Онлайн саёҳат: Ўсмат ота зиёратгоҳи ҳақида эшитганмисиз?
Жиззах вилоятининг Бахмал тумани фақатгина ширин-шакар мевалари, гўзал табиати ва тоғлари билангина машҳур эмас. Бу ўлка азиз авлиёлар макон топган мақбаралари ва муқаддас қадамжолари билан ҳам танилган. Қорли чўққилари олислардан ҳам кўзга ташланиб турувчи манзарага мафтун бўлиб, туманга кириб келар экансиз, сизни тоғлар бағридаги, ҳавоси мусаффо ва тарихий хотираларга бой ҳудуд — Ўсмат шаҳарчаси кутиб олади. Ўсмат ота зиёратгоҳи ундаги табаррук маскан бўлиб, бутун юртимиз зиёратчиларини ўзига жалб этиб келаётир.
Ўсмат ота ким бўлган?
Ўсмат ота ҳақида тарихий манбаларда аниқ маълумотлар кам. Халқ орасида у Аллоҳ йўлида юрган, зоҳид, зиёли ва кароматли кишилардан бири сифатида тан олинади. Ҳаёти яхшилик ва адолатга даъват, илм-маърифатга бўлган муҳаббат билан тўла бўлгани айтилади.
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори ўринбосари Отабек Муҳаммадиевнинг таъкидлашича, Ўсмат ота зиёратгоҳининг пайдо бўлиши шу ҳудуддан етишиб чиққан ўз даврининг машҳур муҳаддиси, фиқҳ олими ва мутакаллими Муҳаммад ибн Абдулҳамид Усмандий Самарқандий номи билан боғлиқ. Манбаларда у зот 1095 йили Самарқанд қишлоқларидан бири – Усмандда туғилиб, 1157 йили 64 ёшида шу ерда вафот этгани айтилади. “Усманд” атамаси вақт ўтиши билан товуш ўзгариши натижасида “Усмат”га, кейинчалик эса “Ўсмат”га айланган.
Усмандий илм аҳли орасида кечадиган баҳс-мунозараларда чуқур билими, беназир иқтидори ва фавқулодда салоҳияти билан ажралиб турган. Шунинг учун ҳам илм аҳли орасида “Оламнинг устуни”, “Диннинг устуни” каби юксак унвонлар билан машҳур бўлган. Аллома қолдирган улкан илмий-маънавий мероснинг ҳаммаси араб тилида ёзилган. Манбаларда аллома ҳаёти давомида исломнинг калом, мунозара илми, тафсир ва усули фиқҳ соҳаларига оид ўн учта ноёб асар ёзгани қайд этилган. Бизгача олтита асари етиб келган бўлиб, нусхалари жаҳон кўлёзма фондларида сақланмоқда.
Алломанинг мотуридия калом мактаби қарашларини ўзида акс эттирган “Лубоб ул-калом” номли шоҳ асарининг иккита кўлёзма нусхаси сақланиб қолган. Улардан бири Истанбулдаги Сулаймония кутубхонасининг Қора Чалабийзода бўлимида сақланади. Бу асарнинг энг қадимий нусхаси бўлиб, у араб ҳарфлари билан нуқталарсиз, настаълиқ хатида ёзилган, Али ибн Нажмуддин исмли хаттот томонидан 1303 йилда – аллома вафотидан қарийб бир ярим аср кейин кўчирилган. У туркиялик олим доктор Муҳаммад Саид Узерварли томонидан тадқиқ этилиб, 2005 ва 2019 йилларда нашр этилди.
Асарнинг иккинчи қўлёзма нусхаси эса Сулаймония кутубхонасининг Шаҳид Али Пошо бўлимида сақланади. У хаттот Юсуф ибн Байрамбек ибн Исмоил ибн Исо томонидан 1412 йили настаълиқ хатида кўчирилган.
Ҳанафия мазҳаби мотуридия эътиқодига асосланган мазкур асар муқаддимасида муаллиф уни ёзишдан мақсад эътиқодни соғломлаштириш ва тузатиш эканини уқтириб ўтади. Кўплаб бўлимлардан иборат “Лубоб ул-калом”да, энг аввало, илм турлари, инсон ҳаёти ва жамиятдаги ўрни ҳақида қимматли фикрлар билдирилади, тўғри маълумотларга эга бўлиш учун оламни билиш керак, дейилади. Бунда беш сезги аъзоси, ишончли хабарлар берувчи манбалар (Қуръони карим ва ҳадиси шарифлар) ҳамда инсоннинг ақл-идроки ва салоҳияти муҳим аҳамият касб этиши алоҳида таъкидланади.
“Лубоб ул-калом” асари Имом Мотуридийнинг “Тавҳид” ва “Таъвилот ул-Қуръон”, Абу Муин Насафийнинг “Табсират ул-адилла” асарларида ўз аксини топган аҳли сунна вал жамоа ақидасини кенг тарғиб этишда ўзига хос манбадир. Уларда илгари сурилган мавзулар “Лубоб ал-калом”да ҳам ўз ифодасини топгани фикримиз далилидир. Зеро, бу асар, муаллиф айтганидек, эътиқодини тузатишни бошловчи кишилар учун ҳидоят манбаи бўлсин, деган мақсадда ёзилган.
Усмандийнинг “Лубоб ул-калом” асари ҳозирги ғоялар кураши авж олган бир даврда ёшларимизга муқаддас динимизнинг асл мазмун-моҳиятини тушунтириш, уларда мафкуравий иммунитет ҳосил қилиш учун муҳим манба ҳисобланади. Айниқса, ботил даъволарни илгари сураётган оқимларга қарши ғоявий зарба беришда қўл келадиган омиллардан бири бўлиб хизмат қилади.
Зиёрат анъаналари ва маросимлар
Тоғлар этагида жойлашган зиёратгоҳ ҳудудининг табиий гўзаллиги билан ажралиб туради: тошли дарёлари, ям-яшил боғлари, сувлари шивирлаб оқувчи сойлари ва сояли дарахтзорлари зиёратчиларга руҳий ором бағишлайди. Майдони 0,42 гектар.
Ҳар йили баҳор ва ёз фаслларида минглаб юртдошларимиз бу ерга келиб, нафақат руҳий покланиш, балки табиат билан уйғунлашган ҳолда дам олиш имкониятига ҳам эга бўлишади.
Зиёратчилар одатда қабр бошида дуо ўқиб, савобни у зотга бағишлашади. Айрим кунларда жамоавий дуо ва хайрия тадбирлари уюштирилади. Бу ерда қурбонлик қилиш, эҳсон тарқатиш ва турли диний маросимлар ўтказиш анъанага айланган.
Баъзи одамлар бу ерда қилган дуолари ижобат бўлганини айтиб, қайта-қайта зиёратга келишади. Шу сабабли Ўсмат ота зиёратгоҳи халқ орасида «Ниязлар, яъни ниятлар ижобат бўладиган жой» сифатида танилган.
Маданий ва маърифий аҳамияти
Ўсмат ота зиёратгоҳи нафақат диний, балки маданий ва маънавий аҳамиятга ҳам эга. Унда ўтказиладиган маънавий тадбирлар ёш авлодга тарихий хотира ва илм-маърифат руҳини сингдиришда муҳим ўрин тутади.
Кейинги йилларда зиёратгоҳ атрофи анча ободонлаштирилиб, мактаб ўқувчиларининг жамоа бўлиб келишлари ҳам кўпайди. Натижада бу маскан таълим-тарбия марказига айланиб бормоқда. Ёшлар ушбу муқаддас масканга келиб, ўтмиш ва маънавий меросимиз, Ўсмат ота юксак илм соҳиби ва улуғ мутаккаллим зот бўлгани ҳақида билиб олишмоқда.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Ўсмат ота зиёратгоҳи халқнинг юрагидан жой олган, тарих, маънавият ва табиат уйғунлашган муқаддас маскандир. У ерга сафар қилган инсоннинг руҳияти покланиб, хотиржамлик ва самимиятни ҳис қилади.
Зебо НАМОЗОВА
Ishonch.uz
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0