони, демак, унда бордур ўзгалар қони”. Оилада фарзанд, айниқса, ўғил бола отага тақлид қилади.
“Бола бошидан...” деб бежиз айтишмаган. Навоий бобомиз уқтирганидек,


Агар ғиштни қийшиқ қўйса гар меъмор,
Юлдузга етса ҳам қийшуқдир девор.


Бир куни Халифа Маъмун одоб билан сўзлаётган бир боладан кимнинг ўғли эканлигини сўрабди. Бола “Одобнинг ўғлиман” дея жавоб берибди. Маъмун “Қандай чиройли отанг бор экан”, деб унга таҳсинлар ўқибди.


Абул Барокот Қодирий тарбия таъсир қиладиган кишиларни уч тоифага бўлади. Дастлабкиси — ҳануз оқ билан қорани танимаган бола. Унинг табиати ҳали ёмонлик ғубори билан булғанмаган, юраги эса ботил ишлар зулмати билан қопланмаган бўлади. Бундай болага насиҳат тез таъсир қилади. Уни осонлик билан тўғри йўлга солиш мумкин. Иккинчиси — оқ билан қорани ажратадиган бўлган болалар. Уларнинг баъзилари ўз нафсининг ғалабаси билан яхшилик томонга бурила олмай юрган бўлади. Қилаётган иши ёмонлигини билади. Нуқсонларини эътироф этади. Уни тарбиялаш биринчисига нисбатан қийинроқ, аммо доимий тарбия, жўяли насиҳатлар ва танбеҳлар бериб борилса, албатта, яхши йўлга киради. Учинчиси — оилада ботил ҳаёт ва фосиқ фикрлар билан ўсиб улғайган киши. У умр бўйи ноҳақ ишларни ҳақ деб билиб келган ва шунга астойдил эътиқод қўйган бўлади. Ёмонлик қилса ҳам уни ўзича яхшилик деб ўйлайди. Бундай кишини тарбиялаш жуда оғир, яъни тирноқ билан қудуқ қазиш ёки ҳали қизиб чўққа айланмаган темирни болғалаш билан баробар.
Донолар одамнинг яхши ёки ёмон хулқли бўлишни оилага боғлайдилар. Айтишларича, бузуқ хотиндан туғилган ва разил ота қўлида тарбияланган фарзанддан яхшилик кутиш қийин. Чиройли хулқ эса офтобга ўхшайди. Офтоб музни эритгани ёки сув тузни эритиб юборгани каби чиройли хулқ ҳам барча ёмонликларни йўқотиб юборади.


— Оилада тарбиявий муҳит яратишда қандай таомилларга риоя қиласиз?
— Тартиб-интизомнинг энг зўр мактаби — оила. Оила ҳаётининг бош муддаоси ва мақсади болалар тарбиясидир. Унинг бош мактаби эса эр-хотин, ота-онанинг ўзаро муносабатидир. Менимча, оилавий тартиботнинг ташқи кўриниши ўзбошимчалик билан иш тутиш ҳам, ғазаб, бақир-чақир, илтижо, ялиниб-ёлворишлар ҳам эмас, балки осойишталик, жиддийлик ва ишбилармонлик билан қилинган фармойишдан иборат бўлиши керак. Бундай фармойиш бериш ҳуқуқи оила аъзоларининг ёши улуғ вакили сифатида айни ота-онага берилганига ўзингизда ҳам, болаларингизда ҳам ҳеч бир шубҳа қолмаслиги керак. Чунки инсон табиатига болаликда сингдирилган фазилатларгина мустаҳкам ва ишончли асос бўлади.
Мен оиладаги тарбиявий муҳитда юқоридаги принципларга амал қиламан. Халқимиз бахт-саодатини, Ватанимиз келажагини болаларни тўғри тарбиялашга боғлиқ деб ҳисоблайман. Зеро, оила табиатнинг шоҳ асарларидан биридир. Оилавий ҳаётда пайдо бўладиган майда-чуйда кемтикларни фақат кучли муҳаббатгина текислаб юбориши мумкин. Агар хонадонда тотувлик ва ҳаловат бўлмаса, у бахтсизлик юз тутади. Оиласидаги муаммоларга бефарқ бўлган киши қиморда ўз ҳаётини бой берган нодонга ўхшайди. Ота-она фарзанди учун икки ҳолатда — ўз кучи билан билим олиши ва мустақил фикрлаши учун тўлиқ шароит яратиб бериши керак:


— Қалбингизни тўлқинлантирган бирор воқеани ёдга олсангиз...
— Ўтган асрнинг саксонинчи йиллари эди. Бир дўстимнинг отаси уйга кириб келди. Айтишича, ўғли бир кўзи кўр қизга уйланмоқчи экан. Ота “Туппа-тузук, тўрт мучаси соғ қизлар турганда унинг нимасига қизиқяпти?”, дея жиғибийрон бўларди. Унинг сўзларидан аён бўлдики, ўзи ҳам, хотини ҳам ўғлининг ўша қизга уйланишига қарши. Бироқ ўғли икки оёғини бир этикка тиқиб олганча, “Ўламан саттор, шундан бошқасига уйланмайман”, деяётган эмиш. Ота бечора “Чиқмаган жондан умид” қабилида иш тутиб, ҳеч бўлмаса, дўстининг гапига кирар, деган умидда менинг олдимга келибди. “Жўрангни кўндириб бер. Эл олдида юзимни шувут қилмасин”, деди бечора мўлтираб. Унга ўғли, яъни, дўстим билан гаплашишга ваъда бердим.
Ўртоғимни учратганимда унинг озроққина кайфи ҳам бор экан.
— Оғайни, ўзим ҳам сен билан гаплашмоқчи бўлиб юргандим, келганинг яхши бўлди, — деди-да, сўрамасам ҳам нега бундай қарорга келгани сабабини айта бошлади. Аён бўлишича, у болалигида шаҳардаги бир қариндошиникига борганида тош отиб ўйнаб, тасодифан бир қизчани ногирон қилиб қўяди. Лекин қўрққанидан ҳеч кимга билдирмайди. Орадан йиллар ўтиб бўлган воқеани унутиб ҳам юборади. Яқинда машинасига ўтирган бир ногирон йўловчи ўша қиз эканлигини билгач, унга уйланиб, айбини ювишга жазм этади.


Воқеанинг асл моҳияти билан танишгач, гарчи отасига ваъда берган бўлсам-да, дўстимни бу олижаноб аҳдидан қайтармасликка қарор қилдим. У айтиб берган воқеадан анчагача таъсирланиб юрдим. Сўнгра шу воқеа асос қилиб олинган “Қоракўз” номли ҳикоям дунёга келди. Кўп ўтмай чоп этилган ҳикоялар тўпламимга ҳам шундай ном қўйдим.


— Ношукурлик ва шукроналик. Бу икки сўз замирида инсон ҳаётининг асл мазмуни, эртаси ва келажаги намоён бўлиши мумкинми?
— Дунёда ҳеч ким ёмон яшашни хоҳламайди. Эътибор қилсак, кўпчилик фақат фаровон ҳаёт кечиришни истайди-ю, аммо яхши яшаш тушунчасининг чегараси йўқлиги ҳақида бош қотирмайди. Инсон зоти бир нималик бўлса, яна бошқа нарсаларга ҳам эришсам, деяверади. Катта бойликлар эса катта истакларни келтириб чиқаради. Аслида иймоннинг ярми сабр бўлса, ярми шукр қилмоқдир.


— Сиз ўта самимий ва бошқаларга меҳрибон кишисиз. Ҳар қандай одамнинг руҳини кўтариб, қўлингиздан келган ёрдамни аямайсиз. Энди, очиғини айтинг-чи, гоҳида жаҳлингиз чиққан, фарзандларингизни қаттиқ койиган пайтларингиз ҳам бўлганми?
— Отанинг қаттиққўллиги ажойиб дори, аччиғидан кўра, ширини кўпроқ. Ҳаётим давомида бир нарсага амин бўлдимки, ота-оналар томонидан барча инжиқликларига қулоқ солиб, эрка-тантиқ қилиб ўстирилган болалар худбин ва иродасиз кишилар бўлиб етишадилар.
Мен фарзандларимни ҳеч қачон арзимаган айблари учун қаттиқ жазоламаганман. Негаки, бу уларнинг ишонч ва ҳурматдан маҳрум бўлиши, демакдир. Албатта, ортиқча қаттиққўллик ва ҳаддан зиёд шафқатсизлик деган тушунчалар ҳам бор. Уларнинг ҳар иккаласидан ҳам бирдек қочиш лозим. Болани қобилияти тортмаган нарсага мажбурламаслик керак. У ўзини севган одамни яхши кўради. Фарзандни фақат севиб тарбиялаш мумкин. Буюк файласуф Пифагорнинг ушбу сўзларини эсланг: “Қабрингиз устида йиғлай олишлари учун фарзандингизнинг кўз ёшини тўкманг”.
— Устоз сифатида ёшларимизга ота-онани қадрлаш ҳақида нималар деган бўлардингиз?
— Ота-онани қадрлаш, уларга нисбатан ҳурмат ва муҳаббат муқаддас туйғу, барча яхши фазилатларнинг асосидир. Ҳазрат Навоийнинг мана бу мисраларни эсланг:


Бошни фидо айла ато қошиға,
Жисмни қил садқа ано бошиға.


Ота-онангиз билан қандай муомалада бўлсангиз, болаларингиз ҳам улғайгач, сизга шундай муносабатда бўлади. Азалий кўрнамаклик бу ота-онани қадрламасликдир.


Ота-она беҳад бўлади хурсанд,
Фарзанди бўлолса муносиб фарзанд.


Ҳақиқий фарзанд ҳар бир соҳада ўз отаси ҳукмига тобе бўлади. Китобларда баён қилинишича, ота-онанинг фарзандга нисбатан саксонта ҳақи бор. Уларнинг қирқтаси тириклик вақтида, қолган қирқтаси ўлгандан кейин амалга оширилади. Тириклик чоғидаги қирқта ҳақнинг ўнтаси вужудга, ўнтаси тилга, ўнтаси дилга ва ўнтаси молга тааллуқлидир.


Танга тааллуқли ҳақлар ота-онага сидқидилдан хизмат қилишдир. Бу шундайки, ота-онага ҳамма вақт ҳурмат кўзи билан қаралади, тақиқлаган ишлари қилинмайди, уларнинг маслаҳати ва розилигисиз бирор ишга қўл урилмайди. Яна улар сен ўтирган жойда ҳозир бўлишса, дарҳол ўрнингдан туриб кутиб оласан. Ўтирган бўлсалар, оёқда тик турасан, рухсат беришсагина ўтирасан. Улар ўтирадиган ўринга ўтирма, йўлда бирга кетаётганда олдиларига ўтиб олма. Тупроқли, лойли, сувли ёки умуман хавфли жой келгандагина олдинга ўтишинг мумкин. Уларнинг олдида очиқ чеҳра билан ўтир. Қовоғингни солма, хўмрайма, чақирганларида югуриб бор.
Тилга доир ўнта ҳақ ота-онага нисбатан мулойим муомалада ва доимо тавозеда бўлишни, уларга баланд овозда гапирмасликни, исмларини айтиб чақирмасликни, кўп сўзламаслик ва қўполлик қилмасликни, гапираётганларида сўзларини бўлмасликни, айтганларини рад этмасликни, “Фалон ишни қил”, десалар, “Йўқ!” демасликни, гапларига жавобан “оҳ-уҳ!” деб хитоб қилмасликни ва бошқа тартиб-қоидаларни қамраб олади.
Дилга дахлдор ўнта нарса эса ота-онага раҳм-шафқат билан қараш, доимо қўлдан келганича яхшилик қилиш, ўз шодлигини улар билан бирга баҳам кўриш, улар ғам-ташвиш чексалар, дардларига малҳам бўлиш йўлларини қидириш, ортиқча гапирсалар ҳам малол олмаслик, танбеҳ берсалар, хафа бўлиш ўрнига хурсанд бўлиш, уларга ҳар қанча яхшилик қилиш ва ҳақларини адо этишдан қатъи назар, диллари заррача озор чекишидан ор қилиш, ниятларига етишлари учун кўмаклашиш, қанча узоқ умр кўрсалар, шунчалик қувониш, дард чексалар, кўнгиларини кўтаришдан иборатдир.


Ҳадисда қайд этилишича, ота-онага итоат Аллоҳга итоат қилишдир. Ҳар бир саодатли ва азиз фарзанд ота-она кайфиятини розилик белгиси билан хандон қилади, ота-она хурсандлигини ўзига келадиган яхшиликларнинг дебочаси деб билади.


“ISHONCH” мухбири
Акмал АБДИЕВ
суҳбатлашди


Изоҳ қолдириш
Жўнатиш
Mақолага баҳо беринг
0/5

0

0

0

0

0

Mақолага баҳо беринг
0/5

0

0

0

0

0

Мавзуга оид

Жамият
Жамият
ЧИЛЛА НИМА?
0 1945 16:57 | 05.08.2023