Қишнинг охирги куни 13 мартми?
Халқимиз орасида “Тўқсон, бир кунимча йўқсан!” дея аямажуз тилидан айтилган мақол бор. Аямажуз эса аслида арабча “айём” ва “ажуз” сўзларининг ўзаро қўшилиши (“айёми ажуз”)дан ҳосил бўлган. Ўзбекчага ўгирсак, “кампир кунлари” дегани бўлади.
Унинг ўзига хос келиб чиқиш тарихи бор: Марказий Осиё халқлари азалдан қишни уч ой ҳисоблаганлар ва “тўқсон” деб атаганлар. Тўқсон ҳозирги тақвим бўйича 13 декабрдан 13 мартгача бўлган даврни қамраб олади. Охирги олти кунида, айрим йилларни истисно қилганда, қаттиқ совуқ бўлиб, ер музлайди. Ана шу муддатга “аямажуз” дейилади. Унинг бундай номланиши турлича талқин этилади.
Ривоятларга қараганда, Қуръони Каримнинг Ал-ҳааққа сураси олтинчи-еттинчи оятларида тилга олинган даҳшатли воқеа айни паллаларда рўй берган. Оллоҳ таоло қиёмат куни муқаррарлигига шак келтирган Од қавми устига пайдар-пай етти кеча-ю саккиз кунлик қутурган бўронни ҳоким қилиб қўйган. Оқибатда қавм аҳли кучли совуқ шамол гирдоблари ичра қирилиб битган. Фақатгина битта кампир тирик қолиб, ҳалок бўлганлар шаънига марсиялар айтиб йиғлаган. Бошқа фаразга кўра, бир кекса аёл қиш адоғида ҳаво исиб кетгач, иссиқ кийимларини ечиб ташлаган. Аммо тўсатдан тушган аёз асоратидан вафот этган. Учинчи тахминга мувофиқ эса ушбу давр қишнинг охири бўлганлиги учун ёшини яшаган, ошини ошаган кекса момоларга қиёсланган ва рамзий маънода “кампир кунлари” деб юритилган.
Абу Райҳон Берунийнинг уқтиришича, аямажуз кетма-кет келувчи етти кундан иборат бўлиб, февралнинг йигирма олтинчи санасидан бошланади.
Аллома ўзининг “Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар” асарида бу ҳақда шундай деб ёзади:
“Йил кабисали бўлса, тўрт куни шубот (феврал)дан, уч куни озор (март) ойидан бўлади. (Йил) кабисали бўлмаса, уч куни шуботдан, тўрт куни озордан (бўлади)...”
Ота-боболаримиздан мерос қолган “Аямажуз олти кун, қаҳр айласа, қаттиқ кун”, “Аямажуз олти кун, олти ой қишдан қаттиқ кун”, “Ахмон-дахмон олти кун, қаҳрига олса, қаттиқ кун”, “Ахмон музи дахмондай бўлса ҳам қўрқма, кузнинг музи кўзгудай бўлса ҳам қўрқ”, “Ажум момо олти кун, сакангласа — саккиз кун, тўқангласа — тўққиз кун”, “Ёзнинг пашшасидан эҳтиёт қил, қишнинг шашаси (олти куни)дан” сингари бир-бирига ҳамоҳанг нақлларнинг барчаси ана шу муносабат билан яратилган.
Абдунаби ҲАЙДАРОВ тайёрлади.
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0