Заковат: "Ўзтелеком"нинг Наманган вилояти "Ёш кучи"и ғолиб
Ўзбекистон касаба уюшмалари ҳаракатининг 120 йиллик юбилейи арафасида мамлакатимиз бўйлаб ўтказилаётган Касаба уюшмалари ҳафталиги доирасида турли йўналишлардаги маънавий-маърифий тадбирлар алоҳида аҳамият касб этмоқда. Ана шундай тадбирлардан бири – “Заковат” интеллектуал ўйини Ахборот технологиялари ва оммавий коммуникация ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши ташаббуси билан Наманган вилоятида ташкил этилди.
– Республика кенгашимиз ёшлардаги билимга бўлган интилиш ва изланишни доимо қўллаб-қувватлаб келади. Чунки айнан бизнинг соҳамизда замонавий илмларни ўзлаштирган, ўз касбининг ҳақиқий усталари фаолият юритади. Мамлакат келажаги – ана шундай билимли ва умидли ёшлар қўлида, –дейди Ахборот технологиялари ва оммавий коммуникация ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши раиси ўринбосари Мирзоҳид Содиқов.
Беллашувда соҳадаги иқтидорли ва фаол ёшлардан иборат 8 та жамоа иштирок этиб, мантиқий фикрлаш, тезкор хулоса чиқариш ҳамда жамоавий ишлаш кўникмаларида ўз салоҳиятларини намоён этишди. Интеллектуал ўйин иштирокчиларнинг билим даражаси ва изланувчанлигини баҳолашга қаратилган 20 та қизиқарли ва мураккаб саволни қамраб олди.
“Ўзбектелеком” АК Наманган вилоят филиали қошидаги “Ёш куч” жамоаси саволларга аниқ ва ўз вақтида жавоб бериш орқали беллашувнинг мутлоқ ғолиби сифатида эътироф этилди.
– Баҳс жараёнида биз янада кўпроқ ўқишимиз, изланишимиз кераклигини тушуниб етдик. Илм чўққиларини забт этиш учун доим ҳаракатда бўлиш зарур. Энг катта ютуғимиз – айнан ана шу ҳақиқатни чуқур ҳис қилганимиздир, –дейдиғолиб жамоа сардори Илҳомжон Маҳкамов.
Бу каби тадбирлар касбий соҳалардаги ёш мутахассисларни руҳлантириш, уларнинг интеллектуал салоҳиятини юксалтириш ва тармоқ доирасида янгидан-янги ташаббуслар учун мустаҳкам замин яратишда муҳим ўрин тутади.
Анваржон Ҳалимов
ishonch.uz
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0