Сунъий интеллект орқали маълумотларни қайта ишлаш ва тарқатиш жавобгарликка сабаб бўлади – лойиҳа
Парламент Қуйи палатасида сунъий интеллектни қўллаш орқали юзага келадиган муносабатларни тартибга солишга қаратилган қонун лойиҳасини муҳокама қилинди.
Қайд этилишича, қонунчиликка сунъий интеллект технологияларидан фойдаланишнинг умумий асосларига оид қўшимча ва ўзгартиришлар киритилмоқда.
Хусусан, “Сунъий интеллект” тушунчасига таъриф берилиши билан бирга, соҳасида давлат сиёсатининг асосий йўналишлари ҳамда махсус ваколатли органнинг вазифалари, ахборот ресурсларини яратишда ҳамда ахборот тизимлари ишида сунъий интеллектдан фойдаланишнинг умумий қоидалари белгиланяпти.
Шу билан бирга, лойиҳада сунъий интеллект технологияларидан фойдаланган ҳолда яратилган ахборот ресурсларига маркировка қўйиш талаби назарда тутилмоқда. Шунингдек, сунъий интеллектдан фойдаланиб яратилган ахборот ресурслари ва сунъий интеллект технологиялари асосида ишлайдиган ахборот тизимлари инсон, унинг ҳаёти, соғлиғи, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа ажралмас ҳуқуқларини бузмаслигига оид талабни киритиш кўзда тутиляпти.
Бундан ташқари, инсоннинг ҳуқуқ ва эркинлигига алоқадор қарорларни қабул қилишда фақатгина сунъий интеллектдан фойдаланиб яратилган ахборот ресурслари ва сунъий интеллект технологиялари асосида ишлайдиган ахборот тизимлари хулосасига таянилмаслиги ҳам ўз аксини топмоқда.
Қонун лойиҳасида сунъий интеллект технологияларидан фойдаланган ҳолда шахсга доир маълумотларга қонунга хилоф равишда ишлов бериш ва уни ОАВ ҳамда Интернетда тарқатганлик учун жавобгарлик белгиланмоқда.
Таъкидланишича, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши сунъий интеллектдан фойдаланишни янада ривожлантириш, турли соҳаларга жорий этиш учун шарт-шароитлар яратиш, уни қўллаш орқали юзага келадиган муносабатларни ҳуқуқий тартибга солиш, сунъий интеллектдан фойдаланган ҳолда шахсга доир маълумотларга қонунга хилоф равишда ишлов бериш ва тарқатишнинг олдини олишга хизмат қилади.
Мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди.
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0